Жаҳон | 15:08
1406
2 дақиқада ўқилади

Зурабишвили Гуржистонда янги сайловлар ўтказишга чақирди

Гуржистон президенти Европарламентнинг Страсбургдаги ялпи мажлисида нутқ сўзлади. «Биз фақат иккита нарсани сўраймиз: сайловлар ўғирлангани учун овозимизни қайтариш ва Европадаги келажагимизни қайтариб бериш», деди у.

Фото: Sputnik / Владимир Умикашвили

Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили Европа Иттифоқини полиция тинч намойишчиларни бостираётган бир пайтда мамлакатдаги россияпараст ҳукуматга янги сайловлар ўтказиш учун босим ўтказишга чақирди. Зурабишвили 18 декабр, чоршанба куни Страсбургдаги Европарламент ялпи мажлисида сўзлади.

Сиёсатчи 26 октябрда бўлиб ўтган сайловлар пайтида юзага келган эҳтимолий қонунбузарликларни эслади.

«Бир қатор районлар ва айрим ҳудудларда содир бўлган зўравонликларни шахсан ўзим кўрдим, ички ишлар вазирига (Вахтанг Гомелаури) қўнғироқ қилдим ва у билан боғлана олмадим... У ҳозиргача қайтиб қўнғироқ қилгани йўқ», — деди Зурабишвили.

«Маълум маънода, биз 1921 йилга (Қизил Армия Тбилисига кирган пайт) қайтгандек ҳис қиляпмиз, чунки содир бўлган воқеа такрорланмоқда», деб таъкидлади у.

«Улар (гуржилар) содир бўлаётган воқеаларни ўз эркинлиги, келажаги ва қайсидир маънода мустақиллигидан маҳрум қилиш сифатида қабул қилади», — дея қўшимча қилди у.

АҚШ Гуржистонга қарши қўшимча санкциялар жорий этишга тайёрланмоқда

Қўшма Штатлар Гуржистонга нисбатан «яқин ҳафталарда» қўшимча санкциялар жорий этишга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда 16 декабр куни бўлиб ўтган брифингда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэттю Миллер маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Гуржистондаги демократия ҳолати ва бу демократияга путур етказаётган «Гуржистон орзуси» партиясининг ҳаракатларидан «жуда хавотирда».

12 декабр, пайшанба куни Давлат департаменти Қўшма Штатлар мамлакатдаги «демократияга путур етказиш»да айбдор бўлган йигирмага яқин Гуржистон фуқаросига нисбатан виза чекловлари жорий қилаётганини маълум қилди. Рўйхатдагиларнинг исмлари тилга олинмаган, аммо улар орасида вазирлар, парламент аъзолари ва юқори мартабали хавфсизлик ходимлари борлиги маълум.

Мавзуга оид