Ўзбекистон | 11:21 / 25.12.2024
1021
1 дақиқада ўқилади

Марказий банк Исломий молиявий хизматлар кенгашига аъзо бўлди

Ўзбекистон Марказий банки Исломий молиявий хизматлар кенгашига аъзо бўлди. 

Фото: Kun.uz

Банк хабарига кўра, кенгаш фаолияти исломий молия институтларини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқиш, самарали корпоратив бошқарув механизмлари ва риск-менежмент тизимини жорий қилиш, шунингдек, мазкур соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, тадқиқотлар олиб бориш ҳамда ушбу масалаларда кенгашга аъзо ташкилотларга кўмаклашишга қаратилган.

Мазкур ташкилотга аъзолик бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистонда исломий молия институтлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш соҳасида илғор халқаро тажрибани жорий этиш имконини беради.

Исломий молиявий хизматлар кенгаши 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, бош офиси Куала-Лумпурда (Малайзия) жойлашган. Бугунги кунда кенгашнинг 188 аъзоси, шу жумладан, 81 та тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар, 10 та халқаро ҳукуматлараро ташкилот ва 97 та бозор иштирокчилари ҳисобланади. Шунингдек, кенгашга Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон молиявий регуляторлари ҳам аъзо ҳисобланади.

Мавзуга оид