07:52 / 03.10.2023
4573

Ўзбекистон тўй маросимлари туризми соҳасини ривожлантирмоқчи 

Деҳлида Ўзбекистоннинг тўй маросимлари туризми бўйича салоҳияти тақдимот этилди.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Ҳиндистоннинг оммабоп Travel Jingles журнали билан ҳамкорликда сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Ҳиндистонда бугунги кунда соҳанинг янги йўналиши – оилавий тантаналар, жумладан, тўй маросимлари туризми изчил ривож топмоқда. Ҳиндистонликлар орасида бундай тадбирларни хорижий мамлакатларда ўтказишга бўлган қизиқиш катта. Анжуман доирасида мамлакат тўй маросимлари туризми бўйича салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказилди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туристик оқим фаоллашаётгани, хусусан, жорий йил ушбу мамлакатдан ўзбек заминига саёҳат қилаётганларнинг сони ўзаро муносабатлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичга эришилиши кутилаётгани таъкидланди.

Тадбирда Самарқанд шаҳрида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессияси ҳамда ушбу йирик воқеа доирасида уюштириладиган бошқа анжуманларга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам сўзлаб берилди. 

Дипломатия миссияси ва Ҳиндистон туристик компаниялари вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига қаратилган музокаралар ўтказилди.

Top