Жаҳон | 11:31 / 23.11.2024
8758
4 дақиқада ўқилади

AFP: Украина Курск областидан қўшинларини олиб чиқиш ниятида эмас

Украина Қуролли кучлари Курск областидан «керак бўлганда» чиқиб кетади, деб ёзади AFP агентлиги Украина армиясидаги манбага таяниб.

Фото: picture alliance/AP

Украина Қуролли кучлари (УҚК) ҳали Курск областини тарк этишни режалаштирмаяпти ва «керак бўлгунича» у ерда қолишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда AFP агентлиги 22 ноябр, жума куни Украина армиясидаги манбаларга таяниб ёзди. Ҳисоботда қайд этилишича, Украина Қуролли кучлари ўз вақтида Россиянинг халқаро миқёсда тан олинган 1400 квадрат километрдан сал камроқ қисмини назорат қилган. Ҳозирда қарийб 800 квадрат километр уларнинг назорати остида қолмоқда.

Шунингдек, украиналик манбалар AFP агентлигига Россия армияси Донецк областида Покровск ва Курахова томон олдинга силжишда давом этаётганини айтди. Курахово яқинида у ҳар куни 200-300 метр майдонни эгаллашга муваффақ бўляпти.

Россия президенти Владимир Путиннинг Украинанинг Днипро шаҳрига зарба бериш учун Россиянинг янги «Орешник» ракетасидан фойдаланилгани ҳақидаги сўзларини шарҳлар экан, AFP манбалари Россия Қуролли кучлари арсеналидаги бундай ракеталар сони «жуда чекланган»лигини айтди. «Улардан фақат бир нечтаси бор», деди улар.

РФнинг қатор областлари ядровий доктрина янгиланиши фонида ҳужумга учради

20 ноябрга ўтар кечаси Россия Федерациясининг тўққизта минтақаси – Новгород, Курск, Орёл, Белгород, Тула, Твер, Брянск, Москва ва Смоленск областларига Украина учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) томонидан ҳужум қилинди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. Унинг версиясига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Украинанинг 44 та самолёт типидаги дронларини йўқ қилган ва тутиб олган.

Эрталаб ҲҲМ Брянск областида учта Украина учувчисиз учоғини, Орёл ва Белгород областлари узра яна иккита учувчисиз учоқни уриб туширди, дея хабар қилди мудофаа идораси.

Новгород области губернатори Андрей Никитин раислигида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Унга кўра, Котово посёлкаси аҳолиси Окуловка шаҳридаги вақтинчалик яшаш марказларига жойлаштирилган.

Astra Telegram-канали хабарига кўра, Котово посёлкасида Россия Мудофаа вазирлигининг Бош ракета-артиллерия бошқармасининг 13-арсеналига ҳужум қилинган. Губернатор арсеналга қилинган ҳужум фактини тасдиқламади.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қошидаги дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленконинг сўзларига кўра, дронлар ҳақиқатан ҳам арсеналга зарба берган.

Путин Россиянинг янгиланган ядровий доктринасини тасдиқлади

Россия президенти Владимир Путин «Россия Федерациясининг ядровий тийиб туриш соҳасидаги давлат сиёсати асосларини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармон 19 ноябр куни ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди ва дарҳол кучга кирди.

Янгиланган доктринага кўра, «ядровий давлат кўмагида ҳар қандай ядровий бўлмаган давлат томонидан Россия Федерацияси ва унинг иттифоқчиларига тажовуз қилиш», шунингдек ядровий бўлмаган воситалар, шу жумладан дронлар билан оммавий ҳаво ҳужуми уюштириш ядровий зарба учун асос бўлади.

 

Мавзуга оид