Жаҳон | 08:11 / 11.04.2024
3704
3 дақиқада ўқилади

Шрёдер Навалнийнинг интервюси туфайли Bild’га қарши судда ютқазди

2020 йилда Алексей Навалний Bild газетасига берган интервюсида Германия собиқ канцлерини «яширин тўловлар» оладиган «Путиннинг айтганини қилувчи шахс» деб атаган. Энди суд бу баёнотларни тарқатишга рухсат берди.

Герҳард Шрёдер Фото: Sean Gallup / Getty Images

Германиянинг собиқ канцлери Герҳард Шрёдер россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний билан интервюни 2020 йилда нашр этгани учун Германиянинг Bild газетасига қарши судда ютқазди. Ҳамбург суди қарори 10 апрел, чоршанба куни Шрёдер ўзининг 80 ёшини нишонлаганидан кўп ўтмай маълум бўлди. 

«Шундай экан, бу аниқ: Путиннинг асосий рақиби Алексей Навалний Путин дўсти Шрёдер ҳақида берган интервюсида айтган гапларини Bild нашри эълон қилишга ҳақли», — деб ёзади газета. 

Навалний билан суҳбат 

2020 йилнинг 7 октябрида газетада чоп этилган узун интервюсида «Новичок» билан заҳарланганидан кейин Берлинда реабилитациядан ўтган Алексей Навалний собиқ канцлерни кескин танқид қилганидан сўнг Герҳард Шрёдер Bild таблоидига қарши даъво аризаси билан чиқди.

«Шрёдер Европадаги энг қудратли давлатнинг канцлери эди. Энди эса у Путиннинг айтганини қилувчи шахс», - деди Навалний. У, шунингдек, шахсий фикрича, «Роснефт» ва «Газпром»ни кўп йиллик ўрганишга асосланиб, Шрёдер Россия Федерациясида яширин тўловларни олиши мумкинлигини айтди. «Менда оқ ва қора рангда ёзилган ҳужжат йўқ: мана, жаноб Шрёдер, сизнинг портфелингиз пулга тўла. Лекин Шрёдер махфий тўловларни олишига шубҳам йўқ», - дея таъкидлади мухолифатчи. 

Герҳард Шрёдер, ўз навбатида, махфий тўловлар ҳақидаги парчани хато деб атади ва бу вазиятда у адвокатлар ёрдамига мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтди, чунки Bild газетаси бу айбловларни ундан изоҳ сўрамасдан эълон қилди. Даъво аризасида у Навалнийнинг баёнотларини тарқатишни суд томонидан тақиқлашни талаб қилди. Энди, судда ютқазиб, Шрёдер апелляция бермади ва шунинг учун барча суд харажатларини қоплашга мажбур бўлади. 

Германия собиқ канцлери Кремл манфаатлари лоббичиси сифатида 

Герҳард Шрöдер 1998 йилдан 2005 йилгача Германия канцлери лавозимида ишлаган ва «қизил-яшил» деб номланган коалиция ҳукуматини бошқарган. 2005 йилги сайловларда мағлуб бўлгач ва истеъфога чиққанидан сўнг у Владимир Путиннинг таклифини қабул қилди ва 2006 йилдан Nord Stream AG акциядорлар қўмитасини, 2017 йилдан эса «Роснефт» директорлар кенгашини бошқариб келмоқда. Шрёдер бу лавозимни 2022 йилнинг май ойида, Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан кўп ўтмай тарк этган. 

Мавзуга оид