Собиқ исёнчи гуруҳлар Сурия Мудофаа вазирлигини назорат қилмоқчи
Суриянинг собиқ исёнчи гуруҳлари мамлакат Мудофаа вазирлиги қошида бирлашишга келишиб олди. Сурия муваққат ҳукумати улар ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олиш муаммосига дуч келяпти.
24 декабр, сешанба куни Суриянинг амалдаги раҳбари, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) радикал гуруҳи етакчиси, Абу Муҳаммад ал-Жулоний номи билан танилган Аҳмад ал-Шара ва исёнчи гуруҳларнинг собиқ раҳбарлари уларни тарқатиб юбориш ва кейинчалик мамлакат Мудофаа вазирлиги раҳбарлигида бирлаштириш тўғрисида келишиб олди. Бу ҳақда Reuters агентлиги иқтибос келтирган Суриянинг янги ҳукумати баёнотида айтилади.
Ўтган ҳафта Сурия бош вазири Муҳаммад ал-Башир Мудофаа вазирлиги қайта ташкил этилишини ва бу жараёнга собиқ исёнчи гуруҳлар, шунингдек, Башар Асад армиясидан қочиб кетган зобитлар жалб этилишини айтди, дея аниқлик киритади агентлик. Энди Аҳмад ал-Шара олдида кўплаб қуролланган собиқ исёнчилар гуруҳлари ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олиш вазифаси турибди, дея таъкидлайди Reuters.
ГФР дипломатлари Суриядаги исёнчилар билан алоқа ўрнатди
Dpa агентлигининг 18 декабр куни хабар беришича, 17 декабр куни Дамашқдаги немис дипломатлари илк бор «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) гуруҳи раҳбари Аҳмад ал-Шара билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатди.
«Муҳокамаларда асосий эътибор сиёсий ўтиш жараёни ҳамда Сурияда тинч тараққиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида озчиликлар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бизнинг умидларимиз бўлди», — дейилади Германия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Аввалроқ ARD телеканалининг Tagesschau ахборот дастури ўз сайтида Суриядаги исёнчилар билан музокара олиб бораётган Германия делегациясига Германия ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқ бўйича комиссари Тобиас Тункел бошчилик қилиши ҳақида хабар берган эди.
ЕИ ва БМТ Сурияда Башар Асад режими ағдарилганидан сўнг у ерда ҳокимиятни эгаллаб олган исёнчилар вакиллари билан алоқа ўрнатишга киришган. Tagesschau таъкидлаганидек, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас шу мақсадда тажрибали немис дипломати Михаэл Онмахтни Дамашққа юборди.
БМТ бош котибининг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен ҳам ал-Шара билан музокаралар олиб борган, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
22:17 / 25.12.2024
Финландия бир ҳафтада 280 минг ҳарбийни сафарбар этишга тайёр
21:08 / 25.12.2024
The Telegraph: Сурия собиқ президентининг рафиқаси Асма Асад лейкоз туфайли бошқалардан изоляция қилинди
20:48 / 25.12.2024
Эрдўған Суриядаги курд қуролли гуруҳларини «дафн этиш»га ваъда берди
19:47 / 25.12.2024