11:29 / 09.02.2024
4189

Сурхондарёда МЧЖ раҳбари 1 млрд сўм кредит маблағини талон-торож қилди

Сурхондарё вилоятида кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Қайд этилишича, департаментнинг Бойсун туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда «Г.Г.» МЧЖ раҳбари Ш.С. ҳудудий тижорат банки филиалидан замонавий иссиқхона қуриш мақсадида ажратилган 1 миллиард сўм кредит эвазига иссиқхона жиҳозларини олиб келмасдан, кредит маблағларини “Н.М.” МЧЖга ўтказиш орқали талон-торож қилгани аниқланган.

Шу каби, «Б.Ҳ.» фермер хўжалиги раҳбари Б.Ф. чорвачиликни ривожлантириш мақсадида ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган кредит маблағлари эвазига олиб келинган йирик шохли наслдор чорва молларини бошқа шахсларга сотиб юбориб, жами 900 миллион сўм кредит маблағини талон-торож қилгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top