23:51 / 17.03.2023
46637

Путин Халқаро суд томонидан ҳибсга олиш учун ордер берилган еттинчи давлат раҳбаридир 

Бироқ, суд президентларга нисбатан фақат битта айблов ҳукмини чиқарган. 

Фото: Reuters

17 март куни Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олиш учун ордер берилганини эълон қилди. Улар Украинадан болаларни мажбуран кўчириш билан боғлиқ ҳарбий жиноятларда айбланмоқда. 

Халқаро жиноий суд (ХЖС) камдан-кам ҳолларда давлат раҳбарларини айблайди. Шунингдек, ҳали президентларга нисбатан битта айблов ҳукмини чиқарган. Улардан икки нафари оқланган, иккиси ҳукмгача етиб бормаган, бири эса экстрадицияни кутмоқда.

Россия президенти ўз лавозимида бўлган вақтида содир этилган жиноятлар учун Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан айбланган биринчи Европа етакчиси ва еттинчи олий раҳбар бўлди. 

2008 йилда Судан президенти Умар Ал-Башир ХЖС томонидан ҳибсга олинишига ордер берилган биринчи амалдаги давлат раҳбари бўлди. Ал-Башир Дарфурдаги можарога алоқадор геноцидда айбланган. Аммо айблов унинг кейинги 11 йил давомида ҳокимиятда қолишига тўсқинлик қилолмади. 2019 йилда Ал-Башир ҳарбий тўнтариш оқибатида ҳокимиятдан ағдарилди ва ҳибсга олинди. Бироқ, мамлакатнинг янги раҳбарияти уни Ҳаагага экстрадиция қилишга шошилмаяпти. 

Кениянинг бўлажак президенти Ухуру Кениата ХЖС томонидан Кенияда 2007-2008 йиллардаги сиёсий инқироз даврида инсониятга қарши жиноят содир этишда айбланди. Бироқ, 2014 йил декабр ойида далиллар йўқлиги сабабли бу айбловлар олиб ташланди. 

2011 йилда Ливия президенти Муаммар Қаззофийни ҳибсга олиш ҳақида ордер чиқарилди. У оммавий норозилик намойишларини бостириш операцияси давомида инсониятга қарши жиноят содир этганликда айбланган. Қаззофий суд жараёнигача етиб бормади, у исёнчилар томонидан ўлдирилди. 

2011 йилда Кот-д’Ивуар президенти Лоран Гбагбо ҳокимиятни сақлаб қолиш мақсадида содир этилган инсониятга қарши жиноятларда айбланди. У сайловларда ютқазди, бункерга яширинди, аммо ҳужумдан кейин ҳибсга олинди ва Ҳаагага экстрадиция қилинди. 2019 йилда оқланди. 

Биринчи судланган давлат раҳбари Либерия президенти Чарлз Тейлор эди. У Сиерра-Леоне учун махсус суд томонидан судланди. У ҳарбий жиноятларга ёрдам бериш ва инсониятга қарши жиноятларда шерикликда айбдор деб топилди. 2012 йил 30 майда суд Чарлз Тейлорни барча 11 та банд бўйича айбдор деб топиб, 50 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. 

Халқаро адлия тизимида Халқаро жиноят судидан ташқари махсус ҳарбий трибуналлар ҳам бор. Яқин тарихда улардан 8 таси бўлган, ҳозирда иккита халқаро трибунал мавжуд: Руанда ва собиқ Югославия бўйича. Сўнгги суд жараёнида Югославиянинг собиқ президенти Слободан Милошевич айбланди, у ҳукмгача етиб боролмади ва Ҳаага қамоқхонасида вафот этди. 

ХЖС Статутига аъзо давлатлар ҳибсга олишга ордер берилган ҳар қандай шахсни ушлаш мажбуриятига эга. Бироқ, бу автоматик процедура эмас. Суданнинг собиқ президенти Умар Ал-Башир ўз лавозимида бўлганида Статутга аъзо бўлган бир қанча Африка давлатларига ташриф буюрган, бироқ ҳибсга олинмаган. 

Россия ХЖС юрисдикциясини тан олмаганига қарамай, Украина уни тан олиши кифоя. ХЖС низомига кўра, иштирокчи давлатларнинг фуқаролари қаерда жиноят содир этган бўлсалар ҳам, шунингдек, ХЖС ваколатини тан олган давлатлар ҳудудида тахмин қилинаётган жиноятларни содир этган ҳар қандай давлат фуқаролари ҳам жавобгар бўлади. 

Қайд қилиш жоизки, АҚШ Давлат департаменти ҳузурида ҳарбий жиноятларни содир этганларни ушлашда ёрдам берганлар учун мукофотлаш дастури мавжуд. АҚШ Давлат департаменти ҳарбий жиноятлари учун қидирувда бўлганларни қўлга олишга ёрдам берадиган ҳар қандай маълумот учун 5 миллион долларгача мукофот ваъда қилади. Дастур халқаро трибуналлар томонидан собиқ Югославия ва Руанда геноцидида айбланганларни ҳибсга олишга ёрдам берган. 

Top