Жаҳон | 20:09 / 01.01.2026
9751
4 дақиқада ўқилади

Эронда намойишлар: қурбонлар бор

Эронда иқтисодий вазият кескин ёмонлашуви ва қимматчилик туфайли юзага келган оммавий норозилик намойишлари тўлқини давом этмоқда. Намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар туфайли бир неча киши ҳалок бўлган.

Фото: Yonhap

Эронда иқтисодий вазиятнинг кескин ёмонлашуви туфайли юзага келган оммавий норозилик намойишлари тўлқини давом этмоқда. Reuters агентлигининг хабар беришича, намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда бир неча киши ҳалок бўлган, бироқ қурбонларнинг аниқ сони номаълумлигича қолмоқда ва мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Fars ахборот агентлиги хабар беришича, Эрон жануби-ғарбидаги Лордеган шаҳрида намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувда икки киши, Азна шаҳрида уч, мамлакат ғарбидаги Куҳдаштда эса яна бир киши ҳалок бўлган.

Эрон давлат оммавий ахборот воситаларининг маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг камида бир нафари Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан боғлиқ бўлган «Басиж» кўнгиллилар лашкари аъзоси бўлган. Расмийларнинг таъкидлашича, у намойишчилар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларда намойишчилар орасида ҳам ўлим ва жароҳатлар борлиги айтилмоқда, бироқ Reuters бу маълумотларни мустақил равишда текшириш имкониятига эга эмаслигини таъкидлади.

Намойишлар 28 декабр куни АҚШ долларига нисбатан тарихий минимумларни янгилаган Эрон риёли курсининг кескин пасайиши фонида юзага келди. Иқтисодий инқироз юқори инфляция, озиқ-овқат маҳсулотлари, ёқилғи ва энг зарур товарлар нархининг кескин ошиши билан бирга кечмоқда, бу айниқса кичик бизнес ва аҳолининг кам таъминланган қатламларига «оғриқли зарба берди».

Дастлаб норозилик намойишлари савдогарлар ва дўкон эгаларининг норозилик намойишлари билан бошланди, улар бир қатор шаҳарларда даромадларнинг қадрсизланиши ва аҳолининг харид қобилиятининг пасайишига норозилик сифатида дўконларни ёпди. Кейинчалик уларга бошқа гуруҳлар - ишчилар, талабалар ва шаҳар четидаги аҳоли ҳам қўшилди. Вақт ўтиши билан иқтисодий шиорлар кўпинча сиёсий талаблар ва ҳокимиятни кескин танқид қилиш билан бирга кела бошлади.

Норозилик намойишлари бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг бир нечта шаҳарларида, жумладан пойтахт Теҳрон ва йирик минтақавий марказларда қайд этилган. Хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлар, кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланиш, оммавий ҳибсга олишлар, кўчаларда полиция ва хавфсизлик бўлинмаларининг кучайтирилган иштироки ҳақида хабар берилмоқда.

Эрон расмийлари тартибни тиклаш ва вазиятни барқарорлаштириш учун чоралар кўраётганини айтмоқда, шу билан бирга намойишчиларнинг иқтисодий талабларини кўриб чиқишга ваъда бермоқда. Намойишлар фонида Эрон Марказий Банки раҳбари истеъфога чиқарилди. Ҳукумат вакиллари фуқароларни хотиржамликка чақириб, «ташқи кучлар» мамлакатдаги иқтисодий қийинчиликлардан вазиятни беқарорлаштириш учун фойдаланишга уринаётганини таъкидламоқда.

Кўплаб намойишчилар мамлакатда оятуллоҳлар бошқарувини тугатишга чақирмоқда. Баъзилар монархия тикланишига ҳам қарши эмас.

Бу йилги норозилик намойишлари 2022 йилдан буён энг йириги бўлмоқда. Ўшанда мамлакат аҳолиси ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этган 22 ёшли Маҳса Аминийнинг ўлими туфайли оёққа турганди.

Вазият кескинлашмаслиги учун Теҳронда намойишлар бошланган ҳудудларда ҳозирда хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.

Мамлакат президенти Масъуд Пизишкиён унинг ҳукумати намойишчиларнинг «қонуний талаблари»га қулоқ солишини айтди.

Бироқ, бош прокурор Муҳаммад Мовоҳид Озод ҳам беқарорликни келтириб чиқаришга бўлган ҳар қандай уриниш «қатъий жавоб»га дуч келишидан огоҳлантирди.

Reuters билан суҳбатлашган таҳлилчилар таъкидлашича, ҳозирги норозилик тўлқини кўлами ва барқарорлиги билан ажралиб туради, шунингдек, иқтисодий норозилик тобора кенгроқ ижтимоий-сиёсий қарама-қаршиликка айланиб бормоқда. Бу, айниқса, давом этаётган санкциялар босими, иқтисодиётнинг таркибий муаммолари ва ҳукуматнинг аҳоли турмуш даражасини тезда яхшилаш имкониятлари чекланганлиги шароитида «янада кескинлашув хавфини оширади».

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид