21:06 / 11.04.2023
13269

ЖОКУ биносидаги ёриқлар юқори хавф даражасига эга эмас – вазирлик

Журналистика университетидаги бинолардан бири «дарз кетгани» ҳақида хабарлар юзасидан масъуллар бинодаги ёриқлар 45 йилдан бери реконструкция қилинмаган эски бино ва ўтиш йўлаги оралиғида ҳосил бўлганини маълум қилди. Икки бино ўртасидаги махсус чок йиллар давомида ташқи омиллар сабаб шу ҳолатга келиб қолган.

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетидаги бинолардан бирида ёриқлар юзага келгани ҳақидаги хабарлар юзасидан вазиятни ўрганган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги расмий баёнот берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Қиёт кўчасида жойлашган университет биносидаги ҳолат Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан жойига чиқиб ўрганилган.

Аниқланишича, ёриқлар университетнинг эски мавжуд биноси ҳамда ўтиш йўлаги оралиғида ҳосил бўлган. Икки бино ўртасидаги махсус чок («температурний шов») йиллар давомида ташқи омиллар таъсирида шу ҳолатга келган. Ёриқлар бинонинг ғишт деворида эмаслиги ва улар юқори хавф даражасидамаслиги аниқланган, шунингдек, ўрганишлар давомида бинонинг пойдевори ҳам текширилган. Бино пойдеворида чўкиш аломатлари йўқлиги қайд этилган.

«Эски мавжуд бино 1978 йилда лойиҳалаштирилган ва шу кунга қадар унда реконструкция ишлари амалга оширилмаган. Алоҳида таъкидлаш ўринлики, ёриқлар билан боғлиқ ҳолатнинг 2019 йил Инвестиция дастури асосида қуриб, фойдаланишга топширилган университетнинг янги биноларига умуман алоқаси йўқ», – дейилади вазирлик муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳолат юзасидан университет раҳбарияти расмий изоҳида 2 смли ёриқ олийгоҳнинг янги биносини қуриш вақтида юзага келганини маълум қилганди.

Top