14:09 / 30.11.2023
41147

Онананинг хатолари «МЮ»ни «кўмди», «Арсенал» 6 та гол урди. ЕЧЛда кун якунлари

Ҳусанов дебютда пеналтига сабабчи бўлди, Рамосда тарихий, Беллингҳэмда Зидан услубидаги гол. Чемпионлар лигасида чоршанба оқшомида ўтказилган 5-тур учрашувлари, ўйинлардаги голлар ва гуруҳлардаги вазият.

Фото: BSR AGENCY/GETTY IMAGES

А гуруҳи

Зиёш — тен Ҳагнинг даҳшатли туши

«Галатасарой» — «Манчестер Юнайтед» 3:3
Голлар:
Зиёш (29, 62), Оқтуркўғли (71) — Гарначо (11), Фернандеш (18), Мактоминей (55). 
«Галатасарой» – Муслера, Боэ, Ойхон, Бардакчи, Анхелинио (Нелссон, 83), Зиёш (Йилмаз, 82), Торрейра, Ндомбеле (Оливейра, 60), Заа (Демирбай, 88), Мертенс (Оқтуркўғли, 60), Икарди.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Уан-Биссака (Далот, 78), Магуайр, Линделёф, Шоу, Фернандеш, Амрабат (Майну, 58), Мактоминей, Антони, Гарначо (Пеллистри, 78), Ҳойлунд (Марсиял, 58).
Огоҳлантиришлар: Фернандеш (27), Боэ (42), Амрабат (45), Ойхон (53), Шоу (59), Уан-Биссака (64).

Биринчи даврада «Олд Траффорд»да кечган учрашувда мезбонлар икки бор ҳисобда олдинда боришган, аммо якунда ютқазишнинг уддасидан чиқишганди (2:3). Шундай экан, Истанбулдаги «ҳаёт-мамот» ўйинида «қизил иблислар»дан ҳисобни имкон қадар тезроқ қулай кўринишга келтириш талаб этиларди ва 18-дақиқага келиб чиндан ҳам шундай вазият юзага келганди. Аввалига Гарначо Ҳойлунд ва Бруну Фернандешнинг комбинацияси якунида яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Кейин «МЮ»нинг португалиялик сардори узоқ масофадан чиройли зарба йўллаб, ҳисобда фарқни оширди. Аммо ҳатто икки тўп устунлиги ҳам етарли бўлиб чиқмади.

Ҳисоб 1:0 ҳолатида Онана қаҳрамонлик кўрсатганди, аммо кейин мезбонлар ушбу дарвозабоннинг нозик томонидан фойдалана бошлади. Танаффус арафасида Зиёш собиқ жамоадоши ҳамда собиқ устозини ноқулай ҳолатга тушириб қўйди, у зарба шу томондан келишини тахмин қилиб «жонли девор»нинг орт томонига ҳаракатлана бошлаган дарвозабонни бўш қолдирилган ҳудудга йўлланган оддий зарба билан жазолади. Иккинчи бўлимда — Мактоминай Ван-Биссаканинг ажойиб узатмасини голга айлантириб, орадаги фарқни яна икки голга етказганидан кўп ўтмай — Онана Зиёшнинг айлантириб йўллаган пасини ўзи дарвозага киритиб юборди.

У кейинги вазиятда Зиёшнинг навбатдаги зарбасини қайтарди, аммо Оқтуркўғли барибир учинчи голни урди. У Зиёшнинг аъло даражадаги узатмасидан кейин жарима майдонига кириб, кучли ва аниқ зарба йўллади. Бу учрашувдаги драматизм Манчестерда кечган биринчи ўйиндагидан кўпроқ бўлди, агар томонлар ўз вазиятларидан аниқроқ фойдалана олганида таблодаги рақамлар 5:5 кўринишини олиши ҳам мумкин эди.

Ва бу икки жамоа ҳимоячиларининг жуда ёмон ўйини туфайли эмас, балки ҳужумлар яхши ташкил этилгани эвазига бўлди. Меҳмонлар 90-дақиқада ғалабани илиб кетиши мумкин эди, Лукас Торрейра тўпни узоқлаштиришда хатога йўл қўйиб, уни ватандоши Пелистрига совға қилди, аммо ёш футболчининг яна бир тажрибали уругвайлик Муслера билан дуэлда оёқлари қалтиради.

«Бавария» — «Копенҳаген» 0:0
«Бавария» – Нойер, Упамекано, Горетцка, Дэвис (Крэтциг, 86), Геррейру (Павлович, 64), Киммиҳ, Лаймер, Мюллер, Коман (Сане, 64), Кейн, Тел (Гнабри, 64).
«Копенҳаген» – Грабара, Йелерт, Бойлесен (Анкерсен, 71), Вавро, Дикс, Фалк, Элюнусси, Лерагер, Гонсалвеш (Ҳойлунд, 90+5), Бардакчи (Ашури, 60), Классон (Оускарссон, 60).
Огоҳлантиришлар: Гонсалвеш (24), Фалк (55). 

«МЮ» охирги ўринда қолди ва гуруҳдан фақат бир ҳолатда чиқиши мумкин. Биринчидан, сўнгги турда ЕЧЛ гуруҳ босқичларида олти йилдан буён мағлубият нелигини билмаётган «Бавария»ни мағлуб этиш талаб этилади. Иккинчидан, «Копенҳаген» ва «Галатасарой» ўзаро ўйинда дуранг ўйнаши керак. «Бавария» бу турда ҳаддан ташқари кўнгилчанлик қилди ва белгияликларга очко улашди. Немислар яна ғалаба қозониши ҳам мумкин эди, қўшимча дақиқаларда «Копенҳаген» футболчиси жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнади, аммо пеналти қўйилмади.

12 декабр. «Манчестер Юнайтед» — «Бавария», «Копенҳаген» — «Галатасарой».

В гуруҳи

Рамоснинг тарихий, лекин бефойда голи

«Севиля» — ПСВ 2:3
Голлар:
Рамос (24), Ан Носири (47) — Сайбари (68), Гудел (82), Пепи (90+2). 
«Севиля» – Дмитрович, Навас (Хуанлу Санчес, 58), Рамос, Гудел, Акуня, Ракитич, Фернандо (Торрес, 84), Соу (Жордан, 74), Окампос, Лукебакио (Нянзу, 73), Ан Носири (Мир, 74).
ПСВ – Бенитес, Тезе, Рамало (Сайбари, 58), Боскали (ван Анҳолт, 82), Дест, Схаутен (Пепи, 82), Тил (Тиллман, 58), Верман, Лосано (Вертессен, 44), Бакайоко, де Йонг.
Огоҳлантиришлар: Лосано (33), Окампос (63).
Четлатиш: Окампос (66), Фернандо (90).

Серхио Рамос 18 йил ўтиб «Севиля»га қайтганидан кейинги илк голини урди. Унинг зарбаси Чемпионлар лигасининг ҳозирги форматидаги 10-мингинчи гол сифатида тарихга кирди. Андалусияликлар иккинчи бўлим бошида устунликни оширди ва жамоанинг ғалабаси кафолатлангандек кўринаётганди. Кейин эса жамоа учун ҳақиқий даҳшат бошланди ва клубдаги бугунги инқирозни намоён этиб берди.

Ўтган мавсум давомида «Севиля» Хулен Лопетеги ва Хорхе Сампаолини ишдан бўшатганди. Бунисида — Европа лигасида ғолиб бўлган Хосе Луис Мендилибарага жавоб берилди. Унинг ўрнига келган Диего Алонсо ҳам узоқ қола олмаслиги кўриниб турибди. Ўз вақтида футболчи сифатида Испанияда тўп сурган 48 ёшли уругвайлик бунгача Европада бирор жамоани бошқармаганди ва ҳозирча антикризис менежер бўлиб кўринмаяпти. Фаолиятини «Реал»га қарши дуранг билан бошлаган Алонсо шундан кейин фақат кубок ўйинида олтинчи дивизион вакили бўлган клубни енга олди.

ПСВ билан ўйиндаги мағлубият — қаторасига иккинчиси. Ва энг оғриқлиси ҳам. Икки четлатиш, автогол туфайли устунлик бой берилиши ва қўшимча дақиқаларда ҳал қилувчи гол ўтказиб юборилиши. Бундан ёмонроғини ўйлаб топиш ҳам қийин. Испанлар энди гуруҳдан чиқа олмаслиги аниқ бўлди, иккинчи даражали еврокубок плей-офф босқичига ўтиш учун эса охирги турда «Ланс»ни сафарда мағлуб этиш керак бўлади. Жамоа бунинг учун французларни аямаган «Арсенал»дан миннатдор бўлиши керак. ПСВ эса Окампоснинг қизил карточкасидан максимум фойдаланди. Нидерландлар бунгача ЕЧЛда 32 бор ўйин давомида 0:2 ҳисобида ортда борган ҳолатларида ҳар сафар ютқазган, энди эса Петер Бос жокерлар — Сайбари ва Пепени аниқ топиб, мўъжиза амалга оширди.

«Арсенал» — «Ланс» 6:0
Голлар:
Ҳавертц (13), Жезус (21), Сака (23), Мартинелли (27), Эдегор (45+1), Жоржиньо (86, пеналти). 
«Арсенал» – Райя, Томиясу (Уайт, 46), Габриэл, Салиба, Зинченко (Кивер, 46), Эдегор, Райс (Жоржинио, 75), Ҳавертц, Мартинелли, Сака (Нелсон, 66), Жезус (Нкетиа, 82). 
«Ланс» – Самба, Гради (Ҳусанов, 62), Данзо, Медина (Мачадо, 46), Айдара, Франковски, Менди (Кошта, 76), Фюлжени, Абдул Самад (Эл Энауи, 46), Сотока (Томассон, 46), Ваи.
Огоҳлантиришлар: Менди (41), Ҳусанов (63), Айдара (64).

«Арсенал» ўзи хоҳлаган ишни қилди ва таъбга қараб голлар урди. Танаффусгача 5:0 — Англия жамоаларининг ЕЧЛдаги рекорди бўлди. Дастлабки 45 дақиқаликда беш голни беш хил футболчи уриши умуман асосий еврокубок тарихида кузатилмаганди. Гол урганлардан бири — Сака леверкузенликлар етакчиси Вирц билан биргаликда топ-5 лигаларда бу мавсум камида 10 та голли узатма амалга оширган икки футболчидан бири бўлиб олди.

Меҳмонлар сафида иккинчи бўлимда майдонга тушган ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов эса ўйин охирида Мартинелли билан тўп учун курашда қўли билан ўйнагани туфайли пеналтига сабабчи бўлди, лондонликлар сардори Эдегор эса пеналти тепиш ҳуқуқини Жоржинога топшириб, жамоадаги аҳилликни яна бир бор намойиш этди, у бу билан охирги вақтларда асосий таркибдан жой ололмаётган ва Италия миллий жамоасининг охирги ўйинларидан бирида пеналтидан фойдалана олмаган жамоадошини қўллаб-қувватлади, у эса ўз услубидаги сакраб зарба беришдан воз кечиб, ҳисобни 6:0 кўринишига келтирди. «Канонирлар» биринчи даврадаги мағлубият учун шундай қасос олишди.

Гуруҳда «Арсенал» биринчи, ПСВ иккинчи ўринни олди, сўнгги турда ушбу жамоаларнинг ўзаро учрашувида ҳеч қандай интрига йўқ.

12 декабр. «Ланс» — «Севиля», ПСВ — «Арсенал».

С гуруҳи

Қаймоқранглиларда — беш ўйинда беш ғалаба

«Реал» — «Наполи» 4:2
Голлар:
Родриго (11), Беллингҳэм (22), Паз (84), Хоселу (90+4) — Симеоне (9), Ангисса (47). 
«Реал» – Лунин, Карвахал, Алаба, Рюдигер, Менди (Начо, 87), Кроос, Себаллос (Ҳоселу, 57), Валверде, Беллингҳэм, Диас (Пас, 65), Родриго (Васкес, 87). 
«Наполи» – Мерет, Ди Лоренцо, Рраҳмани, Натан, Жезус (Заноли, 87), Лоботка (Распадори, 87), Зелински (Элмаз, 65), Замбо-Ангисса, Политано (Каюсте, 78), Кварацхелия, Симеоне (Осимҳен, 46).
Огоҳлантириш: Зелински (49).

«Сантияго Бернабеу»да натижа кўпроқ «Наполи»га керак эди. «Реал» тўртинчи турдан кейиноқ плей-офф йўлланмасини ҳал қилган бўлса, неаполликлар сўнгги турда бошқа рақибларнинг натижаларига қараб қолмаслиги учун бу ўйинда ғалаба қозониши талаб этиларди. «Қаймоқранглилар» таркиби оптимал даражада эмасди, анча олдинроқ сафдан чиққан Куртуа, Кепа ва Милитаодан ташқари бу ўйинда Винисиус, Чуамени, Камавинга, Гулер ва Модрич ҳам ўйнай олмасди, лекин Валтер Маццарри ҳам жиддий муаммога учраганди. Италия чемпионларининг энг яхши тўпурари Виктор Осимҳен белидаги жароҳати ҳали тўлиқ тузалмагани туфайли фақат захира ўриндиғидан жой олди ва ҳужум марказида унинг ўрнини «Атлетико» бош мураббийининг ўғли Симеоне эгаллади.

Айнан ушбу ҳужумчи «Наполи»нинг вазиятидан фойдаланиб, дарвозани ишғол этди. Бунгача жамоалар амалда дарвозасиз ўйнашди. Голли ҳужумда Кварацхелия тўпни эгаллаб олди ва ўзининг чап қанотидан олис устун ҳудудига аниқ узатма берди, бу ерда Ди Лоренцо Беллингҳемни ортда қолдирди (Жуд 4-4-2 схемасида чап қанотда ҳимояланди) ва қулай вазиятда очилган аргентиналикни тўп билан таъминлади.

Аммо шундан кейин «Реал»нинг ғазаби қўзиб, тезликни оширди ва 11 дақиқа ичида икки гол урди. Анчелотти жамоаси дарҳол жавоб қайтарди. Голли ҳужумни майдон марказида тўпни эгаллаб, уни жарима майдони ҳудудигача олиб борган Диас уюштирди ва Родриго ҳужумга нуқта қўйди.

«Реал»нинг иккинчи голи ҳам ижро борасида биринчисидан қолишмади. Мезбонлар узоқ вақт давомида тўпни ўзида ушлаб турди ва керакли вақтда Алаба олдинга ташланди. Жарима майдони ичида эса Беллингҳем топ даражасини намойиш этди. Жуд Натандан қочиб кетди ва тўпга бир тегинишда идеал зарба берди – Зинедин Зидан услубида. Беллингҳем «Реал»даги ақлбовар қилмас сериясини давом эттирмоқда. Танаффус арафасида англиялик оёғини қайириб олиб сафдан чиқиши ҳам мумкин эди, унга шифокорлар ёрдами талаб этилди, лекин у ўйинни охирига қадар давом эттира олди.

Осимҳен фақат иккинчи бўлимда майдонга тушди, «Реал» эса бўлимнинг илк дақиқаларида танаффусдан қайтмагандек эди. «Наполи» икки дақиқа ўтмай ҳисобни тенглаштирди. Кейинроқ меҳмонлар яна бир қарши ҳужум уюштирди, агар Кварацхелиянинг Осимҳенга узатмаси аниқ чиққанида гол муқаррар эди. Аммо пасни Валверде эгаллаб олди ва мухлислар олқиши остида ўйинни давом эттирди.

Тўпга эгалик қилиш борасида «Реал» ва «Наполи» амалда тенг эди, Осимҳен бўлим ўрталарида урган гол офсайд туфайли бекор қилинганида, статистика Маццарри жамоасининг зарбалар бўйича устунликка эришаётганини кўрсатди – 9:8 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича – 3:3). Шундан кейин «Реал»да Ҳоселу учта вазиятни йўқа чиқарди. Улардан бирида Беллингҳемнинг зарбасини Мерет бир амаллаб қайтарганида у тўпни бўш дарвозага жойлаб қўйиши кифоя қиларди.

Якунда «Реал»нинг савияси «Наполи»нинг уринишларидан устун келди. Лекин ғалаба голини юлдузлардан бири эмас, балки 19 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи, «Кастиля»дан катталар жамоасига жалб этилган Нико Пас урди. Аргентиналик футболчи кутилмаганда ортга бурилиб, Каюстени ортда қолдирганидан кейин ундан узатма кутилганида зарба йўллади. Мерет рикошет туфайли яқин бурчагидан гол ўтказиб юборди.

«Наполи»ни Осимҳен ҳам, Кварацхелия ҳам қутқара олмади. Хвича, ўйинни яхши бошлаганига қарамай, бу унинг энг яхши ўйинларидан бири бўлмади: тўпга 57 бор тегиниш (шундан фақат 5 таси рақиб жарима майдони ичида), уч зарба (бирортаси дарвоза соҳасига аниқ бормади), етти уринишдан учта муваффақиятли алдаб ўтиш ва зарба бериш учун атиги битта пас. Ўйин якунида эса Ҳоселу ниҳоят ўз голини урди – бу вазиятда ҳам Беллингҳем ажойиб узатмани амалга оширди.

«Брага» — «Унион» Берлин 1:1
Голлар:
Жало (51) — Госенс (42). 
«Брага» – Матеус, Гомес (Мендеш, 82), Фонте, Ниакате, Борха, Моутиньо, Карвальо (Саатчи, 36), Саласар (Андре Орта, 82), Рикарду Орта, Жало (Фернандеш, 82), Банза (Руис, 68).
«Унион» – Реннов, Юранович, Кнохе, Лейте, Руссийон, Гозенс, Хедира (Ааронсон, 79), Тузар (Ҳаберер, 61), Лаидуни (Крал, 78), Фолланд, Беренс (Фофана, 62).
Огоҳлантиришлар: Кнохе (3), Гомес (33), Тузар (39), Саласар (45), Хедира (54).
Четлатиш: Ниакате (31).

«Унион» Берлин мўъжизаси муаллифи Урс Фишерни барибир ишдан бўшатди, аввалроқ унинг ўзи истеъфо сўраганди. Раҳбарият томондан ишончнинг ўзи етарли эмасди ва инқироз чуқурлашиб бораверди. «Унион» мавсумни уч ғалаба билан бошлаганди, кейин эса — 28 августдан бошлаб — жамоа умуман ўзига ўхшамай қолди. Қаторасига 12 ўйиндаги мағлубият, ғалабасиз 15 ўйин — бу фалокат. Хорватиялик Ненад Белицанинг тайинловидан кейин ҳам ўзгариш бўлмаяпти. Октябрда «Трабзонспор»дан ишдан бўшатилган ушбу 52 ёшли мутахассис бошчилигида берлинликлар ғалаба қозониш учун реал имкониятга эга эди ва ҳисобда олдинда бораётганди, аммо қарийб бир соат кўпчилик  бўлиб ўйнаган жамоа Жалонинг ҳужумидан жавоб голи ўтказиб юборди. «Унион»га таскин берадиган ягона жиҳат – жамоа мураббийлар штабида аёл киши – Мария-Луиза Эта бўлган илк жамоа сифатида ЕЧЛ тарихига киргани бўлди.

Сўнгги турда «Наполи» ва «Брага» учрашуви ҳаёт-мамот жангига айланади, иккинчи ўринга чиқиш учун португаллар икки тўп фарқи билан ғалаба қозониши талаб этилади, шунда жамоа очколар сони бўйича италияликларга етиб олиб, тўплар нисбатига кўра яхшироқ вазият ҳосил қилади. «Унион» ҳали ҳам Европа Лигасидан умидвор, бунинг учун «Реал»ни енгиш ва «Брага»нинг мағлубиятидан умид қилиш керак бўлади.

12 декабр. «Наполи» — «Брага», «Унион» — «Реал».

D гуруҳи

«Интер» ўйинда бурилиш ясади ва 0:3 дан чиқиб кетди

«Бенфика» — «Интер» 3:3
Голлар:
Мариу (5, 13, 34) — Арнаутович (51), Фраттези (58), Санчес (72, пеналти). 
«Бенфика» – Трубин, Отаменди, Антониу Силва, Морато, Ди Мария (Араужо, 89), Рафа Силва (Гувейя, 90+9), Флорентину (Кўкчю, 79), Невеш, Мариу (Шикиньо, 90+9), Эурснес, Тенгстедт (Муса, 79).
«Интер» – Аудеро, Дармиан (Куадрадо, 68), де Врей (Димарко, 77), Ачерби, Биссек, Аугусто, Классен (Барелла, 68), Фраттези, Аслани, Арнаутович (Тюрам, 68), Санчес (Мартинес, 79).
Огоҳлантиришлар: Мариу (72), Куадрадо (76), Морато (78), А.Силва (83).
Четлатиш: А.Силва (86). 

Гуруҳ масаласи муддатидан олдин ҳал бўлгани учун Симоне Индзаги А серия устуворлигини айтиб ўтганди, ўтган дам олиш кунларида «Ювентус» билан муҳим дурангга эришилганидан кейин (1:1) нерадзурриларни Неаполга сафар кутмоқда. Ўз-ўзидан Лиссабондда номинал иккинчи таркиб туширилди, аммо бу «Интер»ни оқлай олмайди. Июнда финалда ўйнаган жамоа калтакбоп болаларга айланишга ҳақли эмасди. Бу ҳолатда Италия чемпионати етакчиси собиқ футболчиси Жоау Мариудан 34 дақиқа ичида ҳет-трик қабул қилиб олди. У ЕЧЛнинг ўтган мавсумида «Бенфика»нинг энг самарадор футболчиси бўлганди, аммо бунгача еврокубокда бир ўйинда биттадан ошиқ гол урмаганди.

Индзагига бу ҳолат ёқмади ва иккинчи бўлимда «Да Луж» майдонига бутунлай бошқача жамоа тушиб келди. Бу фақат таркибдаги қайта тузилишлар ҳақида эмас. Аввалига VAR меҳмонларга ёрдамга келди ва Арнаутович Чемпионлар лигасида 2010 йилдан буён урилган илк голини нишонлади. Кейин Фраттези тўпни тўхтатмасдан зарба бериб ҳисобни янада қисқартирди, ниҳоят Отаменди жарима майдони ичида Тюрамга қўполлик қилгач, Алексис Санчес ЕЧЛдаги илк пеналтисини аниқ ижро этиб, мувозанатни тиклади.

«Реал Сосиедад» — «Залцбург» 0:0
«Реал Сосиедад» – Ремиро, Одриосола (Траоре, 74), Элустондо (Пачеко, 46), Субелдия, Мунос, Мендес (Барренечеа, 65), Субименди, Турриентес, Захарян, Ойарсабал (Содиқ, 80), Чо (Кубо, 74).
«Залцбург» – Шлагер, Дедич, Павлович (Моргалла, 46), Пионтковски, Улмер (Байду, 84), Бидструп, Сучич, Капалдо, Глух (Аманква, 78), Доржелес (Конате, 62), Ратков (Шимич, 62).
Огоҳлантиришлар Элустондо (38), Дедич (90+1).

Бу гуруҳда плей-офф иштирокчилари ўтган турдан кейиноқ маълум бўлганди. «Реал Сосиедад» бу турда ҳам очко йўқотганига қарамай, ҳамон биринчи ўринда, энди охирги турда «Интер»га қарши «Жузеппе Меацца» ўйингоҳида бўлиб ўтадиган ўзаро учрашувда плей-оффга ким биринчи ўрин билан чиқиши масаласи ҳал қилинади. «Залцбург» эса Европа Лигасига йўл олиши учун ўз уйида «Бенфика»га учта тўп фарқи билан ютқазмаслиги кифоя.

12 декабр. «Залцбург» — «Бенфика», «Интер» — «Реал Сосиедад».

Кун статистикаси

  • Жуд Беллингҳем «Реал» учун ЕЧЛдаги дастлабки тўрт ўйинида гол урган биринчи футболчига айланди. Ушбу англиялик барча турнирлар ҳисобга олинганда мадридликлар учун 15 гол урган, бу Дортмунддаги ўтган мавсум давомидаги натижасидан яхшироқ.
  • «Галатасарой» яримҳимоячиси Ҳаким Зиёш сўнгги йигирма йилликда ЕЧЛ ўйинида жарима зарбасидан икки гол урган 3-футболчи бўлди. Бунгача бу ишни фақат Криштиану Роналду ва Неймар уддалаганди.
  •  «Наполи» ҳужумчиси Жованни Симеоне еврокубокда урган голлари сонини 5 тага етказди. Бу машҳур отаси Диегонинг натижасидан ҳозирча биттага камроқ.
  • Мавсумдаги илк йигирма ўйинда ўтказилган 33 гол — «МЮ»нинг 1962 йилдан буён энг ёмон натижаси. Бундан ташқари, «қизил иблислар» дарвозаси ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги беш ўйинда 14 бор ишғол этилган илк инглиз жамоаси бўлди. Бунгача энг ёмон кўрсаткич 11 гол бўлганди.
  • Португалия миллий жамоаси ҳужумчиси Рикарду Орта «Брага» учун 347-ўйинини ўтказди. Бу клуб тарихидаги иккинчи кўрсаткич.
Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top