Доғистон аэропортида Исроилдан учиб келган самолёт туфайли тартибсизликлар содир бўлди
29 октябр оқшомида Тел-Авивдан Маҳачқалъага самолёт етиб келишидан бироз олдин аэропортда бир неча юзлаб одамлар йиғилди. Оломон учиш-қўниш йўлагига бостириб кирган. Йиғилганлар аэропортдан чиқаётган машиналарни тўхтатган, у ердагиларнинг паспортлари текширилган.
Доғистон ҳокимияти ҳамда Россиядаги мусулмон ва яҳудий конфессиялари вакиллари Маҳачқалъа аэропортидаги тартибсизликларни қоралади.
Маҳачқалъа аэропортида 29 октябр, якшанба куни Тел-Авивдан учиб келган самолёт атрофида тартибсизликлар содир бўлди. Ҳодиса «миллатлараро адоватни қўзғатишга қаратилган ва инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишига олиб келиши мумкинлиги аниқ», деди Россия Федерациясидаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татяна Москалкова.
Унинг фикрича, Маҳачқалъа аэропортидаги тартибсизликларни қўзғатувчиларнинг мақсади «Россияда фуқаролар тинчлигини бузиш» бўлган.
Маҳачқалъа аэропортидаги тартибсизликлар
29 октябр оқшомида Тел-Авивдан Маҳачқалъага Red Wings авиакомпаниясининг мунтазам рейси етиб келишидан бироз олдин аэропортда бир неча юзлаб одамлар йиғилди. Ахборот агентлиги суратларида уларнинг баъзилари Фаластин байроқларини ҳилпиратганини кўриш мумкин. ОАВ ва Telegram-каналлари хабарларига кўра, агрессив оломон учиш-қўниш йўлагига бостириб кирган. Йиғилганлар аэропортдан чиқаётган машиналарни тўхтатган, у ердагиларнинг паспортлари рухсатсиз текширилган.
Полиция дарҳол тартибни тиклай олмади. Интернетда пайдо бўлган суратларда тартибсизликларда қатнашганлар полицияга турли нарсаларни улоқтирганини кўриш мумкин. Доғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 20 киши, жумладан, полиция ходимлари ҳам жабрланган.
Маҳачқалъа аэропорти фаолияти 6 ноябрга қадар тўхтатилди. 30 октябрга ўтар кечаси Россия гвардиясининг махсус бўлинмалари Маҳачқалъага етиб келди. Тергов қўмитасининг Доғистон бўйича департаменти оммавий тартибсизликлар факти бўйича жиноий иш қўзғатди.
Россияда ушбу хатти-ҳаракат танқид қилинди
Намойишчиларнинг хатти-ҳаракатлари Доғистон раҳбари Сергей Меликов, Доғистон муфтийси, Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси, Россия яҳудийлари конгресси ва бошқа кўплаб ташкилотлар томонидан танқид қилинди.
Мусулмон ва яҳудий диний жамоалари вакиллари «Коммерсант» газетасига берган интервюсида Шимолий Кавказдаги воқеаларни шарҳлар экан, диндошларни провокацияларга берилмаслик ва динлараро тотувликни сақлашга, расмийларни эса нима бўлганини тушуниб, жиноятчиларни жавобгарликка тортишга чақирди.
Россия матбуотига кўра, Маҳачқалъа аэропортидаги воқеалардан олдин Хасавюрт, Черкесск ва Налчикда намойишлар бўлиб ўтган, у ерда қурилаётган яҳудий маданият маркази ёқиб юборилган.
Исроил расмийлари Москвани Россия ҳудудида яҳудийлар ва исроилликларнинг хавфсизлигини таъминлашга чақирди.
Мавзуга оид
14:07 / 25.12.2024
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024