07:33 / 19.04.2024
3191

Писториус Украинанинг ғалаба қозониш имкониятига ишонишда давом этмоқда

Германия мудофаа вазири Украина Россия билан урушда ғалаба қозониши мумкинлигига ишончини йўқотмаяпти. Бунга эришиш учун, Борис Писториуснинг сўзларига кўра, Германия ҳамма нарсани қилиши керак.

Фото: AP

Украинанинг сўнгги пайтларда фронтдаги муваффақиятсизликларига қарамай, Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳамон Киев Россия билан урушда ғалаба қозониши мумкинлигига ишонади. 18 апрел, пайшанба куни чоп этилган Focus журналига берган интервюсида Писториус бу саволга ижобий жавоб бериб, Германия «бунинг учун қўлидан келганини қилиши кераклигини» қўшимча қилди.

Айнан шунинг учун ҳам, дея таъкидлади мудофаа вазирлиги раҳбари, Германия Бундесвер захираларидан қурол-яроғларни узатишда «оғриқ чегарасига» яқинлашмоқда. Бир неча кун олдин эълон қилинган учинчи Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг Киевга етказиб берилишини тилга олган Писториус энди катта имкониятларни кўрмаётганини таъкидлади. «Шунинг учун биз тўғридан тўғри саноат томонидан қўллаб-қувватлашни оширишда давом этамиз», деди у. 

Германия мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини сусайтирмаслиги керак 

Борис Писториус Германия ўз мудофаасини кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бўшаштирмаслиги керак, деди. Унга кўра, Россия президенти Владимир Путин «ҳар қандай заифликни қидирмоқда ва ундан фойдаланмоқда». Айни пайтда, вазир фикрича, Германия «урушга тайёр бўлиши» учун яна кўп йиллар керак бўлади. Унинг сўзларига кўра, Германия совуқ уруш даврида бўлгани каби ўз салоҳиятини тиклаши керак. «Бундай вазиятда ғалаба қозониш учун ирода ва қобилиятга эга бўлишимиз керак», деди Писториус эҳтимолий ҳужум ҳақида ва Германия 2030 йилгача бундай қобилиятга эришиши кераклигини қўшимча қилди. 

Мудофаа вазирлиги раҳбари сўзларига кўра, Бундесвернинг жанговар тайёргарлигини ошириш учун янги маблағ керак - 2025 йил учун у бу эҳтиёжни 6,7 миллиард еврога баҳолаган. «Бундесверни модернизация қилиш ва Украинани қўллаб-қувватлаш учун ҳозирги бюджетдан молиялаш мумкин бўлмаган миллиардлаб маблағ керак бўлади», - дейди Борис Писториус.

Top