Зеленский Вашингтонда Байден ва Ҳаррис билан учрашди
АҚШ президенти Жо Байден Володимир Зеленскийни Украинани қўллаб-қувватлаш давом этишига ишонтирди ва Киевга янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди. Унинг ҳажми 2,4 миллиард долларни ташкил қилади.
Украина президенти Володимир Зеленский 26 сентябр, пайшанба куни Оқ уйда америкалик ҳамкасби Жо Байден билан учрашди. Январ ойида ваколат муддати тугайдиган Байден Зеленскийга Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонтирди. Бундан ташқари, у Қўшма Штатлар Киевга янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратишини маълум қилди, унинг ҳажми 2,4 миллиард долларни ташкил қилади. «Очиғини айтсам: Россия урушда ғалаба қозонмайди. Украина ғалаба қозонади ва биз сизнинг ёнингизда туришда давом этамиз», — деди Америка давлат раҳбари.
АҚШ Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, пакетга қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, "ҳаво-ер" синфидаги ўқ-дорилар, дронлар, хавфсиз алоқа воситалари ва бошқа ҳарбий техника киради. Байденнинг президентлик муддати тугагунга қадар АҚШ Украинага жами 8 миллиард доллар ажратиши аввалроқ эълон қилинган эди.
Бундан ташқари, Зеленский Вашингтонда АҚШ вице-президенти, ноябр ойидаги президентлик сайловларида Демократик партиядан номзод Камала Ҳаррис билан учрашди. Ҳаррис, шунингдек, Украина президентини Вашингтоннинг Киевни қўллаб-қувватлаши қатъий бўлиб қолишига ишонтирди. Бундан ташқари, у «Украинани суверен ҳудудининг муҳим қисмидан воз кечишга мажбурламоқчи бўлганларни, Украинадан бетарафликни қабул қилишни талаб қилаётганларни» танқид қилди. «Бу таклифлар Путин томонидан айтилганларга ўхшайди ва аниқ айтайлик: булар тинчлик таклифлари эмас», — дея таъкидлади АҚШ вице-президенти. AP Ҳарриснинг сўзларини сайловдаги рақиби республикачи Доналд Трамп ташаббусларининг билвосита танқиди деб баҳолади.
Украина бўйича янги йиғилиш Германияда бўлиб ўтади
Аввалроқ Оқ уй Жо Байденнинг Германияга ташрифи доирасида октябр ойида Украина бўйича "Рамштайн" форматидаги алоқа гуруҳининг навбатдаги йиғилиши ўтказилишини маълум қилганди. Ушбу йиғилишда Украинани Россия тажовузидан мудофаа қилишда қўллаб-қувватлаётган 50 дан ортиқ давлатларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 12 октябр куни Байден ва Зеленскийнинг Германияда шахсий учрашуви ўтказилиб, у ерда Зеленский тақдим этган «Украинанинг ғалаба режаси» муҳокама қилинади, дея хабар беради Вашингтон.
Мавзуга оид
23:11 / 21.12.2024
АҚШ президенти ҳукумат ишини молиялаштиришни узайтирувчи қонунни имзолади
20:35 / 21.12.2024
Байден Тайванга 570 млн долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни буюрди
18:44 / 21.12.2024
Зеленский бир қатор украиналик дипломатларни ишдан олди
19:29 / 20.12.2024