Спорт | 15:33 / 10.08.2023
19006
2 дақиқада ўқилади

«Ан-Наср» Машарипов билан хайрлашмоқчи. Унга Туркия клуби қизиқиш билдирмоқда

«Ан-Наср» клуби футболчиси Жалолиддин Машарипов фаолиятини Туркияда давом эттириши мумкин.

Икки йилдан буён Саудия Арабистонида фаолият юритаётган Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Ар-Риёд клубини тарк этиши кутилмоқда. Ўз сафига бир қатор юлдузларни таклиф этган «Ан-Наср» клуби Садио Мане билан шартнома имзолагач, Жалолиддин Машариповнинг жамоада қолиши сўроқ остида эди.

Saudi Pro League Transfers хабарига кўра, «Ан-Наср» ўзбекистонлик 29 ёшли яримҳимоячи билан хайрлашишни истамоқда. Аммо Машарипов ва ар-риёдликлар ўртасидаги шартнома ҳали якунланмагани боис, футболчи «Ан-Наср» аъзоси саналади.

Қайд этилишича, Машариповга Туркия Суперлигасидан таклиф бор. «Трабзонспор» клуби ўзбекистонлик футболчини ўз сафига қўшиб олишни истаётгани ҳақида хабар қилинган. 

Туркиянинг 61saat.com нашри хабарига кўра, «Трабзонспор» яримҳимоячиси Мислав Оршич жароҳат олгач, жамоа устози Ненад Белица Жалолиддин Машариповни ўз жамоасида кўришни истамоқда. 
 
Эслатиб ўтамиз, Жалолиддин Машарипов йил бошида Криштиану Роналду клубга ўтгач, унга 7-рақамни бўшатиб берган ва ўзи 77-рақамни танлаганди. Бир ой аввал «Интер»дан Марцело Брозович трансфери амалга ошгач, хорватиялик футболчи Машариповнинг рақамига эга чиқди. Ўзбекистонлик яримҳимоячи ҳуқуқий жиҳатдан Саудия клуби аъзоси саналса-да, янги мавсум олдидан жамоа билан бирга эмас.

Маълумот учун, «Трабзонспор» Туркия Суперлигаси якунланган мавсумида 6-ўринни эгаллаган эди.

Мавзуга оид