Ўзбекистон | 20:43 / 03.02.2021
16920
9 дақиқада ўқилади

Президент 2021 йилги давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги фармонини имзолади

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил – «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармонни имзолади.

Мазкур давлат дастури лойиҳаси жорий йилнинг 18–28 январ кунлари 2021.strategy.uz, jamoatchilik.uz ва regulation.gov.uz веб-порталлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

Муҳокамалар доирасида фармон лойиҳаси маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда 700га яқин, телерадиоканалларда қарийб 400та чиқиш ва эшиттиришлар эфирга узатилди.

Натижада, лойиҳа бўйича 4 мингга яқин таклифлар келиб тушди. Хусусан, давлат бошқаруви йўналиши бўйича – 1 239 та, суд-ҳуқуқ йўналишида – 479та, иқтисодиёт соҳасида – 901та, ижтимоий соҳада – 1018та, ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналишида– 146та.

 Таклифларни ҳар томонлама кўриб чиқиш якунига кўра, лойиҳага жами 50га яқин концептуал ҳамда 100дан ортиқ аниқлаштирувчи таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурида режалаштирилаётган тадбирларни молиялаштиришга умумий қиймати 29 492,7 млрд. сўм ҳамда 2 600,4 млн. АҚШ доллари ва 57,5 млн. евро миқдоридаги маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

Давлат дастури жами 274та банддан иборат бўлиб, биринчи – давлат бошқаруви йўналиши бўйича – 20та, иккинчи – суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича – 18та, учинчи – иқтисодиёт йўналиши бўйича 113та, тўртинчи – ижтимоий соҳа йўналиши бўйича 93та, бешинчи – ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналиши бўйича 30та банддан иборат вазифалар белгилаб олинган.

2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси ишлаб чиқилади
«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи Фарҳод Ишанкуловнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, фармон билан давлат дастури лойиҳасининг биринчи йўналишига 20-банд сифатида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси киритилган. Ушбу вазифа жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган дастлабки Давлат дастури лойиҳасида акс эттирилмаганди.

Шунингдек, Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ яна бир қатор таклифлар берилган. Жумладан, давлат дастури лойиҳасининг 4-бандида назарда тутилган давлат бошқаруви ходимлари сонининг ўртача 15 фоизгача оптималлаштиришни амалга оширишда меҳнат қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда қисқартиришга тушган ходимларни эгаллаб турган лавозими даражасида иш билан таъминлаш ҳамда дастур лойиҳасининг 11-бандида назарда тутилган бепул юридик ёрдам тизимини ривожлантиришни давлат томондан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи таклифлар берилган ва бу таклифлар президент фармонида акс эттирилган.

Тошкент шаҳрининг қадимий 12та дарвозаси тикланади
Тошкент шаҳрининг қадимий 12та дарвозасини тиклаш ва туризм намойиши объектларига киритиш чоралари кўрилади. Бу давлат дастурининг 221-бандида алоҳида вазифа белгилаб берилган.

«Айтиш жоизки, мазкур вазифа фуқаролардан келиб тушган таклифлар асосида давлат дастурига киритилди», дейди «Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов.

Унинг маълум қилишича, давлат дастурининг тўртинчи — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидаги 154-бандда Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида «Болалар Омбудсмани тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган бўлиб, фуқаролар таклифлари асосида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш учун масъул ижрочилар қаторида Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва келишув асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам белгиланди.

Шунингдек, давлат дастурининг мазкур устувор йўналишларининг 229- бандида педагог ходимларга малака тоифасини бериш тизимини қайта кўриб чиқиш, шаффофлик ва автоматлаштириш асосидаги янги тизимни жорий қилиш белгиланган. Фуқаролардан тушган таклифлар асосида давлат дастурига малака тоифасини тасдиқловчи сертификатни олиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда амалга ошириш имкониятини яратиш, узоқ муддатли узлуксиз педагог стажига ва олий малака тоифасига эга бўлган ўқитувчиларни аттестацияга жалб қилмаслик ва уларнинг амалдаги олий малака тоифасини сақлаш бўйича берилган таклифлар ҳам киритилди.

2021 йилда Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилари кенгаши йиллик анжумани ўтказилади
2021 йилда Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилари кенгаши йиллик анжумани ўтказилади. Бу ҳақда 2021 йилги давлат дастурининг 274-бандида алоҳида вазифа белгилаб қўйилган.

«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи Фаррух Ҳакимовнинг маълум қилишича, 2021 йилга мўлжалланган давлат дастурини амалга оширишга оид президент фармони билан давлат дастурининг дастлабки лойиҳасида назарда тутилган хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, вазмин ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга оширишга оид бешинчи йўналишига бир қатор ўзгартиришлар киритилган.

Хусусан, 18-28 январ кунлари умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган Давлат дастурининг бешинчи йўналишдаги Ўзбекистон Республикасининг шахсга доир маълумотлар соҳасидаги қонунчилигини такомиллаштиришни назарда тутувчи 252-банди ҳамда Парламентлараро дипломатияни, шу жумладан, минтақавий ва халқаро ташкилотлар (ШҲТ, ТТДҲК, МДҲ, ЕХҲТ ва бошқалар) доирасида ҳамда қўшни давлатлар билан изчил ривожлантиришга қаратилган 268-бандлар чиқариб ташланган. Бу бандлар ўрнига президент фармонининг 274 якуний бандида акс этган Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилари кенгаши йиллик анжуманини 2021 йил Ўзбекистонда ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш вазифалари киритилган.

Давлат дастури лойиҳасидаги Ўзбекистон фуқаролигини бериш бўйича талаб чиқариб ташланди
2021 йилги Давлат дастури лойиҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериш тартибини такомиллаштиришни назарда тутувчи 2021 йил 1 майдан бошлаб мамлакатимизга 2005 йил 1 январга қадар келиб, Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида доимий яшаётган, шунингдек мамлакатимизда 15 йил давомида Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган (чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган) шахслар томонидан истак билдирилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тартиби жорий қилиш бандидан президент фармони билан 15 йил давомида Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида доимий яшаб турганлик бўйича қўйилган талаб чиқариб ташланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига «Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи Нилуфар Нодирхонова маълум қилди.

Нодирхонованинг таъкидлашича, президент фармони билан 18-28 январ кунлари умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган Давлат дастури лойиҳасининг иккинчи — Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор вазифаларига қаратилган йўналишига бир қатор ўзгартиришлар киритилган.

Жумладан, фармон билан давлат дастурида Бизнес-омбудсманнинг маъмурий ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш бўйича ваколатларини аниқлаштиришни белгилашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси қонунини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган янги 32-банд киритилган. Мазкур қўшилган банд орқали Бизнес-омбудсманнинг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, шунингдек хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик ҳолатларида, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан хўжалик бошқарув органлари мансабдор шахсларига нисбатан қўлланиладиган чоралари назарда тутилган. Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишга масъул этиб, Бизнес-омбудсман, Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ҳамда Савдо-саноат палаталари белгиланган.

Автобекатларда тадбиркорлик объектларини очиш учун рухсат беришнинг шаффоф электрон тартиби жорий этилади
Туман бюджети харажатларининг 5 фоизининг мақсадли ишлатилишини якуний назорат қилиш учун туман депутатлари Кенгашида тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилиши йўлга қўйилади. Бу ҳақда 2021 йилги давлат дастурининг 48-бандида алоҳида вазифа белгилаб берилган.

Айтиш жоизки, мазкур вазифа фуқаролардан келиб тушган таклифлар асосида Давлат дастурига киритилган.

«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи Фурқат Юнусовнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, фармон билан Давлат дастурининг Иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидаги 95-бандида назарда тутилган қишлоқдан – туман марказигача ҳамда туман марказидан – вилоят марказигача транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш ва уларнинг сифатини оширишга қаратилган вазифалар фуқаролар таклифлари асосида тўлдирилиб, автобекатларда тадбиркорлик объектларини очиш учун рухсат беришнинг шаффоф электрон тартиби ва улардан фойдаланишга аниқ талабларни белгилашни назарда тутувчи вазифалар киритилди.

Шунингдек, давлат дастурининг 82-бандида ҳудудларда ташқи қарз ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш белгиланган. Фуқаролар таклифлари асосида мазкур бандда давлат хусусий шериклигига таклиф этилаётган барча объектлар бўйича маълумотлар ягона электрон порталда тўлиқ жойлаштирилишини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Мавзуга оид