АЭХА Запорижжя АЭСга кетаётган автомобилга дрон зарбаси ҳақида маълум қилди
Дрон Запорижжя атом электр станциясига кетаётганда АЭХА расмий автомобилига урилган ва унга жиддий зарар етказган. Зеленский Россия Федерациясини айблади.
Украинадаги Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС)га кетаётганда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) расмий автомобилига учувчисиз учоқ урилган ва жиддий зарар етказган. Бу ҳақда 10 декабр, сешанба куни АЭХА вакиллари X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Ташкилот раҳбари Рафаэл Гросси «ҳарбий можаро пайтида ядровий авариянинг олдини олиш учун ишлаётган» агентлик ходимларига қилинган ҳужумни «қабул қилиб бўлмас» деб атади.
Зеленский: «Россиянинг FPV дрони АЭХА карвонига ҳужум қилди»
Айни пайтда Украина президенти Володимир Зеленский содир бўлган воқеаларда Москвани айблади. Унинг сўзларига кўра, «Россия FPV учувчисиз учоғи атом электр станциясини ноқонуний ушлаб туришда давом этилаётган Запорижжя областида АЭХА карвонига ҳужум қилди».
«Зарба карвондаги машиналардан бирига тегди», — дея таъкидлади Украина раҳбари.
«Ушбу ҳужум Россиянинг халқаро ҳуқуқ, халқаро институтлар ва хавфсизлик билан боғлиқ ҳамма нарсага қандай қарашини яққол кўрсатди. Руслар ўз мақсадларидан бехабар қолиши мумкин эмас эди. Улар нима қилаётганларини аниқ билишган ва онгли равишда ҳаракат қилишган», — дейди у.
Украина президентининг сўзларига кўра, ҳужумга жавобан ҳам АЭХА, ҳам бошқа халқаро ҳамкорлар томонидан аниқ ва қатъий муносабат бўлиши керак. «Жимлик ёки ҳаракатсизлик фақат кейинги жиноятларни рағбатлантиради», деди Зеленский.
РФ қўшинлари Запорижжяга ҳужум қилди: 10 киши яраланди
Россия қўшинлари 19 октябр куни Украинанинг Запорижжя шаҳрига бошқариладиган авиацион бомбалар билан ҳужум қилганди. Област ҳарбий маъмурияти бошлиғи Иван Федоровга кўра, зарба натижасида камида 10 киши, жумладан, 9 ва 13 ёшли икки қиз яраланган. Болалар шифохонада ўртача оғир аҳволда, деди Федоров. 82 ёшли аёл ҳам жароҳат олган.
Россия Запорижжя марказига икки марта зарба берган. Бомбалардан бири «гипермаркетдан бир неча юз метр узоқликда тушган», деди Федоров.
Ҳужумдан бир неча соат ўтгач, Россиянинг учувчисиз учиш аппаратлари, баллистик ракеталар ва бошқариладиган авиабомбалар билан зарба бериши хавфи туфайли Запорижжя вилоятида яна ҳаво тревогаси эълон қилинди.
Мавзуга оид
22:04 / 06.12.2024
Эрон 4 та ядро каллаги ишлаб чиқариш учун етарли уранга эга — АЭХА
18:51 / 04.12.2024
Шавкат Мирзиёев АЭХА бош директори билан учрашди
13:26 / 25.11.2024
Ядро физикаси институтида АЭХА ҳамкорлик маркази ташкил этилади
08:39 / 22.11.2024