Ўзбекистон | 10:43 / 15.12.2023
4920
5 дақиқада ўқилади

Атмосферага бир йилда 900 минг тонна “чиқинди” ташланмоқда – Сенат

Сенатда ўтказилган мажлисда қайд этилишича, мамлакатда атмосферага ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори сўнгги ўн йилда қарийб 21 фоизга ортган. Корхоналардаги мавжуд 6 мингдан ортиқ чанг-газ тозалаш ускуналаридан 60 фоизининг тозалаш самарадорлиги ўртача 86,5 фоизни ташкил этмоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

14 декабр куни Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилиши режалаштирилган қатор қонунлар кўриб чиқилган.

Таъкидланишича, мамлакатда дарахтларни асраш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш ва сақлаб қолиш бўйича тизимли чоралар кўрилишига қарамасдан, уларга зиён етказиш билан боғлиқ ҳолатлар ортиб бормоқда. Саноат, ишлаб чиқариш, қурилиш кўламининг жадал кенгайиши аҳоли пунктларига тушаётган салбий экологик босимни камайтириш механизмларини янада такомиллаштиришни тақозо этаяпти.

Шу сабабли “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, дарахт, бута, бошқа ўсимлик ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, шикастлаш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш учун белгиланган жарима миқдори беш баробарга ошириляпти. Бундай ҳуқуқбузарлик учун жарима фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 50 бараваридан 75 бараваригача кўпайтирилмоқда. Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилганда эса жаримани фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 75 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 75 бараваридан 100 бараваригача ошириш ёки ҳуқуқбузарга нисбатан ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазо турини қўллаш назарда тутилмоқда.

Эндиликда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний равишда кесганлик, йўқ қилганлик учун юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача молиявий санкциялар қўлланади. Қоидабузарлик билан кесилган ҳар бир дарахт ўрнига қимматлиги жиҳатидан ундан кам бўлмаган юз туп дарахт кўчатини экиш ва уч йил давомида парвариш қилиш шартлиги кўзда тутилмоқда.

Қўмита мажлисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда ҳудудларни яшиллаштириш бўйича олиб борилаётган фаолият юзасидан ахбороти ҳам эшитилган.

Қайд этилишича, мамлакатда атмосферага ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори сўнгги ўн йилда қарийб 21 фоизга ортиб, ҳозирда йилига ўртача 900 минг тоннани ташкил этмоқда. Корхоналардаги мавжуд 6 мингдан ортиқ чанг-газ тозалаш ускуналаридан 60 фоизининг тозалаш самарадорлиги ўртача 86,5 фоизни ташкил этяпти.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги мавсумда экилган 1 млн 800 минг кўчатни парваришлашга масъуллар бириктирилмаган. Суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга 7,3 млн туп кўчат экилган. Дарахтларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.

Мажлисда сенаторлар томонидан дарахтларнинг жойлашуви ва сонини аниқлаш ҳамда электрон харита яратиш, шаҳарлар, саноат корхоналари ва автомобил йўллари атрофида “яшил қалқонлар” ташкил этиш, жамоат, айниқса дизел ёқилғисида ишлайдиган транспорт воситаларини экологик тоза энергия манбаларига ўтказиш, экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилган.

Мажлис якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинган.

Афғонистон ҳудудидаги Қўштепа каналида ўпирилиш юзага келди. Оқиб чиққан сувдан сунъий кўл ҳосил бўлган. Канал ўпирилган деган даъво билан тарқатилаётган фотосуратлар 10 ноябр куни сунъий йўлдош орқали тасвирга олинган. Унда каналнинг ўпирилган жойи ва янги пайдо бўлган сунъий сув омбори кўрсатилган.

Сунъий йўлдош суратларига эътибор қаратилса, сув сизиб чиқиши ноябр ойи бошларига тўғри келади. Чунки 1 ноябргача олинган сунъий йўлдош тасвирларида каналда сув ўпирилиши содир бўлмаганини кўриш мумкин. 5 ноябр кунги тасвирларда эса каналдан сув сизиб чиққани акс этган. Ҳозирча ҳудуддаги ҳолат юзасидан маҳаллий расмийлар изоҳ бермаган, шунингдек, минтақа давлатлари ҳам бу масалага эътибор қаратгани йўқ.

Экологлар Қўштепа канали Амударё умумий оқимининг 15-20 фоизини ўзлаштиришга қодирлигини таъкидлайди. Канал узунлиги 280 километрни, эни эса 100 метрни ташкил этади. Каналнинг ишга туширилиши минтақада сувдан фойдаланиш мувозанатини ўзгартириб юбориши мумкин.

11 октябр куни Қўштепа канали қурилишида 2-босқичга старт берилганди. 2023 йил июн ойида Ўзбекистон сув вазири Шавкат Ҳамроев Қўштепа канали орқали Афғонистон 300 минг гектарни суғормоқчи экани, бунга 4−5 млрд куб метр сув етиши, Ўзбекистон мана шу миқдор сақланиб қолишига интилишини айтган эди. Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов эса Қўштепа канали Амударё сувининг камида 15 фоизи олиниши, бироқ канал жойлашган шароитдан келиб чиқса, олинаётган сувнинг катта қисми тупроққа сингиб кетиши, парланиб кетиши мумкинлиги ва фойдали иш коэффициенти кам бўлишини таъкидлаган.

Мавзуга оид