22:06 / 30.05.2023
12755

Ўзбекистон байроғидан эркин фойдаланиш бўйича ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда

Фото: Kun.uz

ЎзЛиДеПнинг бугунги қурултойида партиядан номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёев, жумладан, Ўзбекистон байроғидан эркин фойдаланиш зарурати тўғрисида ҳам тўхталди.

Амалдаги президент, давлат байроғидан фақат байрам ва маросимларда ёки спорт мусобақаларида кўтаришда фойдаланилаётгани, эндиликда эса унинг ҳар бир хонадонда ҳилпираб туришига рухсат берувчи ҳужжатни қабул қилиш вақти етганини таъкидлаган.

«Парламентдаги депутат ва сенаторлардан бу борадаги ҳужжат лойиҳасини қабул қилишда бугунги ҳаётий заруратни ҳам эътиборга олишларини сўрар эдим», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 5 май куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги бозорда Ўзбекистон байроғи тасвиридаги, «Битирувчи» ёзувли лентани тақиб юрган йигит қўлга олиниб, жаримага тортилганди. У ички ишлар ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасликда айбланганди.

Кейинроқ, бу мавзу ижтимоий тармоқда кенг муҳокама қилиниши ортидан ноқонуний қарор Бош прокуратура аралашуви билан бекор қилинди, байроқ рангидаги тасма таққан йигитнинг ноқонуний жазоланиши бартараф этилди.

Top