07:50 / 31.10.2023
10896

9 ойда Ўзбекистондан 14 мингдан ортиқ киши хорижга кўчиб кетди

Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган.

2023 йил январ—сентябр ойларида Ўзбекистондан хорижга кўчиб кетганлар сони 14 666 минг кишини ташкил этди.

Статистика агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ички миграция қилганлар сони 181,1 минг кишига тенг. Шундан 76 минг нафари (42 фоизи) эркаклар, 105,1 минг нафари (58 фоизи) аёллардир. Кўчиб кетганлар сони шаҳар жойларида 124,4 минг кишини, қишлоқ жойларида 56,7 минг кишини ташкил этди.

Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганларнинг асосий қисми - 11 921 киши Қозоғистон (81,3 фоиз) ҳиссасига тўғри келган. Россияга 2248 (15,3 фоиз), Қирғизистонга 72 (0,5 фоиз), Жанубий Кореяга 71 (0,5 фоиз), Туркманистонга 32 (0,2 фоиз) ва бошқа мамлакатларга 322 киши (2,2 фоиз) кўчиб кетган.

Республика ҳудуди бўйлаб миграция қилганлар ёш гуруҳлари бўйича тақсимлаганда 10,4 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 81,4 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 8,2 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Кўчиб кетганларнинг ўсиш суръати энг юқори даражаси Қорақалпоғистон Республикасида 168,4 фоизга, Навоий вилоятида 143,7 фоизга, Бухоро вилоятида 121,4 фоизга, Хоразм вилоятида 115,9 фоизга ва Тошкент шаҳрида 115,4 фоизга тенг бўлган.

Ҳудудлар бўйича кўчиб кетиш коэффициенти энг юқориси Тошкент шаҳрида, нисбатан паст даражаси Тошкент вилоятида қайд этилган.

Top