23:15 / 13.04.2023
31128

Терроризмда гумон қилинган уч ўзбекистонлик Индонезия иммиграция хизмати ходимини ўлдирди 

Улар тергов изоляторидан қочишга муваффақ бўлган, аммо кейинчалик қўлга олинган. 

Фото: Divisi Humas Polri

11 апрель куни терроризмда гумон қилинган уч нафар ўзбекистонлик иммиграция хизмати ходимини ўлдириб, Шимолий Жакартадаги тергов изоляторидан қочиб кетди. Бу ҳақда Индонезия полициясига таяниб, Jakarta Globe хабар берди. 

Кейинроқ бир гумондор Сантер дарёсида ўлик ҳолда топилган, яна икки киши турли жойларда ҳибсга олинган. 

Ҳужум душанба куни тонгда, Шимолий Жакартадаги Иммиграция ҳибсхонасида амалдорлар ва қўриқчилар саҳарлик қилиш учун таом тайёрлаётган пайтда содир бўлган. 

Аксилтеррор гуруҳи вакили Асвин Сирегар сўзларига кўра, маҳбуслар иммиграция хизмати ходими Ади Видодони ошхона пичоғи билан ўлдирган ва яна уч кишини оғир яралаган. 

Ҳужум қилганлар 24 март куни аксилтеррор гуруҳи томонидан «Катиба Тавҳид вал Жиҳод» халқаро террорчилик тармоғига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган 26-40 ёшли тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. 

«Улардан учтаси қочишга муваффақ бўлди, аммо бир гумондор қочишдан бош тортди», деди Асвин. 

Republika нашри хабарига кўра, уларнинг исми шарифи – Бехзод Анорбек ўғли Байтоев, Олимжон Мухтор ўғли Махмудов, Муроджон Иброхимжон ўғли Рахимов ва Бахромжон Қобилжонович Азизов. 

Қидирув операцияси натижасида гумонланувчилардан икки нафари қўлга олинган. Бир нафари ўзини Сантер дарёсига ташлаб, чўкиб кетган. 

Суриштирув натижасида гумондорлар Ўзбекистоннинг Жакартадаги консуллиги ходимлари ҳибсхонага борганидан кейин ҳужумни амалга оширгани аниқланган. 

«Улар ўз мамлакатларидаги қаттиқ жазодан қўрқиб, депортация қилинишни хоҳламадилар», деди Асвин.

Тирик қолган уч гумондор Жакарта полицияси ҳибсхонасига ўтказилган, қотиллик бўйича тергов ҳаракатлари бошланган.

Top