Иқтисодиёт | 10:26 / 13.10.2023
31638
3 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ваколатлари кенгайтирилди

Вазирлик давлат саноат сиёсатини амалга ошириш ва базавий тармоқларни ривожлантириш бўйича масъул бўлади.

Шавкат Мирзиёев саноат ва унинг таянч тармоқларини жадал ривожлантиришга қаратилган қарорни имзолади.

Давлат саноат сиёсатини амалга ошириш ва базавий тармоқларни ривожлантириш бўйича вазифа ва функциялар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юклатилмоқда.

Илгари бу Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги зиммасига юклатилган бўлиб, вазирлик маҳаллий саноат тармоқларида ишлаб чиқариш, инвестиция, экспорт, маҳаллийлаштириш ва саноат зоналарини ривожлантириш йўналишларини сақлаб қолган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан саноатни ривожлантириш бўйича берилган ваколатларни ҳисобга олган ҳолда иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг ўринбосарларига қўшимча вазифалар юклатилган.

Вазир биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов эндиликда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар учун глобал иқтисодий-молиявий вазият ҳамда бозор конъюнктураси хавфини баҳолашга ҳам масъул бўлади.

Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Бобур Хўжаевга қуйидагилар юклатилмоқда:

  • Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг саноатни ривожлантириш бўйича ҳудудий бошқармалари ва бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, саноат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш учун масъул бўлиш;
  • йирик саноат корхоналарида ва ҳудудларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини мониторинг қилиш ҳамда прогноз кўрсаткичларига эришишда мавжуд рискларни аниқлаш ва бартараф этиш;
  • корхоналарни базавий тармоқларга айлантириш, маҳсулот ва хизматлар таннархини пасайтириш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва фаолият самарадорлигини ошириш;
  • Энергетика вазирлиги билан биргаликда — электр энергияси ва табиий газ бозорларини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун;
  • иқтисодиёт тармоқларида тариф сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирларини таҳлил қилиш ва қабул қилиш.

Вазир ўринбосари Адиз Бобоев ҳудудларни саноат ривожланиши бўйича ишлаб чиқариш инфратузилмасини такомиллаштириш, саноат зоналари ва янги ташкил этилаётган йирик корхоналарнинг инфратузилма таъминоти ҳолатини таҳлил қилиш, уларни молиялаштиришни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан халқаро консалтинг компанияларини жалб этган ҳолда саноат сиёсатини амалга ошириш ва базавий тармоқларни ривожлантириш йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳа бюросини ташкил этиш режалаштирилган. 

Мавзуга оид