12:52 / 15.05.2024
3377

Bloomberg: АҚШ яна бир Patriot тизимини Киевга топшириши мумкин

«Янги Patriot тизими учун маблағлар яқинда Конгресс томонидан маъқулланган 61 миллиард долларлик ёрдам пакетидан ажратилади», деб ёзади агентлик. 

Фото: TASS/ABACA

Қўшма Штатлар Киевга яна бир Patriot ҳаво мудофаа тизимини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 15 май, чоршанба куни эрталаб Bloomberg манбасига таяниб ёзди

Таъкидланишича, бу масала АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятида Россия Федерациясининг шиддатли ҳужумларига учраган Украина ҳаво мудофаасини яхшилаш зарурати фонида муҳокама қилинмоқда. Гап битта батареяни радарлар билан комплекти ҳақида боряпти. Шу билан бирга, айни пайтда Украинанинг Европадаги иттифоқчилари томонидан ўз захираларидан Киевга қўшимча ҳаво мудофаа тизимларини ўтказиш имконияти таҳлил қилинмоқда, дейилади хабарда. 

14 май куни эълон қилинмаган ташриф билан келган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенга Киевда бўлиб ўтган учрашувда Украина президенти Володимир Зеленский Украина Қуролли кучларига фақат Харкивни ҳимоя қилиш учун иккита Patriot тизими кераклигини айтди, деб эслатади Bloomberg. 

«Янги Patriot тизими учун маблағлар, эҳтимол Конгресс томонидан яқинда маъқулланган 61 миллиард долларлик ёрдам пакетидан ажратилади», деб ёзади агентлик. Оқ уй Хавфсизлик кенгаши ва Пентагон бу маълумотга хабар эълон қилинган вақтда изоҳ бермади. 

Ғарб иттифоқчилари томонидан Киевга Patriot тизимларини тақдим этиш 

Шу билан бирга, Украинанинг «Суспiльне» интернет нашри 23 апрел куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Киев ўз иттифоқчиларидан тўртта қўшимча Patriot батареяларини олиш устида иш олиб бораётганини айтганини эслатади. 

Апрел ойи охирида Германия канцлери Олаф Шолц НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашувда яна бир бор европалик иттифоқчиларни Украинани ҳаво мудофаасини кучайтириш нуқтайи назаридан фаолроқ қўллаб-қувватлашга чақирди. Шу муносабат билан Германия ҳукумати раҳбари Вашингтоннинг Украинага кўп миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарорини олқишлади ва Берлин учинчи Patriot ҳаво мудофаа тизимини Киевга топширганини эслатиб ўтди.

«Фурсатдан фойдаланиб, европалик дўстларимиздан Украина ҳаво мудофаасини қўллаб-қувватлаш учун бу борада бирор нарса қила оладими ёки йўқми, шуни аниқлаш учун ўз захираларини яна бир бор кўриб чиқишларини сўрайман», — дея қўшимча қилган Шолц. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top