Фан-техника | 21:24 / 08.01.2025
7272
2 дақиқада ўқилади

Sony ўзининг биринчи электромобилини тақдим этди. Нархлари ва хусусиятлари

Электромобил Honda компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Sony ўзининг биринчи электромобилини сотувга чиқарди. Лас-Вегасда очилган CES-2025 кўргазмасида Япониянинг истеъмол ва профессионал электроника маҳсулотлари гиганти Sony Honda билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги Afeela 1 электромобилини тақдим этди ҳамда янги маҳсулот нархларини эълон қилди. Ҳозирча автомобиллар фақат АҚШ бозорига чиқарилади.

Afeela 1 нинг бошланғич Origin версияси нархи 89,900 долларни ташкил этади. Кўпроқ технология ва юқорироқ статус истаган мижозлар эса Afeela 1 седанининг Signature вариантини 103 000 долларга буюртма қилиши мумкин.

Узунлиги 490 метр бўлган ҳар иккала версия 490 от кучига эга икки моторли тўлиқ электр қувват тизимига эга. 91 кВт/соат сиғимли аккумулятор билан тахминан 480 километр масофани босиб ўтиш мумкин. Максимал зарядлаш қуввати 150 кВтни ташкил этади.

Sony электромобилининг асосий хусусиятларидан бири олд панелнинг бутун кенглигини эгаллайдиган дисплейга эга рақамли “кокпит”. Орқа ўриндиқдагилар учун ҳам экранлар ўрнатилган. Уларда фойдаланувчилар Sony кино порталидан фильм томоша қилиши ёки бошқа кўнгилочар контентлардан баҳраманд бўлиши, PlayStation ўйнаши мумкин. “Мукаммал” аэродинамикага эга бўлган Afeela 1 кўплаб хавфсизлик функциялари ва ҳайдовчига ёрдам берувчи 3-даражали илғор автопилот тизимлар билан жиҳозланган.

Автомобилни 200 доллар олдиндан тўлов эвазига буюртма қилиш мумкин. Аммо янги моделни сотиб олишни истаганлар қуйидагиларни эътиборга олиши лозим: дастлабки автомобилларни мижозларга етказиб бериш 2026 йил ўрталарига режалаштирилган — у ҳам фақат АҚШнинг Калифорния штатида истиқомат қилувчилар учун.

Мавзуга оид