Жаҳон | 08:25 / 17.02.2023
4741
2 дақиқада ўқилади

Европарламент Украинага ҳарбий ёрдамни оширишга чақирди

Фақатгина Украинага замонавий Ғарб қуролларининг «доимий, барқарор ва узлуксиз таъминоти» унга Россия билан урушда ғалаба қозонишига ва барча босиб олинган ҳудудларни озод қилишга ёрдам беради, дейилади Европа парламентининг резолюциясида.

Фото: AP

Европарламент Киевнинг ғарбий ҳамкорларини «қирувчи самолётлар, вертолётлар ва тегишли ракета тизимларини Украинага ўтказиш имкониятини жиддий кўриб чиқишга, шунингдек, ўқ-дорилар етказиб беришни сезиларли даражада оширишга» чақирди. Бу ҳақда Европарламентнинг Россия босқинининг бир йиллиги тўғрисидаги 16 февраль, пайшанба куни қабул қилинган резолюциясида айтилади

Ҳужжатда қайд этилишича, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Украинага нафақат Россия армияси ҳужумларидан ҳимояланиш, балки Россия Федерацияси томонидан вақтинча босиб олинган ҳудудлари устидан тўлиқ назоратни тиклаш имконини бериш учун Киевга ҳарбий ёрдамни сезиларли даражада ошириши ва уни тақдим этишни тезлаштириши керак.

Қарорни 444 депутат қўллаб-қувватлади, 26 нафари «қарши» овоз берди, 37 нафари бетараф қолди.

Европарламент депутатлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия ва Канадани «Украинани замонавий жанговар танклар билан таъминлаш ҳақидаги ваъдаларини зудлик билан бажаришга» чақирди ва Украина ҳукуматининг «оғир қуроллар ва илғор ҳаво мудофаа тизимлари бўйича» сўровларини тезкорлик билан кўриб чиқиш учун иттифоқчилар ўртасида яқин мувофиқлаштириш муҳимлигини қайд этди.

Украинанинг асосий мақсади Россияга қарши урушда ғалаба қозониш, яъни Украина армиясининг Россия кучларини халқаро тан олинган Украина ҳудудидан чиқариб юбориш қобилиятидир, дейилади резолюцияда. «Бу мақсадга фақат Украинага барча турдаги қуролларни истисносиз доимий, барқарор ва узлуксиз етказиб бериш орқали эришиш мумкин», - дея ишонтирмоқда Европарламент депутатлари.

Мавзуга оид