21:08 / 26.02.2024
7531

Ҳиндистонда бошқарувсиз қолган поезд 70 км масофани босиб ўтди 

Поезд фақат релсларга ўрнатилган ёғоч блоклар туфайли тўхтатилди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмади. 

Ҳиндистон темирйўллари «қочқин поезд» билан боғлиқ ҳодисани текширишни бошлади. Қайд этилишича, бошқарувсиз қолган поезд 70 км масофани босиб ўтган. Бу ҳақда The Guardian хабар берди. 

25 феврал куни шағал ортилган 50 та вагонли юк поезди Жамму ва Кашмирдан Панжобга жўнаб кетган. Поезд экипажни алмаштириш учун Жаммудаги станцияда тўхтаган. Машинист ва унинг ёрдамчиси поездан тушгач, у қияликдан пастга қараб ҳаракатланишни бошлаган. 

Поезд тахминан 100 км/соат тезликка эришган. Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун унинг йўналиши бўйлаб барча темирйўл кесишмалари ёпилган. Поезд фақат релсларга ўрнатилган ёғоч блоклар туфайли тўхтатилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. 

Ҳиндистон темирйўллари ҳар куни миллионлаб йўловчиларни ташийди. Уларни модернизация қилиш, замонавий станциялар қуриш, электрон сигнализация тизимларини ўрнатиш учун катта маблағ йўналтирилади. Бироқ, турли ҳодисалар мунтазам равишда содир бўлади. 2023 йил ёзида учта поезд тўқнашиши оқибатида камида 275 киши ҳалок бўлган эди. 

Top