Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
Кнессетдаги 120 депутатдан 29 нафари Исроилда фавқулодда ҳолат режимини 2025 йил 25 декабрга қадар узайтиришни ёқлаб овоз берди, етти нафари қарши чиқди, қолганлари қатнашмади ёки бетараф қолди.
Исроил парламенти (Кнессет) мамлакатдаги фавқулодда ҳолат (ФҲ)ни яна бир йилга — 2025 йилнинг 25 декабрига қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар берди 24 декабр, сешанба куни Исроил ОАВ. Бу таклифни 120 депутатдан 29 нафари қўллаб-қувватлади, яна етти нафари қарши овоз берди, қолганлари қатнашмади ёки бетараф қолди.
Шундай қилиб, Кнессет ўзининг Ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати ҳамда Адлия қўмитаси тавсияларига амал қилди. Фавқулодда ҳолат мамлакат ҳукуматига фавқулодда фармонлар, хусусан, миллий қонунчиликдан устун бўлган қоидаларни чиқариш имконини беради.
Кнессет Исроилдаги фавқулодда ҳолат муддатини охирги марта шу йилнинг май ойида узайтирган эди, бироқ ўшанда унинг муддати олти ой бўлган.
ЦАҲАЛ Сурия билан чегарадаги буфер зонага кирганини эълон қилди
Суриядаги вазият ўзгариб бораётганини инобатга олган ҳолда ЦАҲАЛ қўшинларини Сурия билан чегарадаги буфер зонага «ва бир қатор бошқа жойларга Жўлан тепаликларидаги жамоалар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун» жойлаштирди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 8 декабр куни Telegramʼда эълон қилди.
«ЦАҲАЛ Суриядаги ички воқеаларга аралашмаслигини таъкидлаймиз, - дейилади баёнотда. - ЦАҲАЛ буфер зонани сақлаб қолиш ва Исроил ва унинг тинч аҳолисини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган вақтгача ўз фаолиятини давом эттиради».
Худди шу куни, 8 декабрда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурияда Башар Асад режимининг ағдарилганини олқишлаб, бу содир бўлган кунни Яқин Шарқда «тарихий кун» деб атади. Сурия ҳукмдори Асаднинг қулаши «Эрон ёвузлик ўқи»нинг марказий блокларидан бири вайрон бўлишига олиб келди, деди Исроил бош вазири Жўлан тепаликларига ташрифи чоғида.
Шу билан бирга, у Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва «Асаднинг энг муҳим тарафдорлари» бўлган Эронга қаршилик кўрсатиши Башар Асад режимининг ағдарилишида ҳам муҳим рол ўйнаган, деган фикрни билдирди. «Бу Яқин Шарқда занжирли реакцияга сабаб бўлди ва зулм қилган режимдан озод бўлишни истаганларни кучайтирди», деди Нетаняҳу.
Исроил бош вазирининг таъкидлашича, у ЦАҲАЛга Жўлан тепаликларидаги буфер зонага кириб бориш ва бу ҳудудни, шунингдек, «қўшни стратегик позицияларни» назоратга олиш буйруғини берган. «Сурия билан буфер зона бўйича 50 йиллик келишув барбод бўлди. Исроил ҳеч қандай душман кучларни чегарамизда ўрнатишга йўл қўймайди», — дея Нетаняҳу сўзларини келтирган AFP.
Мавзуга оид
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024