21:50 / 24.05.2023
21029

«Ўлиб-тирилган» Жорж Сорос. Машҳур ва зиддиятли миллиардер, «бузғунчи», «рангли инқилоб ҳомийси»

Жорж Сорос номини сиёсий мавзудаги тортишувларда тез-тез эшитиб қоламиз. «Соросдан пул оладиган», «Сорос ҳомийлик қилган» деган айбловлар ҳам қулоққа чалинади.

Фото: Bloomberg

2023 йил май ойида Сороснинг номи ОАВда сарлавҳаларга чиқди: машҳур миллиардер вафот этгани маълум қилинди. Америкалик тадбиркорни хушламайдиганлар хурсанд бўлиб улгурмасдан, Сороснинг ўзи Twitter'да тириклигини ёзди.

Аслини олганда, унинг ўлганига кўпчилик ишониб ҳам бўлганди, чунки миллиардер ҳозирда нақ 92 ёшни «уриб қўйган».

Хўш, Жорж Сорос ўзи ким?

Нацистлардан қўрқиш сабаб вужудга келган ном

Жорж Сорос 1930 йилда Венгрияда, яҳудий оиласида дунёга келган. 1936 йилда оила нацистлар таъқибидан қўрқиб ғирт венгерча фамилия — Шорош (Soros)ни танлайди. Жоржнинг отаси Биринчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган, ёлғиз акаси Пол инженер эди.

Жорж 1947 йилда Буюк Британияга ўқишга боради, тирикчилик йўлида турли ишларни қилади. Ҳатто бассейнда қутқарувчи бўлиб ҳам ишлайди. Кейинроқ банк соҳасига ишга ўтади.

Ниҳоят, Сорос 1956 йилда АҚШ тупроғига қадам қўйди. У Уолл-стритда кичик брокерлик фирмасига эга бўлган дўстининг отасига «орқа қилиб» келганди.

70-йиллар бошида Сорос Европа фонд биржаларига ихтисослашган ҳолда ишлай бошлайди. Уддабурон трейдер 1980 йилдаёқ 100 миллион доллар ишлаб топади. 1992 йилда инглиз фунтининг немис маркасига нисбатан қадрсизлашуви Соросга бир миллиард доллардан ошиқ маблағ олиб келади.

«Очиқ жамият» фонди ва инқилоблар

Юқорида таъкидлаганимиздек, конспиролог сиёсатдонлар жаҳондаги инқилоблар, кўтарилишлар ва демократия учун намойишларни Сорос номи билан боғлашади.

Уларнинг иддаоларига кўра, миллиардер ташкил этган «Очиқ жамият» фондлар тармоғи ана шундай фаолиятга йўналтирилган. Бу ташкилот грантлар, хайрия маблағлари эвазига турли касб эгалари ва лойиҳаларга ҳомийлик қилади.

Жумладан, Сорос фонди 90-йилларда 33 мингдан ошиқ россиялик олимнинг тадқиқотлари учун грантлар ажратган. 2015 йилда эса фонд Россияда «исталмаган ташкилотлар» рўйхатидан жой олади.

1989 йилда Шарқий Европада коммунистик режимлар қулаши, 2003 йилда Грузияда юз берган «атиргул инқилоби»да Сорос асосий ролда кўрилади. Аммо миллиардер матбуотни воқеаларни шишириб кўрсатишда айблаб чиққан.

АҚШда эса қаҳрамонимиз демократларни фаол қўллаб келади. Ҳатто 2004 йилда Жорж Буш президентликда қолмаслиги учун тарғиботда 27 миллион долларнинг баҳридан ўтади. Лекин маблағлар осмонга учиб, Буш президентликда қолади.

Сорос 2016 йилда Ҳиллари Клинтонни фаол қўллаб, Доналд Трампни хушламаслигини очиқ баён этган.

Путин ва Си ҳақида Сорос нима деган?

Жорж Сорос авторитар раҳбарлар учун мутлақо қарама-қарши шахс эди ва сиёсий лидерлар уни хушламаган.

Жумладан, Сорос 2005 йилда Россия президенти Владимир Путин ўша пайтдаги Украина президенти Леонид Кучмага инқилоб сабаб кўчага чиққанларга ўт очишни маслаҳат берганини айтади ва Кремл хўжайинини кескин танқид қилади.

2018 йилда Доналд Трамп билан учрашган Путин эса Соросни эсга олади: «Бизни сайловларга аралашишда айблашяпти... Масалан, Сорос ҳамманинг ишига аралашади. Хўш, бу АҚШ давлати позициясими? Йўқ, бу фақат бир шахс», дейди Путин.

2022 йил мартида Project Syndicate учун ёзган мақоласида Сорос Путинни учинчи жаҳон урушини бошлаганликда айблаб чиқди. Унинг нишонида ХХР раиси Си Цзинпин ҳам тушди: миллиардерга кўра, Украинага ҳужум 2022 йил февралидаги ўзаро учрашувларда «пишитиб» олинган.

Бунгача ҳам Сорос Хитойнинг жиғига тегишга улгурганди: у Си Жинпингни «очиқ жамиятларнинг энг хавфли рақиби» дея атаганди. ХХР ТИВ расмий вакили Хуа Чуньин эса Сороснинг гапи «ҳатто раддияга ҳам арзимаслигини» айтиб жавоб қайтарган. Сорос Хитойга авторитар, лекин «технологик жиҳатдан энг бой, энг кучли ва энг илғордир» деб таъриф беради.

Эрдўған хушламаган миллиардер

Афсуски, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам Жорж Соросни мутлақо ёқтирган эмас.

2021 йилда АҚШ, Германия, Франция, Канада, Нидерландия, Дания, Швеция, Норвегия, Финландия ва Янги Зеландия элчилари қўшма баёнот эълон қилган, унда Туркия ҳукуматидан филантроп Усмон Кавалани озод этишни сўрайди.

Мазкур баёнот Эрдўғаннинг қаҳрига учрайди.

«Кавала деган одам – Сороснинг Туркиядаги филиалидир! Ўн элчи ташқи ишлар вазирлигидан унинг кечирилишини сўрамоқда. Қандай юзсизлик!» дейди Эрдўған митингларнинг бирида.

Сорос ва Марказий Осиё

Зиддиятли миллиардер учун Марказий Осиё бегона минтақа эмас. Аммо ушбу минтақа сиёсатдонлари ва жамоатчилиги уни ёқлаган деб ҳам айта олмаймиз.

2005 йилда содир бўлган Андижон воқеаларида Сорос Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни танқид қилади ва уни оддий аҳолига ўт очишда айблайди.

Миллиардерга тегишли фонд Марказий Осиёда нисбатан демократик сифатида кўриладиган Қирғизистонда фаолият юритади. 2003 йилда қирғиз ҳукуматини Соросни учинчи даражали “Манас” ордени билан мукофотлайди.

Ҳатто миллиардер 2014 йилда ушбу Марказий Осиё давлатига ташриф ҳам буюради. Сороснинг ушбу қадами мамлакатдаги россияпарастларда чуқур ташвиш уйғотган ва бир неча норозилик намойишлари бўлиб ўтади.

Қисқа рақамлар:

— Сороснинг айни дамда бойлиги 8,3 миллиард доллар атрофида баҳоланади;

— 2017 йилда Сорос «Очиқ жамият» фондига 18 млрд доллар ўтказади;

— 2019 йил сентябрига келиб унинг жами хайрия ишлари 32 млрд доллар миқдорида баҳоланади.

Соросга 2018 йилда суиқасд қилинади: у яшайдиган қароргоҳга почта орқали портловчи қурилма юборилади, лекин Жорж тирик қолади.

Аброр Зоҳидов

Top