ЕМБ учта асосий фоиз ставкасини яна пасайтирди
Европа Марказий банки июн ойидан бери тўртинчи марта барча учта асосий фоиз ставкаларини пасайтирди. Унинг мақсади евроҳудуддаги инфляцияни 2 фоиз даражасида барқарорлаштиришдир.
Европа Марказий банки (ЕМБ) 12 декабр, пайшанба куни бўлиб ўтган бошқарув кенгаши йиғилишида евроҳудуддаги барча учта асосий фоиз ставкаларини 0,25 фоиз пунктга пасайтирди. Йиғилиш якунлари бўйича эълон қилинган хабарда айтилишича, 18 декабрдан бошлаб депозит ставкаси 3 фоиз, асосий қайта молиялаш операциялари ставкаси 3,15 фоиз, маржали кредитлар бўйича ставка эса 3,4 фоиз бўлади.
Бу ЕМБ еврозонада инфляциянинг секинлашуви фонида пул-кредит сиёсатини босқичма-босқич юмшатиш циклини бошлаган июн ойидан бери ставкаларни тўртинчи марта пасайтиришдир.
ЕМБ инфляцияни 2 фоизга туширмоқчи
Банк бошқаруви евроҳудудда инфляцияни 2 фоиз даражасида барқарорлаштиришни режалаштирмоқда. 2024 йил охирига бориб у 2,4 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ноябр ойида базавий инфляция 2,3 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, Германияда октябр ойида инфляция йиллик ҳисобда 2 фоизни ташкил этди. Август ойида бу кўрсаткич 1,9 фоизга, сентябрда эса 1,6 фоизга тенг бўлган. Германияда инфляция ўсишининг асосий омиллари озиқ-овқат ва хизматлар нархининг ошиши бўлди.
ЕМБ июндан бери ставкаларни пасайтирмоқда
Июн ойи бошида Европа Марказий банки евроҳудуддаги асосий ставкани 2019 йилдан бери биринчи марта йиллик 4,5 фоиздан 4,25 фоизгача пасайтирди. Ўшанда бу юмшатиш Россиянинг Украинага қарши уруши натижасида юзага келган энергия инқирози бошланганидан бери пул-кредит сиёсатидаги биринчи қадам эди.
Сентябр ва октябр ойларида яна иккита пасайиш кузатилди.