Жаҳон | 14:30 / 17.10.2024
1750
4 дақиқада ўқилади

Украина ўз портларига кузатув миссиясини юборишни сўраяпти

Украина Халқаро денгиз ташкилотига Россия армияси ўққа тутишни кучайтиргани фонида Одесса области портларига кузатув миссиясини юбориш илтимоси билан мурожаат қилди.

Андрей Сибига Фото: AFP

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Халқаро денгиз ташкилоти (ХДТ)га мурожаат қилиб, Россия армияси томонидан ўққа тутилиш кучайгани фонида Одесса области жанубидаги портларга кузатув миссиясини юборишни сўради. Бу ҳақда у 16 октябр, пайшанба куни Одессада Nordic-Baltic Eight (NB8) гуруҳи йиғилишидан кейинги брифингда маълум қилди. Унинг сўзларидан Reuters иқтибос келтирмоқда.

Сибига Россиянинг Украина портлари, дон омборлари ва фуқаролик кемаларига ҳужумлари глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солаётганини таъкидлади.

Евроиттифоқ Россияни дон кемаларига ҳужумларни тўхтатишга чақирди

Европа Иттифоқи Россияни Қора денгизда дон ташувчи кемаларга ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. 10 октябр куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг матбуот котиби Питер Стано: «Бу ҳужумлар халқаро ҳуқуқнинг очиқдан-очиқ бузилишини ташкил этади», деди.

Унинг сўзларига кўра, Қора денгизда дон ташувчи кемаларга ҳужум қилиб, Россия «Африка ва Осиёдаги ёрдамга муҳтож миллионлаб одамларнинг озиқ-овқат таъминотини хавф остига қўяди», деб хабар беради dpa агентлиги. Еврокомиссия маълумотларига кўра, Россия сўнгги пайтларда Украина донини олиб кетаётган юк кемаларига атайлаб бир неча бор ҳужум қилган.

Россиянинг Украина жанубидаги портларига ҳужуми

10 октябр куни Одесса области ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Кипер Telegramʼда Россиянинг Одесса области портларидаги инфратузилма ва фуқаролик кемаларига сўнгги учта зарбаси натижасида саккиз нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилди. Кипернинг сўзларига кўра, «Россия атайлаб тинч аҳоли ва ҳимоясиз одамларни нишонга олмоқда». Бу зарбалардан мақсад Украина ўз донини экспорт қилишига йўл қўймасликдир, деб ёзган эди у аввалроқ.

Одесса ОҲМ раҳбарининг сўзларига кўра, 9 октябр куни Россия Одесса порт инфратузилмасини баллистик ракеталар билан ўққа тутиб, Панама байроғи остидаги контейнер ташувчи Shui Spirit кемасини нишонга олган. Ушбу ҳужум натижасида камида олти киши ҳалок бўлди, яна 11 киши яраланди.

7 октябр куни Россия баллистик ракетаси Палау байроғи кўтарилган фуқаролик кемасига бориб урилди. 60 ёшли украиналик, юк ташиш билан шуғулланувчи хусусий компания ходими вафот этди. Яна беш нафар хориж фуқароси яраланган, деб хабар берди Кипер.

6 октябр куни Одесса области прокуратураси Россия Қуролли кучларининг Одесса ва областга Shahed-136 учувчисиз учиш аппарати ва «Искандер-М» баллистик ракетаси ёрдамида ҳужум қилгани, натижада юк ташувчи фуқаролик кемасига зарар етказилгани ҳақида хабар берган эди. Прокуратура маълумотларига кўра, омборлардан бирининг қўриқчиси бўлган 59 ёшли эркак тан жароҳати олиб, касалхонага етказилган.

Украина бош вазири ўринбосари Алексей Кулебанинг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги уч ой ичида Россия Украина жанубидаги портларга 60 та ҳужум уюштирган. Шу билан бирга, 300 дан ортиқ бино, 177 та машина ва 22 та кема зарар кўрган. Кулебанинг Telegramʼдаги баёнотига кўра, 79 нафар тинч аҳоли, жумладан порт ходимлари ва кема экипажи аъзолари яраланган.

Мавзуга оид