Жаҳон | 14:15 / 16.05.2023
11194
2 дақиқада ўқилади

Боррел Ҳиндистонни Россия нефтини қайта сотишдан тийилишга чақирди

Европа дипломатияси раҳбари FT нашрига берган интервюсида Россиядан нефт маҳсулотларини сотиш санкцияларни четлаб ўтиш эканлигини, унга блок аъзолари жавоб бериши кераклигини таъкидлади.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи Россия нефтининг минтақада қайта ишланган ёнилғи, жумладан, дизел ёнилғиси кўринишида қайта сотилиши сабабли Ҳиндистонга қарши чора кўриши керак. Бу ҳақда 16 май, сешанба куни Financial Times газетасига берган интервюсида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилди.

"Агар дизел ёки бензин Ҳиндистондан Европага кирса ва у Россия нефтидан ишлаб чиқарилган бўлса, бу, албатта, санкцияларни четлаб ўтишдир ва аъзо давлатлар чора кўриши керак", деди Боррел.

FT қайд этишича, Ҳиндистон Украинада уруш бошланганидан бери Россия хом нефтининг энг йирик харидорларидан бирига айланди. Шу билан бирга, Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш корхоналари хом нефтни сезиларли чегирма билан сотиб олиб, кейин эса ёнилғини Европага тўлиқ нархда сотиш орқали катта даромад олишади. Бу савдо Россияга илгари киритилган санкцияларни бузмайди, бироқ чекловларни кучайтиришга чақирувчилар томонидан танқид қилинади, деб ёзади газета.

Боррелнинг сўзларига кўра, 2022 йил декабр ойида Европа Иттифоқи давлатлари, G7 ва Австралия томонидан бир баррел учун 60 доллар даражасида жорий қилинган денгиз орқали экспорт қилинадиган Россия нефтига нарх юқори чегараси РФга хомашё сотишдан тушадиган даромадларни камайтиришга имкон берди, Ҳиндистонда эса арзонроқ нефтдан фойдаланиш истаги пайдо бўлди.

"Ҳиндистоннинг Россия нефтини сотиб олиши одатий ҳол. Чекловларимиз туфайли Ҳиндистон нефтни анча арзонроқ сотиб олиши мумкин, Россия қанча кам пул олса, шунча яхши", - дея қўшимча қилди у. 

Мавзуга оид