Ўзбекистон | 11:40 / 28.12.2024
3321
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 15 ёшли қизини доимий тарзда калтаклаб келган аёл аниқланди

Болалар омбудсмани котибиятига Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро И.Қ. (эркак)нинг мурожаати келиб тушди. 

Болалар омбудсмани хабар беришича, И.Қ. ўз мурожаатида оилавий келишмовчиликлар сабабли турмуш ўртоғи Ф.Т. билан бирга яшамаётганини, ҳозирда турмуш ўртоғи томонидан вояга етмаган фарзанди З.Д.га (2009 йилда туғилган, қиз бола) нисбатан бир неча маротаба жисмоний зўравонлик қилинганини билдирган.
 
Аниқланишича, она аввал ҳам қизига тан жароҳати етказгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. 

Ота бунга қарамай зўравонлик яна давом этаётганини билдириб, фарзандининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ва турмуш ўртоғи Ф.Т.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат болалар омбудсмани сўрови асосида Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилиб, Термиз шаҳар ИИБ томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасида (суд тиббиёт экспертизаси хулосаси асосида) аёл вояга етмаган фарзандини уриб, тан жароҳати етказгани аниқланди.

19 декабр куни аёлга Жиноят кодексининг 126-модда 1-банди (оилавий (маиший) зўравонлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид