Жаҳон | 08:51 / 30.12.2024
9884
3 дақиқада ўқилади

Курдларнинг қамоқдаги етакчиси ўз гуруҳини қуролларни ташлашга чақирмоқчи

Туркия қамоқхонасида умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Абдулла Ўжалан курдларни қуролли қаршиликни тўхтатишга чақиришга тайёр. Унинг баёнотини курдпараст DEM партияси етказди.

Фото: AP

Туркиянинг Имрали оролидаги қамоқхонада умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Курдистон ишчилар партияси (КИП) етакчиси Абдулла Ўжалан КИПни қуролларини ташлашга чақиришга тайёр. Бу ҳақда курдпараст Тенглик ва демократия турк халқ партияси (DEM) икки депутатининг 29 декабр, якшанба куни берган баёнотига таяниб, Reuters хабар қилди.

Мурожаатда Ўжалан ўз партиядошларига қандай шаклда мурожаат қилиши мумкинлиги аниқлаштирилмаган.

Эрдўған Ўжаланни баёнот беришга чақирди

Ўжаланнинг баёнотидан олдин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг партиясини қўллаб-қувватловчи Туркиянинг МҲП партияси етакчиси тегишли чақириқ билан чиқди. У курд раҳбарини озод этилиши эвазига Курдистон ишчилар партиясини қуролли қаршиликни тўхтатишга чақиришни таклиф қилди. Эрдўған бу таклифни «тарихий имкониятлар ойнаси» деб атади.

Суриянинг янги ҳукумати мамлакатда курдларга қарши курашмоқчи эмас

«Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) гуруҳи етакчиси, Абу Муҳаммад ал-Жулоний номи билан танилган Аҳмад ал-Шара Al Arabiya телеканалига берган интервюсида Суриядаги ўтиш даври ҳукумати Сурия курдлар демократик кучлари (СДК) билан жанг қилиш ниятида эмаслигини айтди: «Сурия шимоли-шарқидаги инқирозни ҳал қилиш учун СДК билан музокаралар олиб борилмоқда». Сиёсатчининг сўзларига кўра, Дамашқдаги янги ҳокимиятнинг мақсади СДКни Сурия қуролли кучлари таркибига қўшишдир.

ХТШ етакчиси курдлар Сурия давлатининг ажралмас қисми эканлиги ҳақидаги фикри билан ўртоқлашди ва мамлакатни бўлиб ташлаш режаларини рад этди. «Суриянинг бўлиниши бўлмайди», деб ишонтирди у. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, янги ҳокимият Суриянинг КИП учун плацдарм бўлишига йўл қўймайди.

Абдулла Ўжалан Туркияда умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда

Курдистон ишчилар партияси асосчиси ва раҳбари Абдулла Ўжалан 1999 йилдан бери Истанбул жанубидаги Имрали оролида умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда. Туркия суди дастлаб уни ўлимга ҳукм қилган, бироқ кейинчалик мамлакатда бу жазо бекор қилинган.

Қамоққа олинишидан олдин Ўжалан Греция, Россия ва Италиядан сиёсий бошпана сўраган, аммо ҳамма жойда рад этилган. 1999 йил бошида у Грециянинг Кениядаги элчихонасида паноҳ топишга муваффақ бўлди, лекин у ердан Кения пойтахти Найроби аэропортига олиб кетилди ва Туркиядан махсус келган қўлга олиш гуруҳига топширилди.

Абдулла Ўжаланнинг сиёсатдаги йўли 1960-йилларда бошланган. 1978 йилда у Курдистон ишчилар партиясига асос солган ва кейинчалик Курдистон мустақиллигига эришиш мақсадида қуролли қаршилик сиёсатини бошлаган. Хусусан, унинг партияси Туркиядаги терактлар учун жавобгардир. Германияда КИП 1993 йилдан бери экстремистик ташкилот сифатида тан олинган. Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Австралия томонидан террорчи ҳисобланади.

Мавзуга оид