Спорт | 12:37 / 07.07.2024
19346
9 дақиқада ўқилади

Бразилия Копа Американи тарк этди

Яримфинал жуфтликлари маълум. Винисиуснинг «Олтин тўп» учун имкониятлари пасайди.

Фото: Getty Images

6 июл кунги ўйинлардан кейин Аргентина ва Канада ортидан Колумбия ва Уругвай ҳам Америка Кубоги яримфиналига чиқди.

Кам футбол, кўп фол

Уругвай – Бразилия 0:0. (Пеналтилар бўйича: 4:2)
Уругвай – Рочет, Оливера, Арауҳо (Ҳименес, 33), Виня (Касерес, 46), Валверде, де ла Крус (Бентанкур, 67), Угарте, Араухо, Пеллистри (Варела, 78), Нандес, Нунес (де Арраскаэта, 78).
Бразилия – Алиссон, Данило, Маркинйос, Милитао, Арана, Лукас Пакета (Дуглас Луис, 81), Бруно Гимараэс (Эванилсон, 87), Гомес (Перейра, 81), Рафиня (Савио, 82), Родриго (Мартинелли, 87), Эндрик.
Огоҳлантиришлар: Лукас Пакета (39), Угарте (51), де ла Крус (60), Гомес (64).
Четлатиш: Нандес (74).

Бразилия ва Уругвай – Копа Америка турнирининг финалдан олдинги финал мақомида эди. Аммо жамоалар турнир чоракфиналидаёқ тўқнаш келишди. Уругвай гуруҳ босқичини жуда кучли ўтказди ва 9 очко билан биринчи ўринни эгаллади, бразиллар ўйинида эса муаммолар кузатилди. Ўйиндан олдин яққол фаворит йўқ эди.

Бразилия устози Доривал Жуниор Уругвайга қарши ўйинда Винисиуснинг ёрдамига таяна олмасди. Вингер гуруҳ босқичида иккита сариқ карточка ишлагани туфайли ўйинни ўтказиб юборди. Шунинг учун ниҳоят Эндрик бошланғич таркибдан ўрин олди. 17 ёшли юлдуз – бразиллар таркибидаги ягона «тўққизлик». Винисиус йўқлиги муаммосини мураббий Родригони ҳужум учлигининг чап қанотига қўйиш орқали ҳал қилди. Бу унга «Сантос»да ўйнаган давридан буён қадрдон бўлган позиция ва ўтган мавсумнинг иккинчи қисмида Карло Анчелотти ҳам уни шу қанотда муваффақиятли ўйнатди. Аммо фарқи шундаки, ўша ўйинларнинг аксарида «Реал» фаворит эди, ҳозирги Бразилия эса бундай мақомга эга эмас. Айниқса Марсело Биелса бошқаруви даврида жуда яхши ўйнаётган Уругвай фонида. Унинг жамоаси ўзининг энг яхши ўйинларида ўз ўйинини намойиш этмоқда ва рақибга ўйнашга имкон бермаяпти. 

Ўйиннинг биринчи бўлимида жамоалар футбол эмас, кўпроқ кураш намойиш этди. Бразилия ҳам, Уругвай ҳам мунтазам равишда рақибни тўхтатиш учун қоида бузди ва 45 дақиқа давомида жами 18 фол (13 таси уругвайликлар томонидан) қайд этилди. Шундай тўқнашувлардан бирида Рафиня «Барселона»даги Арауҳога ташланганида футболчилар ўртасида муштлашув бошланиб кетишига сал қолди.

Қизиқарли томони, бош ҳакам Дарио Эррера футболчиларни сариқ карточкалар билан тинчлантиришга уринмади. Биринчи огоҳлантириш фақат 39-дақиқага келиб берилди, Лукас Пакета Николас де ла Круснинг оёғига очиқчасига тепганди.

Доимий тўхталишлар ва кўп миқдордаги фоллардан ижодкор футболчилар азият чекди. Дастлабки ярим соатда Уругвай ҳам, Бразилия ҳам хавфли вазиятлар ярата олмади. Кейин эса уругвайликлар форварди Дарвин Нунес илк голли вазиятдан фойдалана олмади. Бразилия жарима майдонига узатмадан кейин у ёлғиз қолдирилганди, аммо унинг бош билан йўллаган зарбаси тўсин устидан ўтиб кетди. Бунга жавобан бразиллар ҳам ўз вазиятига эга бўлди. Рафиня Уругвай жарима майдонида тўп билан таъминланди, аммо дарвозабон Серхио Рочет жамоасини қутқарди. Кўп ўтмай бразиллар вингери яна шундай вазиятга эга бўлди – аммо яна фойдалана олмади.

Биринчи бўлимдаги ёдда қоларли яна бир вазият уругвайликлар ҳимоячиси Роналд Арауҳо жароҳат олиши бўлди. У бел соҳасидаги жароҳат туфайли майдонни тарк этишига тўғри келди.

Дастлабки 45 дақиқаликда оз бўлса-да хавфли вазиятлар яратилган бўлса, иккинчи бўлим ҳақиқий қирпичоққа айланди. Бразилия ва Уругвай футбол билан эмас, тўп иштирокидаги яккакураш спорти билан шуғулланди. Энди ҳакам карточка тарқатишдан тортиниб ўтирмади ва уч марта сариқ карточкаларни чўнтагидан чиқарди. 74-дақиқада эса қизил карточка ҳам. Уругвайнинг ўнг қанот ҳимоячиси Наитан Нандес Родриго Гоэсга ортдан зарба берди. У бразиллар вингерига оғир жароҳат етказиши ҳам мумкин эди. Аввалига Нандесга сариқ кўрсатилганди, видеотакрордан кейин эса арбитр қарорини ўзгартириб, уругвайлик футболчини майдондан четлатди.

Уругвай бош мураббийи Марсело Биелса футболчи алмаштиришлар орқали ўйинга таъсир кўрсатди. Доривал Жуниор эса майдонда илк дақиқалардан ҳаракат қилган бошланғич таркибга ишонишда давом этди. Ҳолбуки Америка Кубогида қўшимча бўлимларда вазиятни ўзгартириш имкони йўқ, чунки турнирда овертаймлар бўлмайди, дарҳол пеналтилар сериясига ўтилади. Шундай экан, Бразилия бош мураббийи янги футболчилар билан ўйинни кучайтиришга уринмагани тушунарсиз. У фақат 81-дақиқага бориб учталик алмаштириш қилди: Андреас Перейра, Дуглас Луис ва Савио тушди. Унинг Копа Америка давомидаги ҳаракатлари ва қарорларини тушуниш қийин бўлмоқда.

Сон жиҳатдан устунлигига қарамай, Бразилия Уругвайни босиб ташлай олмади. Жамоа умуман рақиб жарима майдонини штурм қилмади. Уругвайликлар рақиб ҳужумларини катта қийинчиликсиз бартараф этди. Бразилия ҳужум чизиғида қатор кучли ижрочиларга эга бўлишига қарамай, мураббий уларнинг имкониятидан фойдалана олмаяпти.

Ўйиндан кейинги пеналтилар сериясида эса Уругвай устун келди. Бразилияда ҳимоячи Эдер Милитао ва таянч яримҳимоячиси Дуглас Луис хато зарба берди: улардан биринчисининг ёмон зарбасини Рочет осон қайтарди, иккинчисининг зарбаси эса устунга тегди. Алисон Хосе Мария Ҳименеснинг зарбасини қайтариб, умид пайдо қилганди. Аммо Мануэл Угарте якуний натижани ўрнатди – 4:2.

Бразилия турнир давомида зерикарли ва кучсиз ўйин кўрсатиб, ҳақли равишда уйига қайтди. Энди мухлислар финалда Аргентинага қарши классикага гувоҳ бўлишмайди. Шу билан бирга, бразилларнинг ҳозирги жамоаси ҳал қилувчи баҳсга чиқиб бориши адолатсизлик бўлган бўларди. Раҳбарият Доривал Жуниорни бош мураббий лавозимида қолдириш масаласини қайта кўриб чиқиши керак бўлади. Бу натижанинг яна бир жиҳати: Винисиуснинг «Олтин тўп» учун имконияти кескин пасайди. У энди қитъа чемпионлиги учун имкониятини йўқотди, бир кун олдин Аргентина билан пеналтилар сериясида Эквадорни мағлуб этган Месси эса – йўқ.

Мағлубиятсиз 27 ўйин

Колумбия – Панама 5:0
Голлар:
1:0 – 8 Кордоба, 2:0 – 15, пеналти Ҳамес, 3:0 – 41 Диас, 4:0 – 70 Риос, 5:0 – 90+4, пеналти Борха.
Колумбия – Варгас, Мунос (Аряс, 73), Санчес, Куэста, Мохика, Урибе, Аряс (Карраскал, 66), Риос, Ҳамес (Кинтеро, 73), Диас (Синистерра, 65), Кордоба (Борҳа, 79).
Панама – Москера, Блэкмэн (Герреро, 46), Мурилло, Миллер (Ҳарви, 46), Кордоба, Фаринья, Дэвис (Валенсия, 83), Кристиан Мартинес (Айярса, 62), Уэлш, Фаҳардо (Диас, 85), Барсенас.
Огоҳлантиришлар: Урибе (45), Уэлш (54), Фариня (64), Кордоба (90+2).

Гуруҳ босқичида сенсация кўтариб, АҚШни ортда қолдирган ҳолда иккинчи ўрин билан чиққан Панама плей-оффнинг илк босқичидаёқ шармандали ҳисобда ютқазди.

Ўйин стартидаёқ Ҳамес Родригеснинг бурчакдан узатган тўпини Кордоба дарвоза тўрига йўллаб, ҳисобни очди. Ҳамес бу турнирда ўз фаолиятининг энг яхши даврларидаги каби ўйнамоқда, Панамага қарши ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ сардор Колумбияга яримфинал йўлланмасини кафолатлади. Самарали корнердан етти дақиқа ўтиб у пеналтини бенуқсон ижро этди. Фаворитнинг учинчи голи эса — бир вақтнинг ўзида ўйиннинг безаги ва панамаликларнинг ҳақиқий даражасини ифодаловчи вазият бўлди. Панамалик футболчилар колумбияликлар майдоннинг ўз томонидаги қисмидан жарима зарбасини қандай ижро этишини ўйлаб турганида Ҳамес бир ҳаракатда тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб берди, Луис Диас эса тўпни дарвозабон устидан ошириб, тўрга жойлади ва трибунада ўтирган отасини хурсанд қилди.

Шу билан бирга, Панама биринчи бўлим давомида кучли дақиқаларни ҳам ўтказди ва камида битта голга лойиқ ўйнади. Колумбияликларни ёқимсиз ҳолатдан устун ва Варгаснинг реакцияси қутқарди. Натижада таблода 2:1 ўрнига 3:0 ҳисоби порлай бошлади ва Нестор Лоренсо жамоасидан иккинчи бўлимда хотиржамлик билан ғалабани ушлаб қолиш талаб этиларди. Аммо фаворит темпни пасайтириш ҳақида ўйламади ва ҳисобни йирик даражага келтирди (турнирда ўн йил ичидаги энг йирик ҳисоб).

Тўртинчи гол урилган вазиятда рақиб жарима майдонида Мунйосга қўполлик ишлатилди, аммо тўп колумбияликларда қолгани учун бош ҳакам ҳуштагини чалишга шошилмади, тўпга эга чиққан Риос эса жарима майдони ташқарисидан ракета зарбаси билан дарвоза тўрини ишғол этди. Қўшимча дақиқаларда эса панамаликлар дарвозасига яна бир бор 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди ва Борҳа Колумбиянинг Америка Кубоклари тарихидаги энг йирик ғалабасини расмийлаштири. Бу жамоа 27 ўйиндан буён мағлубият билмаяпти ва ўз соч турмаги билан ҳамон трибуналарга келадиган колумбиялик мухлисларни илҳомлантирадиган Карлос Валдерамма авлоди даврида ўрнатилган рекордни такрорлади.

Яримфинал жуфтликлари (Тошкент вақти билан):

  • 10 июл. Аргентина — Канада (5:00)
  • 11 июл. Уругвай — Колумбия (5:00)
Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид