08:12 / 08.02.2023
8278

Тбилисида Саакашвили бўйича суд қароридан кейин намойишлар ўтказилди

Грузия ҳукумати биноси олдига мингга яқин одам собиқ президент Саакашвилига даволаниш учун хорижга чиқишга рухсат беришни талаб қилиб чиқди. ЯМҲнинг янги раҳбари Хабеишвили бир кун олдин акцияга чақирганди.

Фото: AFP

Грузия ҳукумат биноси олдида 7 февраль, сешанба куни кечқурун Тбилиси шаҳар суди собиқ президент Михаил Саакашвилини ҳибсда қолдириб, сиёсатчининг хорижда даволанишига рухсат бермаган қарорига қарши норозилик намойиши бўлиб ўтди. Грузиядаги энг йирик мухолифат партияси – "Ягона миллий ҳаракат"нинг (ЯМҲ) янги раҳбари Леван Хабеишвилининг намойиш ҳақидаги чақириғига мингга яқин одам эргашди. Акция бошқа мухолиф сиёсий кучлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди, бироқ бу сафар олдинги норозилик митингларига хос бўлган кўп сонли байроқлар, баннерлар ва бошқа ташвиқот материаллари деярли учрамади.

Расмийлар ҳукумат биносига кўп сонли полициячиларни жўнатган, кириш эшиги олдидаги майдонча эса металл тўсиқлар билан ўраб олинди. Ҳукумат офиси йўналишидаги барча йўлларда Грузия махсус хизматларининг асосий модели бўлган юзга яқин "Шкода" автомобиллари тўхтаб туришган.

Акцияда Грузиянинг амалдаги ҳукуматини истеъфога чиқариш, "Грузия орзуси – Демократик Грузия" ҳукмрон партиясини Россия билан алоқада ва олигарх Бидзина Иванишвили назоратида айблаш бўйича шиорлар янгради. Леван Хабеишвилининг айтишича, норозилик намойишлари ҳар куни ўтиши керак, мамлакатнинг барча ҳудудларида акциялар ўтказилиши режалаштирилган.

Леван Хабеишвили бир неча кун олдин ЯМҲ раҳбари бўлди. Партия ичидаги сайловлар натижасида у бу лавозимда Михаил Саакашвилининг тарафдорлари собиқ президент ва "Ягона миллий ҳаракат" асосчисини озод этишда етарлича фаоллик кўрсатмаганликда айблаган Никонор Мелияни алмаштирди.

Бир кун олдин, Тбилиси шаҳар суди собиқ президентга нисбатан ҳукм чиқарганидан сўнг, Хабеишвили партия офисига борди ва у ерда фавқулодда йиғилиш ўтказди. Унинг натижаларига кўра, ярим тунга яқин, ЯМҲ Михаил Саакашвилининг ўлими хавфи туфайли Грузия парламентидаги ишини тўхтатиб, фавқулодда ҳолат режимига ўтиши эълон қилинди.

Бу баёнот Грузия парламентининг баҳорги сессияси очилишидан бир неча соат олдин қилинган. 7 февралда ЯМҲ фракцияси йиғилишда ҳақиқатдан ҳам қатнашмади. Шу билан бирга, депутатлар европалик ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар тугагунига қадар ўз мандатларини сақлаб қоладилар, аммо энди на ялпи мажлисларда, на қўмита тингловларида, на бошқа парламент форматларида қатнашмайдилар.

Шу куни мухолифатдаги "Агмашенебели стратегия"си партияси депутатлари ҳам сиёсий бойкотга қўшилди. Унинг вакили Паата Манжгаладзенинг таъкидлашича, партия "инсон ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг Европа келажаги ва Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида" бошқа мухолиф кучлар билан ҳаракатларини мувофиқлаштиради.

Ўз навбатида, "Дроа" ҳаракати етакчиси Элене Хоштария Саакашвили устидан чиқарилган суд ҳукмини изоҳлар экан, Грузиянинг амалдаги президенти Саломе Зурабишвилига собиқ давлат раҳбарини афв этиш ва шу орқали "мамлакатнинг Европа келажагини сақлаб қолиш" вақти келганини айтди.

Top