Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Педофиллар учун умрбод қамоқ жазоси таклифи президент томонидан маъқулланди
Шавкат Мирзиёев 3 март куни аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини янада кучайтириш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш юзасидан таклифлар ҳамда янги ташаббуслар билан танишди. Педофиллар учун умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазони белгилаш, эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш таклифлари маъқулланди.
Тақдимотда кенг жамоатчилик, соҳа экспертларининг таклифлари ҳамда илғор халқаро тажриба асосида мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тайёрланган ташаббуслар кўриб чиқилди.
Жумладан, ижтимоий тармоқларда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган бир қатор масалалар бўйича қуйидаги таклифлар билдирилди:
– шаҳвоний шилқимлик учун белгиланган 5 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қатъийлаштириш;
– педофиллар учун умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазони белгилаш;
– Жиноят кодексининг 118- ва 119-моддаларидаги жинсий жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этган маҳкумларни манзил-колонияларга ўтказмаслик;
– Жиноят кодексининг 6 та моддасидаги жинсий жиноятлар бўйича ишларни тергов қилиш ваколатини ички ишлар органларидан прокуратурага ўтказиш;
– шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид материалларда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги бўйича прокурор қарорини олиш шартлиги;
– аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик жиноятлари билан махсус тайёргарликдан ўтган адвокатлар, терговчи ва судьялар шуғулланиши;
– зўравонликдан жабрланган ва ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар ҳимоясини кучайтириш мақсадида уларнинг телефон қурилмаларига махсус “SOS” иловаларини ўрнатиш, бунда чақирув тугмаси босилганда 5 километр радиусдаги ички ишлар ходимлари 10 дақиқада манзилга етиб келиши ва бошқалар.


Шунингдек, никоҳларнинг 40 фоизи 18-19 ёшдагилар ўртасида тузилиши, бироқ халқаро ташкилотларнинг энг мақбул никоҳ ёши 21 ёш экани, бу ёшга етган шахслар одатда молиявий мустақилликка эришиб, оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлиши ҳақидаги тавсиялари асосида қуйидаги ташаббуслар билдирилди:
– никоҳни 21 ёшга етган шахслар ўртасида тузилишини рағбатлантириш мақсадида қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш;
– давлат божидан имтиёзлар бериш йўли билан никоҳланувчилар ўртасида никоҳ шартномаси тузилишини рағбатлантириш;
– никоҳ ёшига оид қонунчиликни бузганлик учун жариманинг 15 фоизини бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларга бериш тартибини жорий этиш орқали эрта никоҳларни аниқлаш самарадорлигини ошириш;
– эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш бўйича идоралараро занжирни йўлга қўйиш, бунда қайд этилган ҳолатлар ҳақида хабар бермаслик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш;
– ҳомиладор ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан банд талаба қизлар учун таълимни давом эттириш имконини бериш орқали уларни таълимдан тушиб қолишининг олдини олиш ва бошқалар таклиф этилди.
Давлат раҳбари билдирилган ташаббусларни маъқуллаб, тегишли фармонга имзо чекди ҳамда соҳадаги янгиликларни кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Мавзуга оид
21:18 / 02.04.2026
Истиқлолнинг 35 йиллиги «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида нишонланади
18:31 / 02.04.2026
Когонда электр ва гибрид автомобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилди
19:05 / 01.04.2026
Президент Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди
11:39 / 01.04.2026