Жамият | 20:16 / 19.08.2024
6199
8 дақиқада ўқилади

Иссиқлик насослари – ёзда ҳам, қишда ҳам камхаражат, хавфсиз ва самарали ечим

Газ таъминоти бўлмаганда кам энергия билан уйни иситиш, марказлашмаган ҳолатда ҳам иссиқ сув билан таъминланган хонадонда яшаш мумкин. Иссиқлик насослари иситиш, совитиш, иссиқ сувни етказиб беришни ўз зиммасига олади. БМТТДнинг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси орқали бу насосларни ўрнатиш ва фойдаланишни бошлаш мумкин.

Иссиқлик насослари – мўътадиллаштирувчи қурилма

Иссиқлик насослари хона ҳароратини иситиш ва совитишга хизмат қилувчи қурилма бўлиб, у энергияни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш орқали ҳавони мўътадиллаштириш вазифасини бажаради. Қурилманинг ўзига хос томони шундаки, у тупроқ, ҳаво, ер ости ва ер усти сувлари каби энергия манбаларидан иссиқликни олиб, бино ичига йўналтиради ва жараёнда оз миқдорда энергия сарфлайди.

Қурилмадан фойдаланиб келаётган хонадон эгалари унинг фойдали жиҳатларини таъкидлади:

“Бундан 6 ой аввал иссиқлик насоси ўрнатганмиз. Илгари электр котёлдан фойдаланганмиз, тоғ шароити бўлгани учун фақат электр бор, газ йўқ. Ўша пайтда тариф бўйича тахминан 5 млн сўмлик электр ишлатганмиз. Иссиқлик насоси ўрнатганимиздан кейин бир ойлик харажатимиз 1,5 млнга тушди. Яъни бир ойда 3-4 баравар қисқарди. Тошкент шаҳрида ҳам уйим бор, у ерда яшаганимизда газдан фойдаланиб иситамиз, ҳисоблаб кўрсам газдан ҳам 15-20% арзонга тушди. Баъзида шаҳар ташқарисидаги уйимизда газ йўқлигидан хафа бўлардик. Энди қарасам иссиқлик насослари билан харажатларимиз газдан ҳам арзонга тушяпти. Чунки тоғ шароитида баъзида ҳарорат -20 даражага тушиб кетади, қор кўп бўлади, уйни иситиш учун электр котёллар кўп электр сарфлайди. Ҳозир эса бу уйда яшаш бизга шаҳардаги уйимизда яшагандан кўра арзонга тушяпти, чунки иссиқлик насослари ҳам иссиқ сувни етказиб беради, ҳам уйни иситиб беради. Яқинда қуёш панеллари ўрнатиб харажатларимизни янада камайтирмоқчимиз”.

Қурилма қандай ишлайди?

Иссиқлик насослари ихчам, тежамкор ва экологик тоза тизим бўлиб, у хонадоннинг ташқари қисмига ўрнатилади, Хонадон эгалари иссиқлик насосларини сотиб олишдан олдин яшаётган ҳудудидаги иқлим шароитини ҳисобга олишлари муҳим саналади. Мазкур қурилма, одатда, ҳарорат музлашдан пастга тушмайдиган, илиқроқ иқлим шароитида яхшироқ ишлайди.

Ўрнатиш жараёнида хонани иситиш ва совитиш ҳажмларини баҳолашдан тортиб, иссиқлик насосининг ўлчамини тўғри танлаш ва жойлаштириш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Соҳа мутахассиси иссиқлик насосларининг нафақат тежамкор, балки қулай ва хавфсиз эканини айтди:

“Ҳисоб-китобларга кўра, 1 кВт қувватдаги иссиқлик насослари 8 кв жойни қишда иситиб, ёзда совитиб бера олади. Масалан, ўртача 2 хонали хонадонни 60 кв деб оладиган бўлсак, уни иситиш ёки совитиш учун 8 к ли иссиқлик насоси етарли.

Бу насослар марказлаштирилган иссиқлик таъминоти бўлмаган ёки қишлоқ жойларда яшайдиган уйларга ўрнатиш мақсадга мувофиқ. Чунки бу насослар хавфсиз, бошқариш қулай, истаган вақтда ўчириш-ёқиш мумкин.

Иссиқлик насослар билан кондиционерларнинг фарқи шундаки, кондиционерлар фақат иссиқ-совуқ ҳаво ҳайдаб беради. Бу насослар эса уйни иситиши ва совитиши, иссиқ сув етказиб бериши мумкин. Ёз ойларида иссиқлик насослари хона ҳароратини 16 даражагача мўътадиллаштириб, қишда эса 20-27 даражагача иситиб бера олади”.

Иссиқлик насосларидан нафақат уйлар ва квартираларни иситиш ҳамда совитиш, жамоатчилик биноларида мўътадил ҳароратни сақлаш, саноат зоналарида иссиқликни қайта ишлаш ва энергия тежаш мақсадида, балки сув ҳавзалари ва бассейнларда сувни иситиш учун ҳам фойдаланиш мумкин.

 

 

Қурилма худди кондиционер сингари хонани иситиши ҳам ва шу билан бирга совитиши ҳам мумкин. Қиш ойларида иссиқлик насослари совуқ ташқи ҳаводан иссиқлик тўплаб, уни ичкарига ўтказади, иссиқ ойларда эса уйни совитиш учун хоналар ичидаги иссиқликни ички ҳаводан олиб, ташқарига чиқаради. Қурилма электр энергияси ёрдамида ишлайди. Уни ўрнатган хонадон эгалари ўз уйларини иситиш учун бошқа тизимларни ўрнатишлари шарт бўлмайди.

Самарадорлик ҳақида

Иссиқлик насослари, одатда, юқори самарадорлиги ва энергияни тежаш имкониятлари билан ажралиб туради. Уларнинг “ҳаводан ҳаво”га, “ҳаводан сув”га ҳамда геотермал кўринишдаги турлари мавжуд.

“Ҳаводан ҳавога” дея таснифланувчи иссиқлик насослари - ташқи ҳаводан иссиқликни ютиб, уни бинонинг ичига ўтказади ёки ёзда аксинча, ички ҳаводан иссиқликни олиб, ташқарига чиқаради. Қурилманинг бу турини хонадонларга ўрнатиш нисбатан осон ва у бошқа иситиш тизимларига қараганда арзонроқ ҳисобланади. Фақат бир ноқулай жиҳати, совуқ иқлим шароитида қурилманинг самарадорлиги пасаяди. Ҳавонинг намлиги унинг ишлашига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қурилманинг “ҳаводан сувга” деб номланган тури ташқи атмосферадан иссиқликни ютиб, уни сув тизими ёрдамида бинога ўтказади. “Ҳаводан сувга” деб номланувчи иссиқлик насослари ёрдамида тўпланган энергия одатда, сув билан хонадонни иситиш тизимлари ҳамда иссиқ сув таъминоти учун ишлатилади.

Геотермал иссиқлик насослари эса ер остидан иссиқликни тўплаб олиб, уни бинога ўтказади. Улар ер ости трубалари орқали иссиқлик етказади. Қулай жиҳати, бу каби иссиқлик насосларининг ишлашига иқлим шароити деярли таъсир ўтказмайди. Шунингдек, геотермал (ёки тупроқли) иссиқлик насослари яна бир қатор муҳим афзалликларга эга. Улар энергия сарфини 70% -80% гача камайтириши, намликни назорат қилиши, турли хил тоифадаги уйларга мос келиши билан устувор жиҳатларга эга ҳисобланади.

Субсидия асосида харид қилиш

Хўш, қурилмани ўрнатиш харажатлари қанча суммани ташкил этади ва унга сарфланган маблағ қанча вақт ичида ўзини оқлайди?

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, иссиқлик насосларини ўрнатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури доирасида аҳоли яшаш хонадонлари учун субсидиялар тақдим этилади. Бунда эркакларга 25%, аёлларга 27,5% субсидия маблағлари берилади. Субсидияни қўлга киритиш ҳақидаги тўлиқ маълумотларни қуйидаги манзиллар орқали олишингиз мумкин: t.me/BMTTDsubsidiyasi

Маълумотларга қараганда, глобал атмосфера чиқиндиларининг қарийб 40 фоизи бинолардаги уйлар ҳамда корхоналарни иситиш усуллари орқали ҳосил бўлади. Ҳавога тарқаладиган углерод чиқиндиларини камайтириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун атмосферага зарарли моддаларни чиқармайдиган, тозароқ, паст ёки нол углеродли алтернативларга ўтиш талаб этилади.

Иссиқлик насослари кўп миқдорда энергияни тежаши ва атроф-муҳитга зарар етказмаслик имкониятлари билан экологик тоза иситиш воситаси ҳисобланади. Улар атмосферага карбонат ангидрид газлари чиқарилишини сезиларли даражада камайтиради. Шу билан бирга, юқори самарадорлиги ва узоқ муддатли молиявий афзаллик келтириши сабабли иссиқлик насосларини уй-жой ва тижорат биноларида қўллаш фойдадан холи бўлмайди.

Мавзуга оид