Ўзбекистон | 07:52 / 20.09.2023
7598
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди

Ўзбекистон президенти БМТ бош котиби билан ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

19 сентябр куни Ню-Йорк шаҳрида ўтаётган БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясининг умумий мунозаралари доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболлари, энг аввало, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий вазифа ва мақсадларни рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган юксак даражага чиққани қайд этилди. Биргаликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилинди, Оролбўйи минтақаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун махсус Траст фонди фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг бир қатор нуфузли тузилмаларига сайланди ва уларнинг ишида фаол иштирок этмоқда. Биргаликда глобал кун тартибига оид, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш, камбағалликка ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари бўйича йирик халқаро тадбирлар ўтказилмоқда.

Антониу Гутерриш Ўзбекистон президентининг Бош ассамблея 78-сессиясидаги нутқини юксак баҳолаб, мамлакатда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини, давлат раҳбари долзарб глобал ва минтақавий муаммоларга ечим топиш борасида илгари сурган ташаббус ва таклифлар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Бош котиб янги «Ўзбекистон – 2030» ислоҳотлар стратегиясига киритилган мақсад ва вазифаларнинг кўламдорлигини, улар Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўлиқ ҳамоҳанглигини алоҳида қайд этди. БМТ ва унинг барча институтлари ушбу дастурий ҳужжатни амалга оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кенг кўламли шерикликни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Мавзуга оид