Жаҳон | 16:45 / 10.12.2024
2483
2 дақиқада ўқилади

Бразилия президенти мияга қон қуйилиши сабаб шифохонага ётқизилди

79 ёшли Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва октябр ойида ўз қароргоҳида йиқилиб тушган эди. Қон қуйилиши ушбу ҳодисанинг асорати экани айтилмоқда.

Фото: picture-alliance

Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва мияга қон қуйилиши натижасида операция қилинди, ҳозирда у ўзини яхши ҳис қилмоқда, деб хабар беради Globo нашри.

Қайд этилишича, 9 декабр куни кечқурун Бразилия президенти бошида оғриқ ҳис қилгани туфайли шифохонага ётқизилган. МРТ «19 октябр кунги бахтсиз ҳодиса оқибатида юзага келган» ички қон қуйилишини кўрсатган. Ўшанда Лула да Силва энсаси билан йиқилиб тушганди.

Шифокорлар президентни краниотомия қилган — бунда беморнинг бош суяги очилади. Операция гематомаларни олиб ташлаш мақсадида ўтказилган.

Sirio-Libanes шифохонаси баёнотида айтилишича, операция муаммосиз ўтган. «Айни вақтида президент ўзини яхши ҳис қилмоқда, интенсив терапия палатасида назорат остида қолмоқда», — дейилади хабарда.

20 октябр куни Лула да Силва соғлиғидаги муаммо туфайли Қозонда ўтказилган БРИКС саммитига ташрифини бекор қилганди. У ўз қароргоҳида бўлган вақтда йиқилиб тушган. Тиббиёт ходимлари президентга ёрдам кўрсатиб, уни шифохонага ётқизиш шарт эмас, деган хулосага келган. Лула да Силва ҳозирда 79 ёшда.

Мавзуга оид