17:45 / 17.01.2023
27880

Филиппин 90-йиллардаги электр энергияси инқирозидан қандай чиқиб кета олди?

1990-йиллар сўнгига келиб, Филиппиннинг электр энергетикаси тизими молиявий жиҳатдан заиф ҳолатга келиб қолган эди. Бу инқироздан чиқиб кетиш йўлини қидириб, мамлакат 2001 йилда жиддий ўзгаришлар қилишга киришди ва ижобий натижаларга эришди.

Фото: KUN.UZ

Филиппинда 2001 йилгача электр энергияси давлат корхонаси ҳисобланган. Одамлар монополлашган Миллий энергетика корпорацияси (NPC) ишлаб чиқарган энергияни истеъмол қилган. Бу монополлашув, бозор қоидаларига амал қилинмаслиги оқибатида мамлакат электр энергиясининг сурункали танқислигига учраган.

Хўш, бу муаммо қандай ечилди?

Ҳукумат электр энергиясига бўлган талабни қондириш учун мустақил энергия ишлаб чиқарувчилар (IPP) учун электр ишлаб чиқаришни бозор қоидалари асосида амалга оширишни қўллаб-қувватлади.

Филиппинда электр энергетикаси тизимида амалга оширилган ислоҳотлар

Тизимда мустақил энергия ишлаб чиқарувчиларнинг пайдо бўлиши (IPP) ва улар электрнинг асосий қисмини ишлаб чиқариши, хорижий валюта курсининг ўзгариши, ёқилғи нархининг ошишига мос равишда электр энергияси нархлари ҳам бозор қонунлари асосида ўсиб борди. Энергетика тизимида бозор қонунларининг амал қилмаслиги натижасида 1990-йилларнинг охирига келиб, Миллий энергетика корпорацияси (NPC) молиявий жиҳатдан ночор аҳволга тушиб қолган эди. Бу 1997 йилдаги Осиё молиявий инқирозидан кейин ўсиб бораётган харажатларга қарамасдан тариф ставкаларининг оширилмаганлиги, шунингдек, талаб пасайиши (ташқи қарз юкининг юқорилиги)га боғлиқ бўлган.

Ўзгаришлар нимадан бошланди?

Ҳукумат 2001 йил «Электр энергетикаси тизимини ислоҳ қилиш тўғрисида» (EPIRA) қонун қабул қилади. Унда қуйидаги вазифаларни бажариш белгиланади:

  • ишлаб чиқариш ва етказиб бериш тизимидаги давлат активларини хусусийлаштириш;
  • электр энергияси учун тарифларни бозор қоидаларига мувофиқлаштириш;
  • тарифларни мустақил тартибга солувчи орган сифатида Электр энергияси нархларини тартибга солиш комиссиясини (EPC) ташкил этиш;
  • электр энергиясининг улгуржи бозорини шакллантириш;
  • узоқ муддатли чакана истеъмолни рағбатлантириш;

Вазифалар аниқлаб олингангач, электр энергияси учун тарифларни белгилаш ва соҳада давлат мулкини хусусийлаштиришга бўлган чекловларни олиб ташлашга киришилди. Шу орқали энергетика секторининг давлат бюджетига тўғридан-тўғри таъсири камайди.

Бироқ қонун қабул қилиниши электр энергетикаси тизимининг молиявий барқарорлигини дарҳол тикламади. 2001 йилда Электр энергияси нархларини тартибга солиш комиссияси (ERC) ташкил этилганди. Лекин бу тарифлар ўзгартирилмади. Оқибатда Миллий энергетика корпорацияси (NPC) нинг молиявий тақчиллиги ортиб борди. Боз устига, ҳукуматнинг ушбу комиссия ишига доимий аралашуви ислоҳотларнинг кечикишига сабаб бўлди. Бундан ташқари, 2000-йилларнинг ўрталарига келганда ҳам электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарни хусусийлаштириш жараёни бошланмагани сабабли Миллий энергетика корпорацияси (NPC) мустақил энергия ишлаб чиқарувчилар (IPP)дан электр энергиясини қиммат нархларда сотиб олиши оқибатида зарар кўришда давом этди. Натижада, 2004 йилда Миллий энергетика корпорациясининг (NPC) молиявий тақчиллиги ЯИМнинг 1,5 фоизиигача ўсди.

1-диаграмма. Макроиқтисодий ривожланиш ва электр энергетикаси тизимини субсидиялаш (ЯИМ ёки ставканинг фоизи)

Арроёнинг электр энергияси сиёсати

2004-2005 йилларда тарифлар кучли сиёсий ирода туфайли сезиларли даражада оширилди. 2003 йилга келиб, Филиппин молиявий инқироз ёқасида эди. Электр энергетикаси тизимидаги камомад ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етди. Мамлакат харажати ва ташқи қарзи ошишига эса қуйидаги омиллар сабаб бўлди:

  • электр энергетикаси тизими даромадларининг пастлиги;
  • Миллий энергетика корпорацияси (NPC)нинг бюджетдан ажратиладиган маблағларга қарамлиги;
  • давлат ташқи қарзининг ЯИМга нисбатан 100 фоиздан ошиши;
  • инвесторлар учун электр энергетикаси тизимига инвестиция киритиш ишончининг йўқолиши.

Арроё маъмурияти (2001-2010 йилларда Филиппин президенти) энергетика инқирозининг олдини олиш учун кучли сиёсий ирода кўрсатди. 2004 йилдаги президент сайловидан кўп ўтмай фискал консолидация (бюджет тақчиллиги ва қарзларни камайтириш) сиёсати олиб борилди. Ислоҳотлар қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва акциз солиғи ставкаларини ошириш, шунингдек, давлат харажатларини чеклаш ҳамда даромадлар бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олди. Шу нуқтайи назардан, 2004 йилнинг охири ва 2005 йилнинг бошларида электр энергияси учун тарифлар 30 фоизга оширилди ва бу Миллий энергетика корпорацияси (NPC) молиявий тақчиллигини 2005 йилда ЯИМнинг 0,2 фоизигача қисқартиришда ёрдам берди. Амалга оширилган чора-тадбирлар молиявий инқирознинг олдини олди.

Ислоҳотларнинг кейинги босқичи

2003-2011 йилларда ҳам соҳадаги ислоҳотлар давом эттирилди. Хусусан, электр энергиясини ишлаб чиқаришда хусусий секторнинг роли ошди, электр энергиясининг улгуржи бозорлари ташкил этилди. Чакана тариф ставкалари ишлаб чиқилди, етказиб бериш ва тақсимлаш тўловларига бўлинди. Истеъмолчиларга субсидия ажратиш тўхтатилди, шаҳардан узоқда ва ривожланмаган ҳудудлардаги фойдаланувчилар ҳамда камбағал оилалар учун Кичик энергия компаниялари гуруҳи (SPUG) томонидан бериладиган субсидиялар жорий қилинди. Миллий энергетика корпорацияси (NPC) томонидан ҳал қилиниши керак бўлган муаммолардан бири бу — қайтариб бўлмайдиган харажатларни қоплаш учун тўловларни қандай тўлаш билан боғлиқ эди.

Юмшатиш чоралари

2004-2005 йиллардаги ислоҳотлар чоғида тарифлар оширилишининг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида кам таъминланган уй хўжаликлари учун енгиллик берилди. EPIRA қонунига кўра, камбағал уй хўжаликлари учун субсидия ажратиш сифатида доимий истеъмол тарифлари ставкаси жорий қилди. Электр энергияси нархларини тартибга солиш комиссияси (EPC) томонидан 2006 йилга келиб, кўпгина электр энергияси истеъмолчилари учун «Ҳаётийлик тарифи» ставкаси тасдиқланди. 3 миллион камбағал уй хўжаликлари ушбу тариф асосида 5 фоиздан 50 фоизгача имтиёздан фойдаланиш имконига эга бўлди.

Нархларни белгилаш, тартибга солиш, электр энергетикаси тизимини хусусийлаштириш ва аҳолининг кам таъминланган қатламлари манфаатини инобатга олишга қаратилган ҳаракатлар соҳага ажратилаётган субсидияларни қисқартиришга сабаб бўлди. Мустақил электр энергияси регуляторининг ташкил этилиши нархларни тартибга солишга қаратилган сиёсатдан воз кечишда ёрдам берди. Хусусийлаштириш энергетика тизимининг бюджетга тўғридан-тўғри таъсирини камайтирганини кўриш мумкин. «Ҳаётийлик тарифи» ислоҳотларнинг камбағал уй хўжаликларига салбий таъсирини камайтиришда драйвер бўлди.

Ислоҳотларни амалга ошириш узоқ вақт талаб қилди. Бу электр энергетикаси тизимига давлатнинг аралашуви, хусусийлаштириш ҳамда электр энергияси нархларини тартибга солувчи комиссия салоҳиятини ошириш каби институционал муаммолар билан боғлиқ.

Ислоҳотлар муваффақияти ҳукуматнинг кучли сиёсий иродасини намоён этди. Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида давлат компаниясининг турли кўринишдаги қарздорлиги ортиб борди. Бу эса мамлакатнинг умумий фискал барқарорлигига хавф туғдирди. Нархларни тартибга солувчи мустақил регулятор ташкил этилганидан кейин ҳам электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналарни хусусийлаштириш муваффақиятли кечмади.

Тизимга бозор механизмлари фаол татбиқ этилганидан сўнггина давлат энергетика компаниясининг бюджетга салбий таъсири камайди ва электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб беришда ижобий натижалар кўзга ташлана бошлади.

Шоҳрух Очилов,
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти катта илмий ходими

Top