Жаҳон | 17:59 / 09.03.2023
17308
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда собиқ мудофаа вазири 12 йилга қамалди

Мамлакат президенти уни январдаги намойишлар вақтидаги ҳаракатсизлиги ва қатъиятсизлиги учун айблаганди.

Фото: Қозоғистон Мудофаа вазирлиги

Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбари 2022 йил январидаги тартибсизликлар бўйича жанговар вазиятда мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топилди.

Қозоғистонда собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов 2022 йил январидаги тартибсизликлар иши бўйича озодликдан маҳрум этилди. Маълум бўлишича, 24 февраль куниёқ вазир лавозимидан озод этилган Бектанов жанговар вазиятда мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топилиб, 12 йилга қамалди.

Бу ҳақда Остона шаҳридаги жиноий ишлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро ҳарбий суди қарор чиқарди, деб хабар бермоқда «Азаттык» радиоси. Шу билан бирга, ушбу ишнинг махфийлиги сабабли батафсил маълумотлар ошкор этилмаяпти.

Мурат Бектанов Қозоғистон Мудофаа вазирлигини 2021 йил августидан буён бошқариб келаётган эди. 2022 йил 19 январда у мамлакатдаги оммавий тартибсизликлардан сўнг ўз лавозимидан озод этилган эди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қуролли кучлар қўмондонлиги ва Бектановни ўта ишончсизлик ва ташаббускор бошқарувнинг йўқлиги, шунингдек, ўзига юкланган вазифаларни бажармаганликда айблади.

Орадан бир ой ўтгач, Бектанов январь ойидаги тартибсизликларда ҳаракатсизликда гумонланиб ҳибсга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди. У Жиноят кодексининг давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатсизлиги ҳақидаги 452-моддасини бузганликда гумон қилинган. Тергов манфаати учун бошқа маълумотлар ошкор этилмади. Октябрь ойида иш ҳарбий судга ўтказилгани маълум бўлди.

Январь ойи бошида Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида суюлтирилган газ нархининг кескин ошишига қарши митинглар бошланди ва бу тезда бутун мамлакат бўйлаб иқтисодий ва сиёсий талаблар билан оммавий намойишларга айланиб кетди. Баъзи вилоятларда 5 январга ўтар кечаси тартибсизликлар бошланди, маъмурий бинолар, полиция бўлимлари ва дўконларга ҳужумлар уюштирилди. Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри - Олмаота энг кўп зарар кўрди.

Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликлар давомида 225 киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идораларининг 19 вакили ҳалок бўлган, 4500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Биргина собиқ пойтахтнинг ўзида тартибсизликларда айбланиб, 2700 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. Президент Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. 6 январь куни унинг илтимосига кўра, Қозоғистонга «террор таҳдидини енгишда» ёрдам бериш учун қуролли контингент етиб келди. Январь ойи ўрталарида КХШТ кучлари бўлинмалари Қозоғистонни тарк этишди.

Мавзуга оид