19:27 / 13.01.2024
35214

“Гелик”нинг электромобилидан “танк бурилиш” ва “умрбоқий батарея” – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Умрбоқий батарея”

Хитойнинг Betavolt стартапи BV100 ядро аккумуляторини тақдим этди, у 50 йил давомида қувватлаш ва техник хизмат кўрсатилмасдан электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин. 

Тангадан кичикроқ модулда (15х15х5 мм) 63 та ядро изотопи бор. Батарея 100 микроватт электр энергияси ва 3 В кучланишни ишлаб чиқариши мумкин, шунингдек, -60°С дан 120°С гача бўлган ҳароратда ишлашга қодир. Ишлаб чиқарувчилар унинг мутлақо хавфсиз эканини таъкидламоқда. Кўп қатламли дизайн ёнғин ва ташқи таъсирлардан портлашни истисно қилади. 

Ядро батареяси экологик тоза. Парчаланиш давридан кейин Никел-63 атроф-муҳитга зарар етказмайдиган миснинг барқарор изотопига айланади. 

BV100 батареяси нархи эълон қилинмади, аммо термоядро батареяларини ишлаб чиқариш шу пайтгача жуда қиммат ҳисобланган. Америка ва Европа тадқиқот институтлари ҳам бу йўналишда иш олиб бормоқда. 

2025 йилга бориб Betavolt 1 kW қувватга эга аккумулятор чиқаришни режалаштирмоқда.

Турган жойида айлана оладиган “Гелик”нинг электромобили

“Мерседес-Бенз” машҳур Geländewagen’нинг (G-Klasse) электроверсиясини намойиш қилди. Автомобил жорий йилнинг охиригача дебют қилиши керак ва унинг оммавий ишлаб чиқарилишини белгиловчи асосий омил юқори кремнийли Sila анодларининг мавжудлиги бўлади, чунки бу етарлича сиғимли, жуда оғир бўлмаган ва катта ҳажмли батарея яратишга имкон беради.

“Гелик”нинг топ версияси ҳар бир ғилдирак учун биттадан тўртта электромоторга эга бўлади, шунинг учун у "танк бурилиш" деб аталадиган ҳаракатни амалга ошириши мумкин. Бундай ҳолда, ғилдиракларнинг ҳар томондан қарама-қарши йўналишда айланиши туфайли, электромобил жойида 180 даража бурилиш имкониятига эга бўлади.

Митти Rabbit R1 антисмартфони

CES 2024 маиший электроника кўргазмаси доирасида Rabbit R1 “янги авлод гаджети” тақдим этилди. Ишлаб чиқарувчига кўра, бу — сунъий интеллектга асосланган антисмартфон, унда ҳеч қандай илова бўлмайди. 

Rabbit R1 классик мобил телефондан бутунлай фарқ қилади. У 2,88 дюймли сенсорли экранга, айланувчи камерага ва интерфейсларни айлантиришга мўлжалланган ғилдиракчага эга. 

Rabbit R1 ичида 2,3 ГГц частотали MediaTek процессори, 4 Гб оператив хотира ва 128 Гб ички хотира, шунингдек, қуввати бир кунга етадиган батарея мавжуд. 

Қурилма қўнғироқларни амалга ошириши (SIM-слот бор), хабарлар юбориши, ҳар қандай саволларга жавоб бериши ва таксига буюртма бериш ёки ресторанда стол банд қилиш каби кўрсатмаларни бажариши мумкин. 

Rabbit R1 март ойида 199 доллардан сотувга чиқарилади. 

Geely Monjaro L 2024

Geely Monjaro L тақдим этилди. Унинг нархи 19,5 минг доллардан бошланади. Автомобил 3 хил комплектацияда тақдим этилди: Comfort, Luxury, Premium. Нархлар эса 19,5 мингдан 22 минг долларгача.

Geely Monjaro L 218 от кучига эга 2 литрли турбодвигател билан жиҳозланган. Двигател 7 босқичли “робот” коробка билан ҳамкорликда ишлайди.

Интернетни блоклаб, энг кўп зарар кўрган давлатлар

Top10VPN халқаро лойиҳаси ҳисоботига кўра, 2023 йилда Россия иқтисодиёти интернет блокланиши туфайли энг кўп – 4,2 миллиард доллардан кўпроқ зарар кўрган.

Ўтган йилда интернет тармоғининг ўчирилиши ва блокланишидан жаҳон иқтисодиётига етказилган жами зарар 9,01 миллиард долларга баҳоланмоқда. Россиядан кейин энг кўп зарар кўрган мамлакатлар ичида Эфиопия (1,59 миллиард доллар), Эрон (920,3 миллион доллар), Мянма (859,4 миллион доллар) ва Ҳиндистон (585,4 млн доллар) бор.

Ўзбекистон 2023 йилги рейтингда қайд этилмади. 2022 йилги рейтингда эса 5-ўриндан жой олиб, молиявий зарар миқдори 219,7 млн долларга тенг бўлган эди.

Дунёдаги биринчи шаффоф MicroLED экран

Samsung компанияси CES 2024 кўргазмасида MicroLED технологиясига эга дунёдаги биринчи шаффоф экранни тақдим этди

Компания стендга учта дисплейни жойлаштирди, улардан иккитаси қорайтирилган шиша, биттаси эса бутунлай шаффоф эди. Рангли ойналар фондаги барча нарсаларни ёпди, шунинг учун улар тасвирни томоша қилишга халақит бермади. 

Барча экранлар тахминан 1 см қалинликда ва рамкасиз дизайнга эга. Дисплей ранглари жуда тиниқ ва бой. Уни кўрган журналистларнинг айтишича, у ҳавода сузаётган голограммага жуда ўхшайди. 

Samsung компаниясининг фикрича, шаффоф MicroLED дисплейлар шаффоф OLED дисплейларга нисбатан анча ёрқин. Шунингдек уларга атроф-муҳит ёруғлиги камроқ таъсир қилади. 

Компания вакили технология қачондан оммавий ишлаб чиқарилиши ҳақида маълумот бермади, бироқ, арзон нархга умид қилмаслик керак. 

Ҳозир шаффоф бўлмаган MicroLED экранли ягона Samsung телевизорининг нархи 150 минг долларга тенг.

Top