Ўзбекистонда хусусийлаштириш: қандай хатоларга йўл қўймаслик керак?
- Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёни кенг кўламда амалга оширилмоқда, бироқ унда кўплаб хатолар ва нотўғри ёндашувлар мавжуд. Бу жараёнлар Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир қилмоқда.
- Ўзбекистон президенти 2020 йилда давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида фармон имзолади. Бу фармон билан давлат мулкини кенг кўламда хусусийлаштириш бўйича кўрсатма берилди.
- Хусусийлаштириш жараёнида шаффофликнинг етказилиши ва жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши зарур. Бу жараёнларнинг натижаси Ўзбекистон иқтисодиётининг келажагига таъсир қилади.
Ўзбекистонда кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни амалга оширилмоқда: Coca Cola, Humo ва бошқа кўплаб корхоналар хусусий мулкдорларга берилган ёки уларнинг тақдири ҳал этилишини кутмоқда. Бу жараёнларда қандай хатоларга йўл қўйилди, улар Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилди ва келажакда хатоларни қандай четлаб ўтиш мумкин? Бу ҳақда Ўзбекистоннинг энг нуфузли иқтисодчиларидан бири Юлий Юсупов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
2020 йил 27 октябрда президент «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6096 сонли фармонни имзолади. Фармонда хусусий тадбиркорларга ва компанияларга сотилиши керак бўлган корхоналар, объектлар ва давлатга тегишли бошқа активларнинг каттагина рўйхати тасдиқланган. Бошқача айтганда, президент давлат мулкини кенг кўламда хусусийлаштириш бўйича кўрсатма берган.
Сўнгги пайтларда айрим корхоналар ва активлар мазкур фармонга мувофиқ аллақачон сотилгани ёки сотилиш жараёнида экани ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўп ўқияпмиз. Шу билан бирга, мутахассислар, журналистлар ва блогерлар томонидан хусусийлаштиришни амалга ошириш усуллари бўйича кескин ва холис танқидий фикрлар билдирилмоқда. Бу вазиятни таҳлил қилишга ҳаракат қилайлик.
Фармонда аниқ ва равшан ёзилган: корхоналарни хусусийлаштириш оммавий савдолар орқали амалга оширилиши керак, яъни аукционлар орқали ва улар энг юқори нарх таклиф қилган харидорларга сотилиши керак. Хусусийлаштириш амалда қандай ўтади?
Айнан шу ерда биз жамоатчиликнинг салбий муносабатларига сабаб бўлган турли ёқимсиз «сюрприз»ларга дуч келамиз. Биринча жиддий қўнғироқ 2021 йилда Coca-Cola Uzbekistan давлат улушини сотиш вақтида янгради. Давлат улуши тендерга қўйилди ва сотиш нархи 70 миллион доллар деб эълон қилинди. Аммо кейинроқ очиқ маълумотларда Hydrolife Bottlers ўзбек компанияси Антимонополия қўмитасига мурожаат қилиб, 150 миллион доллар таклиф қилишга тайёрлигини билдирган, лекин «тендер шартлари» туфайли савдода қатнашолмагани маълум қилинган мурожаат пайдо бўлди. Шу билан бирга, яна бир компания — Perfect Shine Energetic — Коррупцияга қарши кураш агентлигига мурожаат қилди. Аксилкоррупция агентлиги тендерни тўхтатишни талаб қилди. Идора «ҳаддан ташқари юқори мезонлар ва асоссиз талаблар» савдода қатнашувчилар сонини сунъий равишда камайтириб, коррупция омилларини келтириб чиқармоқда деб топди. Якунда давлат улуши 252,28 миллион долларга турк компанияси Coca-Cola İçecek’га сотилди, бу бошланғич нархдан 3,6 марта юқори бўлди.
Бу мисол шаффоф бўлмаган хусусийлаштириш давлатга қанчалик катта зарар келтиришини кўрсатади. Бундан амалдорлар қандай коррупцион «даромад» олишини ҳам тушуниш мумкин.
Мана энди яқинда содир бўлган мисолга тўхталамиз.
Июль охирида Давлат активларини бошқариш агентлиги Humo тўлов тизимини бошқарувчи Миллий банклараро процессинг марказининг 100% улушини хусусийлаштириш жараёни бошланганини эълон қилди. 22 август куни аризалар қабул қилиш тўхтатилди. Аммо, иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий сайтида инглиз тилида ариза топшириш учун сўнгги муддат 30 август этиб кўрсатилган эди. Бакиров бу ҳақдаги маълумотни тасдиқловчи суратни эълон қилди ва бир неча хорижий инвесторлар мана шу муддатни инобатга олиб, ўз аризаларини топшира олмаганликларини айтди. Бакировнинг фикрича, «бунинг сабаби муддатларни атай чалкаштириш орқали даъвогарлар сонини камайтириш бўлиши мумкин».
Ушбу ҳолат Қозоғистоннинг Kaspi финтех гуруҳи Humo тўлов тизими сотуви бўйича савдоларда иштирок этишини эълон қилганидан сўнг янада кўпроқ муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ажойиб хабар, чунки Kaspi — ўзининг самарадорлигини исботлаган кучли молиявий ташкилот. Аммо дарҳол шубҳалар пайдо бўлди, «санадаги чалкашлик» айнан олдиндан белгиланган ғолибга «эшикларни очиб бериш» мақсадида қилинган бўлиши мумкин. Kaspi’нинг баёноти билан боғлиқ яна бир савол туғилди: миллий тўлов тизимининг бир мижози унинг эгаси бўлиши қанчалик мақбул ва бу ҳалол рақобат тамойилларига қанчалик мос келади? Чунки Kaspi.kz (маркетплейс, тўлов тизими, банк ва йўлланмалар қидириш ва бронлаш хизмати кирган) Ўзбекистон бозорига кириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу саволга Марказий банкимиз жавоб беришга тўғри келади.
Humo бўйича хусусийлаштириш очиқ савдолар орқали ўтказилаётган бўлса-да, юзага келган «тушунмовчиликлар» савдолар натижаларини жиддий шубҳа остига қўйиши мумкин. Coca-Cola савдоларида бўлгани каби, тендерни қайта эълон қилишга тўғри келиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Шундай қилиб, бизда хусусийлаштириш жараёни, юмшоқ айтганда, шаффоф эмаслиги ва кўпинча унга йўл очган фармон талабларини инкор қилиш билан кечаётганини кўриб турибмиз. Бунинг оқибатида ҳақли савол туғилади:
Нима қилмоқ керак?
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, амалдорларга хусусийлаштиришни мустақил ва назоратсиз ўтказишни ишониб бўлмайди. Агар биз давлат мулкини сотиш бўйича қарор қабул қилиш тизимини кескин ўзгартирмасак, бизни коррупция ва жиноятларга ботган хусусийлаштириш кутмоқда. Бунда хусусийлаштиришнинг мақсадлари амалга ошмайди: самарали мулкдорларга эга бўлмаймиз (мулк «ўзиникиларга» тегади), рақобат муҳитини шакллантира олмаймиз (амалдорлар мулкка эга бўлган дўстлари ва яқинлари манфаати йўлида рақобатга йўл қўймасликка ҳаракат қиладилар), ва давлат бюджети ҳам катта фойда ололмайди.
Бундай ҳолатни олдини олиш учун хусусийлаштиришни қаттиқ жамоатчилик назорати остига олиш зарур. Жараёнлар ва процедуралар ОАВ ва фуқаролик жамияти учун имкон қадар очиқ бўлиши керак. Шунингдек, асосан ёки фақат фуқаролик жамияти вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашларини тузиш зарур, улар давлат мулки қандай сотилаётганига бефарқ бўлмаган шахслардан ташкил топиши лозим. Бу жамоатчилик кенгашлари хусусийлаштириш жараёнига оид тўлиқ маълумотларга кириш имкониятига эга бўлиши ва амалдорларнинг қарорларига вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
Ҳозирги кунда хусусийлаштириш қандай ўтиши иқтисодиётимизнинг кейинги ўн йилликдаги келажагига таъсир қилади. Қўлланилаётган моделлар ва усулларга қараб, биз ёки ривожланиш суст бўлган ва жамиятда ижтимоий табақаланиш юз берадиган коррупция ва олигархияга асосланган капитализмга эришамиз, ёки хусусий ташаббус ва рақобат билан олға интилаётган, тез ривожланувчи бозор иқтисодиётини барпо этамиз.
Юлий Юсупов,
иқтисодчи
Мавзуга оид
22:20 / 25.11.2024
Тошкентда Аския бозори ҳудуди ва бинолари 16,8 млн доллар бошланғич нарх билан сотувга қўйилди
16:31 / 25.11.2024
Хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга киритилди
15:44 / 21.11.2024
Тошкентдаги International ва Lotte меҳмонхоналари хусусийлаштирилди
11:04 / 19.11.2024