Жамият | 14:54 / 06.02.2023
68239
7 дақиқада ўқилади

Даҳшатли рақамлар: дунёда бир йилда 8 млн бола йўқолмоқда

Тошкентда 12 ёшли Муслиманинг бедарак йўқолиши ва кейинчалик унинг жасади зўрлик аломатлари билан топилиши бутун жамиятни ларзага солди. Воқеа оммага маълум бўлганга қадар жуда кўпчилик қизни излаган. Қидирган кўнгиллилар орасида Муслиманинг қотили ҳам бўлган.

Муслима

Минг афсуски, ҳар йили, ҳар онда дунё бўйлаб болалар йўқолиб туради ва ота-оналар бахтига уларнинг аксарияти топилади. Лекин бир нафар бедарак кетган ёки жасади топилган бола ҳам оммани титратиб ташлайди. Ҳамма ғазабга минади, қотилга энг олий жазо, қийноқлар қўллаш талаб қилина бошлайди.

Афсуски, маълум муддат диққат марказида турган мавзу аста-секин эътибордан туша боради ва ҳамма эҳтирос билан таклиф қилган эҳтиёт чоралари ҳам навбатдаги бола йўқолгунга қадар деярли унутилади. 

Ота-она учун фарзандидан ажралиш энг оғир азоб бўлса, жигаргўшасининг бедарак йўқолиши ақлдан оздиргудек мавҳумлик, даҳшатли аросат экани ҳаммага аён. Аммо минг афсуски, болалар турли сабабларга кўра барибир йўқолиб туради, аксарияти кейинчалик топилса-да, айримлари мутлақ бедарак кетади...

Дунё бўйича бу борадаги статистика билан танишиб, даҳшат ва ҳайратдан ёқа ушлаймиз: жаҳонда ҳар йили ўрта ҳисобда 8 миллион нафар бола йўқолар экан. Ахир бу йирик мегаполис ёки ўртача бир давлат аҳолиси билан тенг. Қолаверса, бедарак кетганларнинг норасида гўдак экани ва ҳимоясиз қолиши мумкинлиги вазиятни янада чигаллаштиради.

Бу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, давлатнинг ривожлангани ва бойлиги, шунингдек, полициянинг самарали ишлаши болалар йўқолмаслигининг кафолати эмас. Масалан, Европа Иттифоқида ҳар йили 250 000 нафар, яъни ҳар икки дақиқада биттадан бола йўқолади. АҚШдаги маълумотлар эса янада қўрқинчли. Ҳар йили полицияга фарзандини йўқотган ота-оналардан 450 000 тадан 800 000 тагача мурожаат келиб тушади. Россияда ҳар йили 15 000 бола йўқолгани рўйхатга олинади ва уларнинг кўпчилиги нотинч оилаларнинг фарзандлари экани қайд этилади. 

Бу борадаги энг оғир ҳолат Африка ва Осиёнинг баъзи давлатларида кузатилади. Гарчи уларда аниқ статистика юритилмаса-да, вазият оғирлиги кўпчилик ташкилотлар томонидан қайд этилган.

Хитойда болалар ўғирлиги ҳолати акс этган қуйидаги видеолавҳа кишини чуқур ўйга толдиради.

 

Дунё бўйича бедарак йўқолган болаларнинг кўпчилиги одатда адашиб қолиб, ўз ота-онасини буткул унутиб юборади, жиноий гуруҳлар томонидан фарзандсиз оилаларга сотилади ёки янаям даҳшатлиси – аъзолар учун пулланади. Албатта, бундай ҳолатлар кўп эмас, лекин бола ўғирлаш билан шуғулланувчи халқаро жиноий гуруҳлар борлиги аллақачон ўз исботини топган. Лекин йўқолганидан кейин 15 йил ўтиб топилган ёки улғайганидан кейин ўзи ота-онасини суриштириб келганлар ҳам учрайди. Шу боис бедарак кетган болаларнинг ота-оналари ҳадик билан бирга умид билан ҳам яшайдилар.

Муаммо шу қадар долзарблиги боис ҳар йили 25 май “Халқаро йўқолган болалар хотираси куни” деб белгиланган. Бунинг ҳам ўзига яраша тарихи бор. 1979 йилнинг 25 май куни уйига қайтаётган Эвиан Пейтс деган бола йўқолиб қолади. Воқеа катта шов-шувга сабаб бўлади ва уни ҳамма излашга тушади. Лекин қидирувлар натижа бермайди, орадан тўрт йил ўтиб, АҚШ президенти Роналд Рейган 25 май “Халқаро йўқолган болалар хотираси куни” сифатида белгиланишини маъқуллайди. Орадан яна бир йил ўтиб, йўқолган болаларни қидириш билан шуғулланувчи махсус ташкилот (ICMEC — International Centre for Missing & Exploited Children) тузилади. Дастлаб бу ташкилотга 22 давлат аъзо бўлган бўлса, кейинчалик улар сони юздан ортган.

Албатта, статистика даҳшатли... Аммо бир жиҳатга эътибор бериш шарт – бу бола йўқолди деб мурожаат қилинган ҳолатлар. Болаларнинг аксарияти кўп ўтмай топилади. Уларнинг кўпчилиги кимдандир аразлаб қочиб кетган, бирор жойдалигини огоҳлантиришни унутган ёки шунчаки бекинмачоқ ўйнагиси келган бўлади. Лекин барибир бу вазиятга жиддий қарамасликка асос бўла олмайди.

Масалан, АҚШда бола йўқолиши билан боғлиқ ҳар қандай мурожаат келиб тушиши билан “Amber Alert” тизими ишга туширилади. Бу тизим 1996 йилдан буён ишлайди. Айнан шу йили 9 ёшли Амбер исмли қизалоқ йўқолади ва фожиали ҳалок бўлади. “Alert” сўзи эса тревогани англатади. “Amber Alert” тизими ишга тушганидан кейин ўша ҳудуддаги ҳар бир оммавий ахборот воситаси, кўчадаги экранлар боланинг суратини қайта-қайта эълон қилаверади, кўнгиллилар бола суратини кўтарганча гавжум жойларни айланишади, ҳар бир ковакка кириб чиқилади. Ишга, табиийки, полиция аралашади ва ҳатто бошқа ҳудудлар вакиллари ҳам жалб қилинади.

Тизимнинг самарали ишлаши туфайли 99 фоизгача бола топилади. Бошқа давлатларда ҳам самарадорлик бу даражада бўлмаса-да, болаларнинг кўпчилиги топилиб, уйига қайтарилади.

Ўзбекистонда бу борада аниқ статистик маълумотлар эълон қилинмаган. Аммо шуниси аниқки, бизда болалар йўқолиши унчалик кўп эмас. Лекин бундай ҳолат битта бўлса ҳам кўп, бир оиланинг фожиаси ҳам барчага оғир дард бўлади. Ҳозир юртимизда бундай ҳолатга ҳеч ким бефарқ эмаслиги қувонарли. Бола йўқолгани эълон қилиниши билан ижтимоий тармоқлар ларзага келади ва деярли ҳамма ўз ёрдамини таклиф этади. Бу юртдошларимизнинг эзгу ишларга ҳисса қўшиш истаги кучли эканидан, ўзганинг дардига бефарқ эмаслигидан далолат.

2016 йил. Асака туманида яшовчи, 55-мактабнинг биринчи синф ўқувчиси, саккиз яшар Ëқутой Рустамжонова 6 апрель куни дарсдан чиққанидан кейин уйига бормаган. Нафақат туман, балки Андижон вилоятидаги барча милиция ходимлари йўқолган қизни қидиришга сафарбар қилинган. Қизнинг сурати ҳар бир кўча, ҳар бир уй, ҳатто автомобилларга ҳам ёпиштириб чиқилди. Аммо шунча йил вақт ўтди ҳамки, қидирувлар натижа бермади, Ëқутой топилмади...

Ёқутой

Айниқса, халқимизга хос сабр хислати ва умид илинжи бедарак кетган болалар ҳам ҳар куни дуо билан эсланишига ҳамда қайтиши кутилишига сабаб бўлади. Хусусан, асакалик Ёқутой Рустамжонованинг онаси Шаҳноза Солиева билан суҳбатлашганимизда ҳануз жигаргўшасининг қайтишини кутаётганларини ва ҳар бир хабарга умид билан қарашларини айтганди. Қидирувдан асло тўхтамасликларини билдираркан, онаизор ҳеч бир онанинг бошига бундай кўргилик тушмаслигини дуо қилди.

Энг муҳими – бундай ҳолатларнинг олдини олиш. Фарзандларимизни бир дақиқа ҳам қаровсиз ва эътиборсиз қолдирмаслигимиз шарт.

Болалар қаердалиги тўғрисида хабар жўнатиб турувчи ва йўқолишининг олдини олувчи мослама яратган ихтирочи ҳақидаги фильмда ўша олим шундай дейди: “Мен ихтиро қилган мослама болаларингиз йўқолмаслигига кафолат бермайди. Унутманг, болаларимиздан айрилишимизнинг олдини олишда энг муҳими биз ўзимиз уларнинг ҳаётидан йўқолиб қолмаслигимиздир”.

Фарзандларимиз омон ва доим кўз олдимизда бўлсин.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид