Ҳиндистонда учта поезд тўқнашган ҳудуддаги қутқарув ишлари якунланди - вайроналар орасидан барча қурбонлар ва жабрланганлар олиб чиқилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, жума куни мамлакат шарқидаги Одиша штати ҳудудида йўловчи поезд ҳаракатсиз турган юк поездига урилиши, у издан чиқиб кетиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган бошқа йўловчи поездига урилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 275 нафарни ташкил этмоқда.

Расмийлар бундан аввалроқ қурбонлар сони 288 нафарлигини хабар қилганди, аммо кейинроқ рақамлар ўзгарди - Одиша штати бош котиби Прадип Женнинг хабар беришича, ҳисоблаш вақтида айрим жасадлар иккитага баҳолангани маълум бўлди.

Шунингдек, 1200 нафарга яқин киши турли даражада тан жароҳатлари олган. Оғир ярадорлар Одиша штатидаги, воқеа жойидан тахминан уч соатли масофада бўлган йирик шифохонага ётқизилган. Айни вақтда бу ерга 220 нафарга яқин жабрланувчи олиб келинган, уларнинг сони ошишда давом этади.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди фожиа жойида
Фото: INDIAN PRESS INFORMATION BUREAU/REUTERS

Мамлакат бош вазири Нарендра Моди воқеа жойига ташриф буюрган. У шифохонада жабрланганлар билан ҳам учрашган ва унинг ҳукумати уларнинг даъволаниши учун барча ишни қилишига ваъда берган.

Ҳозирга қадар Баласор округидаги поездлар тўқнашувига нима сабаб бўлгани аниқ эмас - бу жорий асрда Ҳиндистондаги энг даҳшатли темирйўл ҳалокати сифатида баҳоланмоқда.

«Дастлабки маълумотларга кўра, авария сигнал носозлиги оқибатида рўй берган», дея хабар қилади Жануби-Шарқий темирйўлнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича бош мутахассиси К. С. Ананд.

Тахминларга кўра, икки йўловчи поезд бортида икки мингга яқин йўловчи бўлган.

Расмийларнинг сўзларига кўра, Калкуттадан Ченнайга ҳаракатланган Coromandel Express поездининг бир неча вагони тахминан соат 19:00 (13:30 GMT) да ҳаракатсиз турган юк поезди билан тўқнашувдан кейин релсдан чиқиб кетган. Экспресс қандай қилиб юк поезди билан битта изга тушиб қолгани маълум эмас.

Шундан сўнг, Coromandel Express поездининг бир неча поезди қарама-қарши йўналишга ўтиб қолган. Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган, Йесвантпурдан Хауруга кетаётган Howrah Superfast Express поезди ўз йўлига чиқиб қолган вагонларга келиб тўқнашган.