2025 йилда Аи-80 бензини сотуви чекланиши мумкин
Давлат дастури лойиҳаси билан, Евро-4 стандартидан паст ёқилғига оид чекловларни йил охиригача жорий этиш таклиф этилмоқда. 2025 йилда, шунингдек, иссиқлик марказлари ва электр станцияларида мазутдан фойдаланиш тақиқланиши (истисно билан) мумкин. Йирик шаҳарларда айрим турдаги корхоналар очилишини тўхтатиш, пластик қадоқлар бўйича утилизация йиғимини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.
2025 йилги давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳада йил якунига қадар Евро–4 стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш таклиф этилган.
Шунингдек, жорий йилда республиканинг барча ҳудудларида жойлашган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда авариявий ёқилғи сифатида фойдаланиш ҳолатлари истисно сифатида белгиланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 24 сентябр куни қабул қилинган президент қарори билан, Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилоятининг ҳудудларида жойлашган иситиш ва электр энергия ишлаб чиқариш корхоналарида ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни 2030 йилдан бошлаб тақиқлаш, Евро–4 стандартидан паст ёқилғиларни босқичма-босқич чеклашни эса 2028 йилдан бошлаш белгиланган эди.
Жорий йилги давлат дастури лойиҳаси билан, шунингдек, 2025 1 майдан бошлаб, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида қуйидаги йўналишларда янги лойиҳаларни амалга оширишни тақиқлаш таклиф этилмоқда:
- асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар;
- тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари;
- самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш;
- қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш;
- хавфлилик даражасининг I ва II синфига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.
Санаб ўтилган тоифаларга кирувчи, энергия сиғими юқори бўлган мавжуд қувватлар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан кўчирилиши мумкин.
Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрга қадар пластик қадоқларни ёки пластик қадоқларда маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда импорт қилувчиларга “тараларни қайтариш”, ушбу турдаги чиқиндиларни қабул қилувчи махсус жойлар ва ускуналарни ўрнатиш орқали йиғиб олиш ва утилизация қилиш ёки утилизация йиғимини тўлаш бўйича кенгайтирилган мажбуриятни жорий қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.
Президент фармони лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 22 январгача давом этади.
Мавзуга оид
10:14
Экологик зарарларни мажбурий суғурталаш тизими жорий этилади
17:47 / 08.01.2025
2024 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлди — тадқиқот
13:04 / 08.01.2025
Тошкент туманида аҳоли норозилигидан кейин санитар тозалаш корхонаси билан шартнома бекор қилинди
21:28 / 07.01.2025