Ўзбекистон | 14:11 / 11.11.2024
12177
2 дақиқада ўқилади

Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди

ЙТҲ “Навоий-Учқудуқ” йўлида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, Nexia ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидаларини бузиб, қарама-қарши томондан келаётган Exeed билан тўқнашган.

Фото: Видеодан кадр

Навоийда инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ 9 ноябр куни соат тахминан 16:00 ларда халқаро аҳамиятга эга бўлган “Навоий-Учқудуқ” йўлида содир бўлган. Дастлабки хулосаларга кўра, Nexia ҳайдовчиси ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб бораётган транспорт воситасини қувиб ўтиш жараёнида қарама-қарши йўналишда келаётган Exeed машинаси билан тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида бир киши воқеа жойида, бир киши шифохонада вафот этган.

Кейинги вақтларда содир этилаётган ЙТҲларнинг аксариятига тезликни ошириш, қувиб ўтиш қоидаларини қўпол равишда бузиш сабаб бўлмоқда. Ҳайдовчиларнинг ўзига ортиқча ишониб юбориши, афсуски, йўлларда ўлим ҳолатларини келтириб чиқаряпти. Шу сабабли, ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни сўраб қоламиз”, деди Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёз Қосимов.

Ҳозирда ЙТҲ юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қайд этилишича, ЙТҲ сабаблари ва аниқ хулосалар тергов жараёнида маълум бўлади.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда Lacetti каналга тушиб кетиши оқибатида уч йигит ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид