Озарбойжон самолёти Россия ракетаси сабабли ҳалокатга учраган – Euronews
Дастлабки тергов маълумотлари шуни тасдиқламоқда, деб ёзди Euronews нашри Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларга таяниб. Россия ва Қозоғистон якуний хулоса чиқаришга эрта эканини маълум қилмоқда.
25 декабр куни Azerbaijan Airlines авиакомпанияси самолётининг Қозоғистондаги ҳалокатига Россиянинг «ер-ҳаво» синфидаги ракетаси сабаб бўлган. Бу ҳақда Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларга таяниб Euronews ёзди.
Нашр суҳбатдошларига кўра, Озарбойжоннинг Боку шаҳридан Россиянинг Грозний шаҳрига учган самолёт манзилга яқинлашганида унга ракета отилган. Бу вақтда Грознийда «дронларнинг ҳаводаги фаоллиги» кузатилган. Ракета самолёт яқинида портлаб, фюзелажга зарар етказган.
Euronews манбаларига кўра, шикастланган самолёт экипажи фавқулодда қўнишни сўраган, бироқ Россиянинг бирорта аэропортига қўнишга рухсат берилмаган. Шундан сўнг уларга Каспий денгизи орқали Қозоғистоннинг Оқтов аэропортига учиш буюрилган. Мавжуд маълумотларга кўра, самолётнинг GPS-навигация тизимлари денгиз устидаги парвоз давомида тўсилган.
25 декабр куни эрталаб Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Embraer 190 самолёти Оқтов яқинида ҳалокатга учради. Самолёт бортида 67 киши, жумладан беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт ҳалокатида 38 киши ҳалок бўлди. Дастлаб, самолёт ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашув ёки бортдаги кислород бакининг портлаши сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версиялар илгари сурилди.
Оқтовдаги авиаҳалокатдан сўнг, самолётнинг дум қисми фюзелажида ўққа тутилганига ишора қилувчи кўплаб тешиклар борлиги ҳақидаги видео тарқалди.
25 декабр куни самолёт Грознийга яқинлашаётганида Россия Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украина дронлари ҳужумини қайтаришга ҳаракат қилаётган эди.
Россия расмийлари самолёт ҳалокати сабабларига изоҳ бермади.
«Тергов хулосасидан олдин ҳар қандай гипотеза қуриш нотўғри. Биз, албатта, буни қилмаймиз ва ҳеч ким буни қилмаслиги керак. Биз тергов тугагунча кутишимиз керак», деди Кремл вакили Дмитрий Песков.
Қозоғистон Сенати раиси Маулен Ашимбаев Озарбойжон самолёти ўққа тутилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияларни илгари суришни нотўғри деб атади.
«Бундай тахминларни тарқатиш нотўғри ва ахлоқсизликдир… Комиссия, мутахассислар ишлаяпти, экспертлар ҳаммасини кузатмоқда, улар ўз хулосаларини чиқаради», деди Ашимбаев.
Унинг сўзларига кўра, авиаҳалокатни текширишга Қозоғистон, Озарбойжон ва Россия вакиллари жалб қилинган. Бу мамлакатларнинг ҳеч бири ҳақиқатни яширишдан манфаатдор эмас, деб таъкидлади Сенат раиси.
Мавзуга оид
21:41 / 27.12.2024
Россиянинг Саратов областида мигрантларга яна 3 соҳада ишлаш тақиқланди
20:59 / 27.12.2024
Россия флоти замонавий атом сувости кемасига эга бўлди
19:32 / 27.12.2024
Оқтовдаги авиаҳалокат: ҳозирча жавоби йўқ саволлар
19:14 / 27.12.2024