Жаҳон | 15:17 / 22.11.2023
9746
3 дақиқада ўқилади

АҚШ: «Вагнер» ҳаво мудофаа тизимини «Ҳизбуллоҳ» ёки Эронга бермоқчи бўлган

«Вагнерчилар» Россия ҳукуматидан Эрон ёки «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар олган, деди Оқ уй вакили. 

Фото: Celestino Arce Lavin/ZUMA Wire/dpa/picture alliance

Россия ҳукумати, АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ёки Эронга топширишни буюрган. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби 21 ноябр, сешанба куни журналистларга: «Биз олган маълумотлар шуни кўрсатадики, «вагнерчилар» Россия ҳукумати кўрсатмаси билан «Ҳизбуллоҳ» ёки Эронга ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини етказиб беришга тайёрланаётган эди», деди.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳарбий соҳада «мисли кўрилмаган» Россия-Эрон ҳамкорлиги доирасида содир бўлган. «Терроризмга қарши туриш учун биз таъминотни беқарорлаштиришга алоқадор бўлган россиялик жисмоний ва юридик шахсларга қарши санкция воситаларимиздан фойдаланишга тайёрмиз», деди Кирби. У Қўшма Штатлар «Вагнер» «Ҳизбуллоҳ» ёки Эронга ҳарбий техника етказиб бериши бўйича масалани диққат билан кузатиб боришига ваъда берди. Унинг қўшимча қилишича, Теҳрон «бу ёрдам эвазига Россияга Украинада фойдаланиш учун баллистик ракеталар бериш имкониятини кўриб чиқмоқда». Москва бу ҳақда изоҳ тақдим этмади.

Ноябр ойи бошида The Wall Street Journal ҳам АҚШ разведкасига таяниб, «Вагнер» «Панцирь С-1» зенит-ракета тизимини «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига топширишни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Ушбу хабарни шарҳлар экан, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков «де-факто» «Вагнер» мавжуд эмаслигини айтди, шунинг учун бундай мулоҳазалар «ҳеч нарсага асосланмаган».

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги зиддият кучайишидан хавотирлар

АҚШ мудофаа вазирининг Яқин Шарқ бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дана Струл 9 ноябр куни Россия зенит-ракета тизимларининг «Ҳизбуллоҳ»га берилиши Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги можаро «катта кескинлашувига» олиб келишини айтди. «Бу Исроил хавфсизлигига жуда катта зарар келтиради, айниқса биз иккинчи фронт очилишига йўл қўймаслик учун жуда кўп ҳаракат қилаётган бир пайтда», деди у Конгрессдаги эшитувларда.

«Ҳизбуллоҳ» фаластинликлар билан яқин ҳамкорлик қилади. Қўшма Штатлар «Ҳизбуллоҳ» ва бошқа эронпараст кучларни 7 октябр куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин кескин авж олган қуролли можарога аралашув оқибатлари ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. 

Мавзуга оид