15:02 / 01.03.2024
23304

Украина бир ой ичида Россиянинг 13 та самолётини уриб туширган. Бунга қандай эришилган?

Украина қуролли кучлари феврал ойининг икки ҳафтаси давомида россияликларнинг 13 та жанговар самолётини уриб туширгани ва бу урушнинг олдинги икки ойи давомида уриб туширилган самолётлардан анча кўпроқлигини маълум қилмоқда.

Яъни самолётлар олдин ҳам уриб туширилган. Январ ойи ўрталарида украин кучлари россияликларнинг А-50 разведкачи самолётини ҳамда Ил-22 ҳаводаги қўмондонлик пунктини уриб туширганди.

Бундан ташқари, Россия ҳукумати Украинани 24 январ куни  Белгород яқинида Ил-76 русумли ҳарбий-транспорт самолётини уриб туширишда айблаган, Москва бу самолётда алмашув учун олиб кетилаётган украин ҳарбий асирлари бўлганини билдирган.

Аммо феврал ойига келиб россияликларнинг уриб туширилган бортлари сони кескин ўсди. 17 февралдан 29 февралгача бўлган муддатда, Украина қуролли кучлари қўмондонлигига кўра, жами 13 самолёт уриб туширилган.

Хусусан, 17 феврал куни кундузи Су-34 русумли иккита бомбардимончи-қирувчи самолёт ва Су-35 русумли битта қирувчи самолёт зарбага йўлиққан. Кейинги куни эса яна бир Су-34 қулаган.

19 феврал куни яна бир Су-34 ва битта Су-35С қирувчи самолёт, 21 феврал куни эса — яна Су-34 уриб туширилган.

23 феврал куни кечқурун Краснодар ўлкасида узоқ масофадан радиолокацион аниқлаш ишларини амалга оширувчи (ДЛРО) А-50 русумли яна бир самолёт қулади. Украина ҳукумати бу мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳарбий разведканинг қўшма амалиёти бўлганини маълум қилди.

Украина қуролли кучларига кўра, Су-34 русумли яна иккита бомбардимончи самолёт 27 феврал куни уриб туширилган, турли маълумотларга кўра, 29 феврал куни тонгда ва куннинг иккинчи ярмида Украина шарқида жами учта шундай самолёт уриб туширилган.

Шу тариқа, Россия икки ҳафта ичида 13 та самолётидан айрилагн, шундан 10 таси — Су-34 бомбардимончилари.

4-авлодга мансуб бўлган бундай самолёт рақибнинг қуруқлик ва ҳаводаги нишонларига ракета-бомба зарбалари йўллашга мўлжалланган. У авиация бомбалари, жумладан КАБ-1500 ва КАБ-500 русумли йўналтирилувчи бомбалар билан жиҳозланади.

Defense Express нашри маълумотига кўра, 2022 йил бошида Россияда Су-34 бомбардимончиларидан 100 га яқин ва А-50 разведкачи самолётларидан 9 та бор эди.

Украина ҚК бош штаби маълумотига кўра, 29 феврал кунига келиб Россия жами 345 та ҳарбий самолётини йўқотган.

Украина ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчукнинг сўзларига кўра, бу фотосуратда россияликларнинг 27 феврал куни уриб туширилган Су-34 самолёти қулаши акс этган

Шу билан бирга, Россия кўп ҳолларда ўз жанговар самолётларини йўқотганини тан олмайди, ҳатто интернетда буни тасдиқловчи фотосурат ва видеолар пайдо бўлса ҳам, Украина ҳукумати ҳам рақиб самолётлари йўқ қилингани фактини тасдиқловчи далилларни ҳадеганда эълон қилавермайди.

Уруш шароитида эса бу маълумотларни мустақил текшириш деярли имконсиз.

Йўқотишлар кўпайганига нима сабаб бўлиши мумкин?

Россияликларнинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган Су-34 бомбардимончиси ҳавога кўтарилиш жараёни

Киевнинг уриб туширилган самолётлар сони тез кўпайгани ҳақидаги баёнотлари Ғарб томонидан ўқ-дорилар, жумладан ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекслари учун ракеталарни етказиб бериш сезиларли даражада кечикаётгани фонида янграмоқда.

Ҳарбий таҳлилчилар фикрича, Украина россияликларнинг самолётларини Patriot зенит-ракета комплексининг «ер-ҳаво» типидаги ракеталари билан уриб тушириши мумкин. Американинг Forbes нашрига кўра, Украина нафақат Patriot, балки норвегларнинг NASAMS зенит-ракета комплексларини ҳам қўлламоқда.

Шу билан бирга, BBC Украина хизматининг Бош разведка бошқармасидаги манбаси 23 феврал куни Россия ҳудудидаги А-50 разведкачи самолётига советларнинг С-200 зенит-ракета комплексининг такомиллаштирилган варианти орқали зарба берилганини айтган.

Британия Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) катта илмий ходими Жастин Бронк BBC учун берган интервюсида изоҳлашича, сўнгги вақтларда рус самолётлари уриб туширилиши ҳолатлари ортгани Украина Patriot тизимларини хавф остига қўйиб, россияликларнинг самолётларига зарба бериш учун уларни фронт чизиғига яқин олиб бораётганидан далолат беради.

Самолётлар уриб туширилиши ортгани ушбу самолётлар кўпинча фронт чизиғига яқин ҳудудларда ҳаракатланаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Россия Су-34 бомбардимончи самолётларидан бошқарилувчи авиация бомбалари (КАБ) ташлаш учун фойдаланади. Россия томони бундай кучли қуролларни аввалига Авдийивкада, ҳозирда эса — Часив Яр ва Кураховдаги турар жой кварталлари ва инфратузилмаларни вайрон қилиш учун кенг кўламда қўлламоқда.

Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, бошқарилувчи авиация бомбалари ҳозирда фронтдаги Украина қуролли кучлари ҳарбийлари ва тинч аҳоли вакиллари учун энг катта хавф туғдиради. Улар жуда кўп миқдорда қўлланмоқда.

Ҳарбий таҳлилчилар Украина ҳозирда Американинг Patriot тизимларини россияликлар самолётларига қарши янада фаоллик билан қўлламоқда деб ҳисоблайди. Фото: ЕРА

Украина ҳарбий-ҳаво кучлари расмий вакили Юрий Игнат «Украинская правда»га берган интервюсида самолётларни йўқ қилиш учун Patriot ва NASAMS тизимларидан фойдаланилаётганини тўғридан тўғри тасдиқламаган, аммо буни рад ҳам этмаганди.

«Бизда россияликларнинг узоқ масофадаги самолётларига етиб бориш учун зарур воситалар бор», — деган у ва ғарбнинг Patriot ва NASAMS каби зенит-ракета комплекслари биринчи навбатда йирик шаҳарлар ва мамлакат ичкарисидаги стратегик объектларни ҳимоя қилиш учун қўлланишини қайд этган, шу билан бирга, улар бир жойда турмаслиги ва доимий равишда жойини ўзгартиришини қўшимча қилган.

У россияликларнинг самолётлари рекорд миқдорда уриб туширилгани борасида бу рақиб самолётларини фронт чизиғидан узоқлаштиришга ва улар томонидан авиация бомбалари қўлланиши интенсивлигини пасайтиришга имкон берганини таъкидлаган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top